Техникумларга ҳам олийгоҳлар каби «spin-off» очишга рухсат берилади

14:02 24 Февраль 2026 Сиёсат
306 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан мулоқотида ўтган йилда Касбий таълим агентлиги ташкил қилиниб, ҳар бир ҳудудда ҳокимлар бошчилигида Касбий таълим кенгашлари иш бошлаганига тўхталди.

Агентлик ва ҳокимларга қайси техникумда касбга ўқитиш дастурини қайта кўриб чиқиб, иш берувчиларнинг талабига мослаш, қайси бирига касб-ҳунар ва «дуал таълим» бўйича энг яхши тажрибаларни олиб келиш кераклиги ва техникумларнинг моддий-техника базасини яхшилаш бўйича масалаларни тезкор ҳал қилиб бориш топширилди.

Ҳокимлар техникум биноси ва ерлари бошқа мақсадларда берилмаслиги, директорлари эса фаолиятига тегишли бўлмаган йиғилишга чақирилмаслиги ҳақида огоҳлантирилди.

Ҳар йили камида 100 тадан техникумни тўлиқ таъмирлаб, технологик ва талаб юқори бўлган касбларга мос ҳолда жиҳозлаш мақсад қилиб олинди.

«Дуал таълим» қамровини янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Ҳар ойда техникумларда «Касбий ривожланиш куни» ва меҳнат ярмаркалари ташкил қилинади. Техникумларга ҳам олийгоҳлар каби «spin-off» очишга рухсат берилади. Бунда ўқувчиларнинг стартап лойиҳаларига 1 миллиард сўмгача ажратилади.

Жорий йилдан худди олийгоҳ талабалари каби техникум ўқувчилари учун ҳам «Ишла ва саёҳат қил (Work and travel)» дастури асосида олти ой давомида хорижда ишлаб, қўшимча даромад топиш имконияти яратилади. Бунда дастурда иштирок этувчи техникум ўқувчиларига йўлкира харажатлари учун ссуда ажратилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер