Олий Мажлис Сенатида «Гендер тенглик фаоли» миллий танловининг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди
Фото: Акмал Муҳаммадев/«Халқ сўзи»
Жорий йилнинг 14 февраль куни Сенатда «Гендер тенглик фаоли» миллий танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева кириш сўзи билан очиб берди.
«Гендер тенглик фаоли» миллий танлови Хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, гендер тенглик ҳамда оила масалалари бўйича республика комиссияси ташаббуси билан ҳар йили анъанавий равишда ташкил этиб келинмоқда.
Танловнинг асосий мақсади ташкилотларда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган самарали сиёсатни йўлга қўйиш, илғор тажрибаларни аниқлаш ва кенг оммалаштириш, шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Тадбирда қайд этилганидек, Президент раҳбарлигида кейинги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат бошқаруви ҳамда жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишдаги устувор вазифалар янги таҳрирдаги Конституцияда, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ҳамда Гендер тенгликка эришиш стратегиясида мустаҳкам белгилаб қўйилган.
Сўзга чиққанлар мамлакатимизда хотин-қизлар масалаларига оид 110 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, яхлит институционал тизим шакллантирилганини таъкидлади. Гендер тенглик сиёсатига нафақат ижтимоий адолат тамойили, балки иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили сифатида қаралмоқда. Таҳлиллар аёлларни таълим, бандлик ва бошқарув соҳаларига кенг жалб этган давлатларда иқтисодий ўсиш суръатлари юқори эканини кўрсатади.
Парламентлараро иттифоқ маълумотларига кўра, парламентларнинг қуйи палаталарида хотин-қизлар улуши бўйича Ўзбекистон жаҳонда 15-ўринни эгаллайди. Жаҳон банки индексида эса мамлакатимиз гендер тенглик соҳасида энг тез ривожланаётган беш давлат қаторида қайд этилган, Гендер тенглик ва бошқарув индексида эса 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди.
Шунингдек, тадбирда яна бир муҳим ютуқ қайд этилди. БМТ Тараққиёт дастурининг нуфузли «Гендер тенглик бўйича кумуш нишони» (Gender Equality Seal) билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тақдирланган. Эътиборлиси, мазкур натижага Ўзбекистон МДҲ ва Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб эришган.
Қайд этилганидек, ғолиб деб топилган ташкилотларда ходимларнинг ўртача 30–50 фоизини аёллар ташкил этади, 60 нафар аёл раҳбарлик лавозимида фаолият юритмоқда. Шунингдек, 10 мингдан зиёд аёллар ходимлар касбий салоҳиятини ошириш курсларига жалб этилиб, 13 мингдан ортиқ аёлларни қўллаб-қувватлаш учун 2,1 трлн сўм маблағ ажратилган.
Танловнинг туман (шаҳар) босқичларида 1460 та, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида 455 та идора, ташкилот ва муассаса иштирок этди. Республика босқичига 100 га яқин ҳужжат тақдим этилди.
Танлов комиссияси томонидан низом талаблари асосида баҳолаш натижаларига кўра 7 та номинация бўйича қуйидаги ташкилотлар ғолиб деб топилди:
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол республика ташкилоти» – Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Марказий банк, «Навоий кон металлургия комбинати» АЖ;
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳудудий ташкилот» – Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Тошкент давлат шарқшунослик университети;
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол туман (шаҳар) ташкилоти» – Сурхондарё вилояти Узун тумани Ахборот-кутубхона маркази;
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳокимлик» – Фарғона шаҳар ҳокимлиги, Гулистон тумани ҳокимлиги;
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол нодавлат нотижорат ташкилоти» –«Меҳримиз сизга» аёллар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази ва «MILLENNIUM» ногирон ёшларнинг ижтимоий-ҳуқуқий тикланиш маркази;
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол тадбиркорлик субъекти» – «МИРЗО БОШИ» оилавий корхонаси ва «Safia» қандолат уйи;
«Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол оммавий ахборот воситаси»– Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, «Ўзбекистон 24» телерадиоканали ва «Маҳалла» газетаси.
Ғолиб ташкилотлар томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган 10 га яқин лойиҳа амалга оширилгани қайд этилди. Айниқса, бу йўналишда нодавлат нотижорат ташкилотлар фаоллиги алоҳида эътироф этилди.
Келгусида танлов доирасида маҳаллалар иштирокини янада кенгайтириш ва «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол маҳалла» номинациясини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Марказий Осиёнинг интеллектуал меросини улуғлашда янги босқич Тошкентда бошланмоқда — The Washington Post
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг