«FIFA Series каби турнирлар менга жамоани ва ўйинимизни тушунишга ёрдам беради»

11:53 07 Февраль 2026 Спорт
688 0

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Ўзбекистон футбол ассоциациясининг расмий саҳифаси учун махсус интервью берди. Унда Жаҳон чемпионати, миллий терма жамоа ва бошқа мавзуларда фикр юритилди.

Жумладан, март ойидаги FIFA кунлари доирасида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган «FIFA Series» мусобақаси ҳақида Каннаваро қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

«Бу мусобақа жаҳон чемпионатига тайёргарлигимизнинг навбатдаги босқичи бўлади. Бу йиғинда ўйинимизга ва тайёргарлик режамизга янгиликлар қўшишга ҳаракат қиламиз. Лекин вақт чекланганлиги туфайли жуда кўп нарсани ўзгартиришга улгурмаслигимиз мумкин.

Клуб мураббийи билан терма жамоа мураббийи ўртасидаги фарқ ҳам аслида мана шунда. Сизда атиги ўн кун вақт бўлади. Ва шу вақт ичида жамоага ёрдам берадиган энг керакли нарсаларни топиб, футболчиларга буни сингдиришингиз керак. Ҳар сафар ана шундай.

Имконият бўлди деганда, биз жамоага фойда берадиган деталларни қўшишга ҳаракат қиламиз. Тайёргарлик эса одатдагидек давом этади.

Биз Тошкентда, ўз уйимизда, ўз базамизда йиғин ўтказамиз. У ерда нафақат майдондаги ўйинни, балки жамоа атрофидаги барча жараёнларни ҳам яхшилашга ҳаракат қиламиз. Бизда майдонда битта жамоа бор — булар футболчилар. Лекин майдон ташқарисида ҳам яна битта жамоа бор: мураббийлар штаби, мутахассислар, ходимлар. Улар ҳар доим тайёр бўлиши, майдонга тушадиган жамоа билан елкама-елка меҳнат қилиб бориши муҳим.

Мен шундай ҳисоблайман: FIFA Series каби турнирлар менга жамоани ва ўйинимизни тушунишга ёрдам беради. Ҳатто хатолар орқали ҳам. Хато қилиш муҳим, чунки айнан хатолар орқали сиз ўсишга эришасиз.

Олдинда бизни иккита ўйин кутяпти. Ўйлашимча, кучли жамоаларга қарши ҳақиқий рақобат бўлади».

Маълумот учун, Тошкент шаҳрида ўтиши режалаштирилган ушбу турнир жорий йилнинг 25-30 март саналарида бўлиб ўтади. Мусобақада Ўзбекистон миллий терма жамоасидан ташқари Габон, Венесуэла ҳамда Тринидад ва Тобаго терма жамоалари ҳам иштирок этадилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер