Тошкентда ижарага олинган уйни нарколабораторияга айлантирганлар ушланди

12:23 12 Февраль 2026 Жамият
412 0

Фото: ДХХ

Тошкент шаҳрида ижарага олинган хонадонда нарколаборатория ташкил қилган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда пойтахтда яшовчи 23 ва 18 ёшли икки нафар фуқаро Мирзо Улуғбек туманида жойлашган хонадонлардан бирини ижарага олиб, нарколаборатория ташкил қилгани аниқланган.

Тадбир давомида ушбу манзилдан «закладка» орқали тарқатиш мақсадида тайёрлаб қўйилган 1 килограмм «Мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситаси ҳамда лаборатория шароитида фойдаланиладиган анжомлар ашёвий далил сифатида олинган.

Фото: ДХХ

Шунингдек, улардан бирининг телефонида бўлган геолокация орқали, муқаддам Бектемир тумани «Учқун» МФЙ ҳудудидан ўтувчи йўл четидаги ариқ ичига яшириб қўйилган 1 килограмм «Мефедрон» моддаси ҳам олинган.

Фото: ДХХ

Бундан ташқари, тезкор тадбир давом эттирилиб, Юнусобод туманидаги хуфия жойларга яшириб қўйилган наркотикларни олиб кетиш учун келган вақтларида 6 нафар «закладчик» ҳам ушланган.

Ҳозирда мазкур наркосавдогарларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер