Оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш — давлат сиёсатининг устувор йўналиши
Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда ушбу йўналишда инсон қадрини улуғлаш, оилавий барқарорликни таъминлаш, хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини кучайтиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Бугун, 3 февраль куни Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг «Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2026 йилдаги устувор вазифалар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда қўмита раисининг биринчи ўринбосари Умида Абдуллаева сўзга чиқиб, ўтган йилда амалга оширилган ишлар якунлари, эришилган натижалар ҳамда 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифалар ҳақида батафсил маълумот берди:

2025 йил давомида Қўмита томонидан асосий эътибор ҳар бир хотин-қиз ва ҳар бир оиланинг муаммосини жойида ўрганиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда барқарор даромад манбаларини яратишга қаратилди. Шу билан бирга, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш, оилаларда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлаш борасида ҳам аниқ ва самарали чора-тадбирлар кўрилди.
Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, бизнесини ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, оилалар даромадини ошириш мақсадида олиб борилган тизимли ишлар натижасида 2025 йилда 2,3 млн нафар (2025 йил режа – 2 млн нафар) хотин-қизларни даромадли меҳнат билан таъминлашга кўмаклашилди ва 2024 йилга нисбатан 2,4 бараварга ортди. Шундан, 735 минг 700 нафар хотин-қизлар бўш иш ўринларига ишга жойлаштирилди.
Шунингдек, 334 минг нафар хотин-қизлар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Жумладан, Қўмита томонидан «Сайхунобод тажрибаси» асосида ҳудудий Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари орқали 103 574 нафар хотин-қизлар ўқувларга жалб этилди. Улардан ўқув курсларини якунлаган 96 752 нафар хотин-қизларга сертификатлар топширилди ва шундан 71 049 нафарининг бандлиги таъминланди.

«Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида 187 минг нафар хотин-қизлар ахборот технологиялари бўйича ўқитилди. Ўрмон хўжаликлари билан биргаликда гул, лимон, дарахт кўчати етиштирувчи, кўчат пайвандловчи, доривор гиёҳлар етиштириш бўйича 14 312 нафар аёллар ўқитилиб, тадбиркорлиги йўлга қўйилди.
Савдо-саноат палатаси, Марказий банк, Давлат активлари агентлиги билан биргаликда «Аёллар корпоратив форуми» концепцияси ишлаб чиқилиб, хонадонларда 4 231 та кичик ишлаб чиқариш цехлари, 140 та Ҳунармандчилик саноат марказлари ташкил этилди.
Бундан ташқари, 1 160 та маҳаллада Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ишга туширилди. Марказлар фаолиятини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 декабрь куни ПФ-240-сон Фармони қабул қилинди. Бугунги кунда Фармон ижросини тўлиқ ҳажмда бажарилишини таъминлаш мақсадида ишлар ташкил этилмоқда.
Шу билан бирга, ҳудудларга ташрифлар давомида 632 нафар аёллар раҳбарлик қилаётган тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан мулоқот учрашувлари ташкил этилди. Шундан 187 нафарининг муаммолари батафсил ўрганиб чиқилди, 108 нафарининг муаммолари жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди.
Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида «Ҳамроҳ» компанияси ва БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ҳамкорлигида «Аёл, бизнес, инновация» мавзусида хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича ўқув семинари ташкил этилди. Унда республика ҳудудларидан 140 нафар лидер тадбиркорлар иштирок этиб, сертификатларга эга бўлди.

Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, оилани мустаҳкамлаш борасида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини олдини олиш бўйича 416 та тақдимнома киритилди, 326 тасига таъсир чоралари кўрилди. Судларга киритилган 737 та даъво аризаларининг 683 тасига асосан суд қарорлари қабул қилинди. Низолашаётган 39 410 та оилалар муаммолари ҳамкорликда тизимли ўрганилиб, тегишли тартибда ёрдамлар кўрсатилди.
Такрорий зўравонликни олдини олиш мақсадида хотин-қизларга нисбатан зўравонлик содир этган 9237 нафар шахслар тузатиш дастуридан ўтишга йўналтирилди. Ҳуқуқбузарлик содир этган 37 368 нафар хотин-қизлар профилактик ҳисобдан чиқарилди.

25 ноябрь-10 декабрь кунлари «Аёллар ва қизларга нисбатан рақамли зўравонликларга барҳам бериш учун бирлашайлик» мавзусида тарғибот тадбирлари доирасида 27 308 та тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Шу билан бирга, 56 788 нафар хотин-қизларнинг оилаларига ҳуқуқий, 36 597 нафарига психологик ёрдамлар, 141 321 нафарига моддий ёрдамлар, 62 749 нафарининг оилаларига тиббий ёрдамлар кўрсатилди.
Маҳалла хотин-қизлар фаолларининг иш услубига кўмаклашиш, уларнинг билим ва малакаларини ошириш бўйича 5 та йўналишда 2 729 нафар маҳалла хотин-қизлар фаоллари учун малака ошириш ўқувлари ташкил этилди.
Ҳар бир оилага етиб бориш, муаммоларни барвақт аниқлаш мақсадида маҳаллаларда «Тенг хизмат кўрсатиш» лойиҳаси 28 та туман (шаҳар) да пилот лойиҳа сифатида жорий этилди. Лойиҳа доирасида 751 747 та хонадонлар хатловдан ўтказилди, жами 23 367 та муаммолар аниқланиб, ҳал этиш чоралари кўриб чиқилмоқда.
Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда ижтимоий қўллаб-қувватланаётган хотин-қизларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, уларни сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланишга кенг жалб этишга қаратилган «Рақамли аёл – янги имкониятлар даври» Форуми ташкил этилди. Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Меморандум имзоланди. «Аёллар дафтари»га киритилган 1 022 476 нафар хотин-қизларнинг 1 020 981 нафарига (99,9%) амалий ёрдам кўрсатилди.

«GAP» аёллар IT клуби лойиҳаси доирасида «Аёллар дафтари» ҳамда «Камбағал оилалар реестри» га киритилган ва бошқа хотин-қизларни рақамли саводхонлигини ошириш, сунъий интеллект ва АТ соҳасидаги бошқа йўналишларда малакасини ошириш бўйича 28 та видео дарсликлар ишлаб чиқилди ва ўқув машғулотлари ўтказилди.
Қўмита қошидаги Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти томонидан «Эрта ва яқин қариндошлар ўртасида никоҳга қарши бирга курашамиз», «Соғлом оила — келажак пойдевори» номли илмий-методик қўлланмалар, «Оилада ўзаро ишонч ва ҳурматни сақлайлик», «Бахтли оила сирлари», «Соғлом оилавий муносабатлар», «Оилавий муносабатларни мустаҳкамловчи қадриятлар» каби 14 минг нусхадан ортиқ буклетлар маҳалладаги хотин-қизлар фаолларига етказилди.
Репродуктив маслаҳат ва жамоатчилик кўмагига муҳтож оилалар билан олиб борилган профилактик тушунтириш ишлари натижасида, эрта ва қариндошлар ўртасида никоҳни режалаштирган оилаларда аниқланган 1 350 та муаммолардан 498 та салбий ҳолатлар олди олинди. 323 694 нафарининг соғлом турмуш тарзига риоя этиш тўғрисидаги фикрлари ўзгарди.

Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти билан биргаликда ёш оилаларда миллий қадриятларга асосланган фаровон ва барқарор оилаларни шакллантиришга қаратилган «Масъулиятли ота-оналик» веб-сайти ва мобил иловаси ишлаб чиқилиб, 5 модулдан иборат онлайн ўқув курслари жорий этилди.
Онкологик касалликларни эрта аниқлашни ташкил этиш борасида 3 млн 890 минг нафар аёллар онкоскрининг текширувидан ўтказилди, 3 323 нафари мутахассис текширувига юборилди. Натижада, 2 589 нафарида касаллик эрта босқичда аниқланиб, 3 245 нафари соғломлаштиришга жалб этилди.
Республикадаги 206 та туман ва шаҳарларда «Оила ва хотин-қизлар масканлари» ташкил этилди. Ушбу масканлар фаолиятига 1 083 нафар мутахассислар жалб қилиниб, 300 мингдан ортиқ хизматлар кўрсатилди. Хусусан, 168 445 нафар никоҳланувчилар, 29 780 та нотинч ва низоли оилалар, 39 985 та ёш оилалар ота-оналик дастурига ҳамда 35 937 нафар хотин-қизлар тадбиркорлик ва даромад топишга ўқитилди.

Шунингдек, 52 536 нафар хотин-қизларга психологик, 41 963 нафарига ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилди. 44 740 та оилада тиббий ва соғлом турмуш тарзи тарғиботи олиб борилди. 11 252 та низоли оилаларга медиатив, методик, консультатив ва амалий ёрдамлар кўрсатилди. 26 411 нафар хотин-қизлар фитнес ва рақс гуруҳларига жалб этилди.
«Янги Ўзбекистоннинг ибратли ҳарбий оиласи» кўрик-танлови, «Ибратли оила» кўкрак нишони билан тақдирлаш учун номзод оилаларни саралаш тадбирлари натижасида ибратли оилаларнинг сони 160 мингдан ортди. Бу йил 2 000 та оила «Ибратли оила» кўкрак нишони билан тақдирланди ва 2024 йилга нисбатан 9,6 бараварга ортди. Бугунги кунда улар оилалардаги низоларнинг олдини олишда фаол кўмак бериб келмоқда.
Олиб борилган ишлар натижасида никоҳни қонуний расмийлаштирмасдан яшаётган 15 141 та оиланинг 11 579 тасининг (76,4 фоизи) никоҳи расмийлаштирилди. 37 817 та оилавий ажрим ёқасидаги оилалардан 32 507 тасининг ажралиб кетишини ва 46 мингдан ортиқ вояга етмаган болаларнинг нотўлиқ оила фарзанди бўлиб қолишининг олди олинди.
Давлатимиз Раҳбарининг кўрсатмалари билан эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларни олий таълим билан қамраб олиш учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича давлат гранти сони 2 мингтадан 4 мингтага, давлат органлари ва ташкилотларда мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажи мавжуд, бироқ олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар учун тўлов-контракт асосида қабул квотаси 500 тадан 2,5 мингтага (5 баравар) оширилди.
Қўмита томонидан «Tavsiyanoma.ijro.uz» электрон платформаси орқали 17 955 нафар тўлиқсиз, эҳтиёжманд ҳамда мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажи мавжуд, бироқ олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизларга тавсияномалар берилди. 2025-2026-ўқув йилида жами 255 402 нафар хотин-қизлар олий таълимга талабаликка қабул қилинди. Миллий кадрлар захирасида хотин-қизлар салмоғи аввалги йилларга нисбатан 2 баробарга оширилиб, 32 фоизга етди.
Жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган 334 нафар аёллар «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирланди. Ўзбекистон заминида яшаб ўтган машҳур ва буюк аёллар ҳамда ҳозирги кунда раҳбарлик лавозимларида ишлаётган 19 нафар аёллар ҳақидаги маълумотлар ўзбекча Wikipediaʼга жойлаштирилди.
Вазирликлар, идоралар, корхона ва ташкилотлар ва уларнинг тизимларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатларини таъминлаш бўйича маслаҳат кенгашлари сони 155 тадан 13 минг 584 тага етказилди ва 87,6 бараварга ортди, хотин-қизлар масалалари билан ишловчи масъуллар сони 13 минг нафардан ошди.
Бундан ташқари қўмита қошида «Аёл маърифати» илмий-ижодий жамоатчилик кенгаши ва унинг вертикал тузилмаси яратилди. Унинг таркибига 1000 га яқин олима ва ижодкор аёллар жалб этилиб, Кенгаш томонидан 3 та йирик лойиҳалар амалга оширилди.
Тўй, маърака ва бошқа оилавий маросимларни камхарж ва камчиқим ўтказиш мақсадида ҳамкор вазирлик ва идоралар билан «Маромийлик» дастури жорий қилинди. Қўмита томонидан оқилона истеъмол меъёрларига риоя қилиниши борасида тарғибот ишлари олиб борилди.
Миллий қадриятларни тарғиб қилиш мақсадида ҳафтанинг жума куни «Миллий либослар куни» деб эълон қилиниб, 204 мингдан ортиқ маърифий тадбирлар, челленжлар ташкил этилди. 2025 йил сентябрь ойида ўтказилган «Хон атлас» фестивалида эса республиканинг барча ҳудудларида, меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида 8,5 млн. нафардан ортиқ хотин-қизлар жалб этилди.
Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита билан ҳамкорликда турли миллатлар вакиллари иштирокида «Халқлар оналари муштараклиги — Алла фестивали» ўтказилди. Унинг анъанавийлигини таъминлаш режаси белгиланди.
Муҳсинжон Умурзоқов, (“Халқ сўзи“)
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг