Нурафшонда 8 тонна яроқсиз спиртнинг савдога чиқиши тўхтатиб қолинди

15:55 23 Февраль 2026 Жамият
367 0

Нурафшон шаҳрида 8 тонна истеъмолга яроқсиз спиртнинг муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Унда айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Нурафшон шаҳри бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Аниқланишича, 3 нафар фуқаро ўзаро тил бириктириб, фуқаро М.Х.га 2,4 тонна спиртни 135 миллион сўмга сотишга келишиб, шундан 1,9 тонна спиртни 108 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, фуқаро М.А.нинг Зангиота тумани, «Деҳқонобод» МФЙ ҳудудидаги хонадонидан яна 6,1 тонна спирт, 130 дона бўш полиэтилен идишлари ва идишларга қуйишда ишлатиладиган бошқа маҳсулотлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер