Қашқадарёда реабилитация тизимида янги ёндашув: тиббий муолажалардан — комплекс ижтимоий тикланишга

21:31 03 Февраль 2026 Жамият
528 0

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги раҳбариятининг Қашқадарё вилоятига амалга оширилган хизмат сафари доирасида ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган “Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази”нинг янгидан барпо этилган 96 ўринли замонавий комплекс биноси фойдаланишга топширилди. Ушбу марказ ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт сифати ва ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган мамлакатимиздаги ижтимоий ҳимоя ва реабилитация соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Бассейнда гидротерапия — сув реабилитацияси хизматлари жорий этилган.

Марказ 60 турга яқин 180 та замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланиб, реабилитация хизматларининг комплекс тизими йўлга қўйилди. Хусусан, Alter-G, лимфадренаж, мембранали гидромассаж, ТМС, ЭЭГ, рентген, ЭКГ, осма релслар, ультратовуш диагностика ҳамда барча турдаги лаборатория текширувлари жорий этилди. Бобат услубида даволаш, мануал терапия, кинезиотерапея, сенсор релаксация, логопед ва психологик хизматлар мавжуд.

Айниқса, марказда йўлга қўйилган криотерапия муолажаси мамлакатимизда саноқли реабилитация хизматларидан бири бўлиб, яллиғланиш, бўғим ва тизза касалликлари оғриқли синдромларни даволашда юқори самара бермоқда. ТМС жиҳози орқали эса беморларда нерв импулсларини ўтказиш ҳисобига ҳаракатланиш функцияларини тиклаш имконияти яратилмоқда.

Мазкур марказда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида реабилитация тизимига йўналтириш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, реабилитация марказларида бизнес жараёнларни рақамлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса хизматларни шаффоф, самарали ва фуқаролар учун янада қулай қилишга хизмат қилади.

Эътиборли жиҳати шундаки, бугун реабилитация хизматлари фақат тиббий муолажалар билан чекланиб қолмай, балки тиббий бўлмаган ижтимоий реабилитация йўналишларини ҳам қамраб олмоқда. Яъни, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз-ўзига хизмат кўрсатиш қобилиятини тиклаш, ижтимоийлашуви, жамиятга мослашуви ва мустақил ҳаёт кечиришини қўллаб-қувватлашга қаратилган хизматлар комплекс тарзда кўрсатилмоқда.

Аввалги тизимда фуқаролар асосан консерватив муолажалар билан чекланган тиббий муолажаларни олиб кетган бўлса, янги марказ фаолияти доирасида улар комплекс реабилитация хизматларини қабул қилмоқда. Бу эса даволаш самарадорлигини ошириш билан бирга, беморларнинг ҳаёт сифати ва жамиятдаги фаоллигини тиклашга хизмат қилмоқда.

Марказнинг 10 нафарга яқин шифокорлари Корея ва Япония давлатларида малака ошириб қайтган, шунингдек, Корея Республикасидан 2 нафар мутахассис жалб этилган ҳолда марказ ходимлари, тиббиёт бирлашмалари ва тизим муассасалари мутахассислари учун замонавий реабилитация бўйича ўқув машғулотлари ўтказилди.

Марказда қуйидаги касалликларга чалинган беморларга хизмат кўрсатилмоқда:

• инсулт;

• бош ва орқа мия жароҳатлари асоратлари;

• суяк-мушак тизими касалликлари;

• коксартроз;

• ревматоид артрит;

• остеоартрит;

• умуртқа поғонаси касалликлари;

• остеохондроз;

• диск чурралари;

• болалар бош мия фалажлиги.

2025 йил давомида марказга 1 400 нафардан ортиқ шахсга ордер берилган, шундан 614 нафар беморнинг функционаллиги тикланди.

Шу жумладан, фуқаро Нуриддин Бекмуродов бахтсиз ҳодиса оқибатида қўл ва оёқларида ҳаракат сезгилари йўқолган, ўз-ўзига хизмат кўрсата олмаган. Марказ мутахассислари томонидан кўрсатилган комплекс реабилитация хизматлари натижасида унинг қўл ва оёқ аъзоларида ҳаракат функциялари тикланди.

«Бугун янгидан қурилган реабилитация маркази бизга ўхшаган инсонлар учун ҳақиқий имконият яратди. Бу ерда нафақат даволаняпмиз, балки ҳаётга бўлган ишончимиз ҳам қайта тикланяпти», — дея таъкидлади Нуриддин Бекмуродов.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер