«Манчестер Сити» қийин ғалабага эришди, «Челси» сўнгги дақиқаларда ғалабани қўлдан чиқарди

10:50 22 Февраль 2026 Спорт
1367 0

Кеча, 21 февраль куни Англия Премьер лигасининг 27-тур баҳслари старт олди. Тур доирасидаги дастлабки учрашувда «Брентфорд» ўз майдонида «Брайтон» клубини қабул қилди.

Ушбу баҳсда ғалаба «Брентфорд»га турнир жадвалида «Ливерпуль»ни қувиб ўтиб, 6-ўринга кўтарилиш имконини берар эди. Аммо учрашув кутилмаганда меҳмонларнинг ғалабаси билан якунланди.

Ўйинда киритилган голларга Дэнни Уэлбек ва Диего Гомес муаллифлик қилди. Ушбу ғалаба эвазига «Брайтон» мусобақа жадвалида 12-ўринга кўтарилди.

Чемпионлик курашига қўшилиб қолган «Астон Вилла» ҳам ушбу турда очко йўқотди. Жамоа ўз майдонида 15-ўринда бораётган «Лидс Юнайтед»ни қабул қилди. Учрашув 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.

Ҳисоб 31-дақиқада меҳмонлар футболчиси Антон Штах томонидан очилди. 88-дақиқада эса Темми Абрахам мувозанатни тиклади.

Чемпионлик курашида иштирок этаётган Лондоннинг «Челси» жамоаси ҳам турда очко йўқотди. Клуб ўз майдонида 19-ўриндаги «Бёрнли»ни қабул қилди.

Ҳисоб 4-дақиқада Жоау Педру томонидан очилди. Иккинчи таймга қўшиб берилган учинчи дақиқада эса меҳмонлар ҳужумчиси Зиан Флемминг ҳисобни тенглаштирди. Ўйин шу ҳисоб билан якунланди.

Турнинг марказий ўйинларидан бирида «Манчестер Сити» ўз майдонида «Ньюкасл»ни қабул қилди. Учрашув 2:1 ҳисобида Пеп Гвардиола жамоасининг ғалабаси билан тугади.

«Шаҳарликлар»нинг голларига Нико ОʼРайли муаллифлик қилди. «Ньюкасл»нинг ягона жавоб голи эса Льюис Холл ҳисобида қайд этилди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов ўйинни захирада бошлади ва 45-дақиқада Рубен Диаш ўрнига майдонга туширилди. Унинг иккинчи таймдаги ҳаракатлари «Sofascore» портали томонидан 7 баллга баҳоланди.

Тур доирасидаги «Вест Ҳэм» — «Борнмут» учрашувида эса ҳисоб очилмади.

Маълумот учун, бугун ҳам АПЛ 27-тур баҳслари давом эттирилади. Турнинг марказий ўйинида «Тоттенҳэм» ўз майдонида «Арсенал»ни қабул қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер