FT: АҚШ босими фонида Украинада президентлик сайлови ва референдум ўтказилиши мумкин

12:24 11 Февраль 2026 Дунё
455 0

Financial Times нашри хабарига кўра, Украина раҳбарияти АҚШ маъмурияти босими ортидан президентлик сайлови ҳамда тинчлик келишуви бўйича референдум ўтказиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Манбаларга таяниб хабар берилишича, Дональд Трамп маъмурияти Киевдан ушбу овоз бериш жараёнларини 15 майга қадар ташкил этишни талаб қилган. Оқ уй баҳорга қадар тинчлик музокараларини якунлаш тарафдори экани қайд этилмоқда. Акс ҳолда, Украинага таклиф этилган хавфсизлик кафолатлари хавф остида қолиши мумкин.

Нашр маълумотларига кўра, АҚШ президенти хавфсизлик кафолатлари кенг қамровли тинчлик келишувига боғлиқ эканини англатган. Ушбу келишув Донбасс бўйича муайян имтиёзларни назарда тутиши мумкинлиги ва Вашингтон уни 15 майга қадар якунлашни исташи таъкидланган.

Шу билан бирга, манбалар Украина президенти Владимир Зеленский 24 февраль — урушнинг тўртинчи йиллиги куни сайлов ва референдум ўтказилишини эълон қилиши мумкинлигини билдирган.

Бироқ Financial Times суҳбатдошлари АҚШ томони белгиланган муддатларга амал қилиш осон эмаслигини қайд этмоқда. Чунки урушни якунлаш бир қатор омилларга, жумладан, Россия президенти Владимир Путин билан тинчлик келишуви бўйича музокараларда илгарилашга боғлиқ экани таъкидланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер