Андижонда дала ҳовлида жойлашган йирик нарколаборатория фош этилди

18:19 12 Февраль 2026 Жамият
463 0

Андижон вилоятида синтетик гиёҳвандлик воситалари тайёрлаб келинган йирик нарколаборатория фаолияти фош қилинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси раисининг матбуот котиби Ҳусан Тангриев маълум қилди.

Қайд этилишича, Божхона қўмитасининг Тошкент ва Андижон вилоятлари божхона бошқармаларининг Контрабандага қарши курашиш бўлимлари, Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент ва Андижон вилоятлари бошқармалари ҳамда Ички ишлар идоралари вакилларидан иборат махсус тезкор гуруҳ томонидан кенг қамровли тезкор-қидирув тадбирлар ўтказилган.

Тадбир давомида дастлаб Тошкент вилоятининг Зангиота туманида олдиндан кузатувга олинган шахc тўхтатилиб, текширилганида унинг ёнида 2 минг сўмлик купюрага ўралган ҳолатда 0,13 грамм «гашиш» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахснинг кўрсатмасига асосан Тошкент катта ҳалқа йўлининг Зангиота туманидан ўтувчи қисмидаги йўл четида жойлашган омбор кўздан кечирилган. Натижада бу ерда 5 дона металл ва елим идишларда синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлашда қўлланиладиган 900 литр прекурсор сақланаётгани фош бўлган.

Шундан сўнг, яна 2 нафар шахс шубҳа остига олиниб, яширин кузатилганида улар турли манзил ҳаволалар бўйича кўмиб қўйилган 100 литр суюқ ва 25 килограмм кукун кўринишидаги прекурсорларни яширилган жойидан олиб, Андижон шаҳрининг Боғишамол маҳалласидаги дала ҳовлига олиб борган.

Дастлабки текширувлар давомида маълум бўлишича, ушбу шахслар ижтимоий тармоқлардаги «Саймон» лақабли молиявий раҳнамоси кўмагида 15 минг 800 АҚШ долларига ушбу дала ҳовлини сотиб олган ва нарколаборатория ташкил қилган.

Аниқланишича, дала ҳовлида жами 26 килограмм оғирликдаги «мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситаси, номаълум кимёвий суюклик шаклидаги 5 турдаги 590 литр прекурсорлар сақланаётган бўлган.

Шундай қилиб, ўтказилган кенг қамровли ва кўп босқичли тезкор тадбирлар якунида 26 килограмм оғирликдаги «мефедрон» ҳамда синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлашда қўлланиладиган салкам 1,5 тонна прекурсорлар ва кимёвий суюқликлар, турли махсус анжомлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Билдирилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер