Барқарор электр таъминоти: мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 85 млрд. киловатт-соатга етказилди

13:23 03 Февраль 2026 Жамият
585 0

Аҳоли турмуш шароити яхшиланиб, нуфусининг ортиб бориши ёқилғи-энергия ресурслари, хусусан, электр энергиясига бўлган талабни ҳам оширади. Айниқса, аҳолиси йилига 2 фоизга кўпайиб, иқтисодиёти барқарор ривожланаётган Ўзбекистонда мазкур ресурсга эҳтиёж муттасил ўсмоқда. Таҳлилларнинг кўрсатишича, мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талаб йилига ўртача 5-6 фоиз ортяпти. Шу боис, кейинги йилларда ушбу соҳани ривожлантириш иқтисодий ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишига айланди. Давлат раҳбарининг таъбири билан айтганда, энергетика соҳасида туб бурилиш ясалиши ҳисобига электр ишлаб чиқариш ҳажми 85 млрд. киловатт-соатга етказилди.

Бу рақам моҳиятини англаш учун Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида айтилган қуйидаги гапни эслаш кифоя: Тасаввур қилинг, 2017 йилдаги 60 миллиард киловатт-соат генерация даражасида қолиб кетганимизда, ҳозир иқтисодиётимиз ҳажмини 2 карра ошира олармидик? Ишлаб чиқаришнинг ўсиб бораётган талабини, 38 миллион аҳоли эҳтиёжини қоплаб бўлармиди?”

Албатта, йўқ.

Тақвимдаги энг муҳим сана

Барқарор электр таъминотисиз саноат, тадбиркорлик каби муҳим соҳаларни ривожлантириб бўлмайди. Иқтисодиёт технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказилаётган ҳозирги шароитда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш талаб этилади. Негаки, 2026 йилда старт бериладиган 52 млрд. долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳаси ҳамда умумий қиймати 14 млрд. долларлик 228 та янги йирик қувват ўз вақтида ишга туширилиши энергетика соҳаси равнақи билан чамбарчас боғлиқ.

— Жадал суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимиз ҳамда аҳолининг талаб-эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, энергетика соҳасида кенг ислоҳотлар амалга оширилиб, тизим фаолиятида тамомила янги босқичга ўтиляпти, — дейди Энергетика вазирлиги котибияти бошлиғи Бекзод Исмоилов. — Бу янгиланиш иккита муҳим мақсадга эришиш имконини беради. Аввало, барча тармоқ ва ҳудудлар учун ишончли ва узлуксиз энергия таъминоти йўлга қўйилади. Қолаверса, экологик тоза ва муқобил қайта тикланувчи манбалардан фойдаланишни чуқурлаштириш эвазига у таъминотдаги асосий кучга айланади. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида 2025 йил 5 декабрь куни Халқаро конгресс марказида ишга туширилган ва қурилиши бошланган лойиҳалар бу борада янги имкониятларни тақдим этиб, энергетика тармоғи ривожида янги саҳифа очиб беради.

Дарҳақиқат, ўтган йилнинг 5 декабрь куни миллий энергетика тизимининг тараққиёт тақвимига энг муҳим сана сифатида муҳрланди. Сабаби, айнан ўша куни мамлакат барқарор ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлган йирик лойиҳалар рўёбга чиқарилди. Аниқроғи, умумий ҳажми қарийб 11 млрд. долларлик 42 та янги қувват ва инфратузилма объектлари ишга туширилган бўлса, яна 21 та янги лойиҳа қурилишига расман киришилди. Шу жумладан, республикамизнинг турли ҳудудларида 3,5 минг мегаваттли 16 та қуёш, шамол, иссиқлик ва гидро станциялар фойдаланишга топширилди.

Соҳа мутахассисларининг айтишларича, улар тўлиқ қувватда ишлаганда йилига 15 млрд. киловатт-соат электр генерацияси ҳосил бўлади. Пировардида “яшил” энергия ишлаб чиқариш ҳажми жорий йилнинг ўзида 23 млрд. киловатт-соатга етказилиши кутиляпти. Бу Ўзбекистон аҳолисининг йиллик электр энергияси истеъмолини тўлиқ қоплай олиши билан алоҳида аҳамиятга эга. Энг муҳими, “тоза” энергия ҳисобига табиий газ сарфи салкам 7 млрд. куб метр иқтисод қилиниб, атмосферага 11 млн. тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади.

Шу билан бирга, ўша куни фойдаланишга топширилган 11 та йирик подстанция, 1 245 мегаваттли 10 та энергия сақлаш тизими ва 420 километр юқори кучланишли тармоқлар тизимнинг барқарор ишлашига хизмат қилади. Айтайлик, энергия сақлаш тизимлари истеъмол ортиб кетган тиғиз вақтларда қўшимча равишда 1,5 млрд. киловатт-соат электр энергиясини тармоққа узатиш имконини беради.

Бунёдкор куч

Ёдингизда бўлса керак, бундан атиги ўн йил бурун электр энергияси энг оғриқли муаммога айланган эди. Таъминотдаги беқарорлик, пайдар-пай узилишлар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган бўлса, бизнес ривожида катта тўсиққа айланганди. Ана шундай оғир бир пайтда давлат раҳбари энг муҳим ҳаётий эҳтиёжлардан бири бўлган электр энергияси билан аҳолини узлуксиз таъминлашга жиддий эътибор қаратди. Натижада қадди букилиб қолган симёғочлар-у, унинг салқиб қолган симларини янгилаш, зўрға ишлаб турган трансформатор пунктларини модернизациялаш, янги қувватлар яратиш ишлари жадаллашиб кетди. Бу ҳаётий ташаббуслар рўёбида четдан жалб этилган инвестициялар бунёдкор кучга айланди.

— Энергетика бугун иқтисодиётнинг чет эл инвестициялари энг кўп жалб этилаётган соҳасига айланди, — дейди Энергетика вазирлигининг Халқаро ҳамкорлик, рейтинглар ва грантларни жалб қилиш бўлими бошлиғи Шоҳрухжон Ишматов. — Тизимга Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки сингари молия институтлари сармоялари жалб этиляпти, айни чоғда соҳада дунёнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, тўғридан-тўғри инвестициялар ҳам киритиляпти. Бугунги кунда Саудия Арабистонининг “ACWA Power”, Туркиянинг “АКSА” ва “Cengiz Enerji”, Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar”, Хитойнинг “China Energy”, “Datang”, “Sinoma”, “Poly”, “CNTIC” ва “Eagle Ray”, Франциянинг “EDF”, “Voltalia” ва “Total Energies”, Германиянинг “Siemens Energy” ҳамда Қатарнинг “Nebras” компаниялари иштирокида йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани сўзимиз тасдиғидир. Бунинг ҳисобига сўнгги йилларда 35 млрд. доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, 9 минг мегаватт янги қувватлар яратилди.

Эътиборли жиҳати, салкам 5 минг мегаваттли қуёш ва шамол, 400 мегаваттли гидроэлектр станциялари ишга туширилгач, генерация қувватларида “яшил” энергия улуши 30 фоизга етказилди.

Соҳа ривожида хусусий секторнинг улуши ортиб бораётгани ҳам қувонарлидир. Таҳлилларнинг кўрсатишича, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кўпайтиришда уларнинг ҳиссаси, айниқса, катта бўляпти. Бунинг самараси ўлароқ, қисқа давр ичида хусусий сектор, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларида 2 минг мегаваттли кичик қуёш панеллари ўрнатилиб, ўтган йили қўшимча 2 млрд. киловатт-соатга яқин муқобил энергия ишлаб чиқарилди. Бундан ташқари, тадбиркорлар томонидан 40 мегаваттли кичик ва микро ГЭСлар қурилди. Натижада сув ресурсларидан унумли фойдаланиб, 120 млн. киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу эса лойиҳа ташаббускорларига қўшимча даромад олиб келди. Шу боис ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилиб, жорий йилда 65 мегаваттли кичик ва микро ГЭСлар барпо этилиши кўзда тутилган. Бунинг ҳисобига 80 минг хонадонда электр таъминоти тубдан яхшиланади.

Энергетика тизимидаги ўзгаришлар, ўз навбатида, саноат тармоқлари ривожига ҳам катта туртки бермоқда. Мисол учун, 2025 йилда янги қурилаётган электр станция ва тармоқлари учун зарур бўлган 700 млн. долларлик қурилиш материаллари, металл конструкциялар, кабель ўтказгичлар, электр қурилмалари маҳаллий корхоналар томонидан етказиб берилди. Шунингдек, лойиҳалаш-инжиниринг ва қурилиш хизматлари ҳам кўрсатилди. Норин каскад ГЭСининг 38 мегаваттли илк гидроэлектр станцияси тўлиқ маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланилган ҳолда бунёд этилгани маҳаллийлаштириш даражаси ортиб бораётганини тасдиқлайди. Бинобарин, “Angren Energo” корхонасида ишлаб чиқарилаётган трансформаторлар, “Uzgidro-Power”да тайёрланаётган гидроагрегатлар халқаро стандартларга тўла жавоб беради.

Ёпиқ турдаги биринчи нимстанция

Соҳа модернизация қилиниб, тубдан янгиланаётгани туфайли амалиётга янги авлод технологиялари ҳам кенг қўлланила бошланди. Бу ерда гап мураккаб муҳандислик концепциясига эга Янги Тошкент ҳудудида қурилаётган инновацион энергетика объектлари ҳақида кетмоқда. Яъни, мамлакатимизда энергетика соҳасида илк бор “уч генерацияли” технология қўлланиляпти. Юқори технологик салоҳият талаб этилаётган мазкур технология марказлашган совитиш ва иситиш тизими учун замонавий ечим бўлиб, анъанавий қувватларга нисбатан 2 бараваргача кам энергия сарфлайди.

— Оддий иссиқлик марказлари ёки совитиш тизимларида ишлаб чиқариш жараёнлари алоҳида-алоҳида амалга оширилса, “уч генерацияли” технологияда буларнинг барчаси ягона технологик занжир асосида бирлаштирилади, — дейди Энергетика вазирлигининг Электр энергия ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Саидатҳам Анваров. — Янги Тошкентда айнан шу технологияга асосланган станциянинг асосий бино ва иншоотлари қуриляпти. Лойиҳага кўра, биринчи босқичда иссиқлик учун 75 мегаватт, совитиш тизими учун эса 100 мегаватт қувват яратилади. Қўшимча равишда 17 мегаватт электр энергияси ҳам ишлаб чиқарилади.

Тизимдаги яна бир янгилик — ёпиқ турдаги илк нимстанция ҳам Янги Тошкентда барпо этиляпти. Қуввати 100 мегаваттга тенг мазкур лойиҳа Хитойнинг “Haocheng Industry Group Limited” компанияси иштирокида амалга оширилмоқда.

Ёпиқ турдаги ушбу иншоот анъанавийларга нисбатан бир қатор устунликка эга. Яъни, шовқин даражаси турдошларига қараганда икки баравар паст бўлиб, уч баробар кам жой эгаллайди.

Энергетика вазирлиги масъулларининг айтишича, шу каби инновацион ва юқори қувватли лойиҳалар шарофати билан электр энергиясига ошиб бораётган эҳтиёжни тўлиқ қоплаш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Бунда муқобил энергия манбаларига устувор аҳамияти қаратилаётгани халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Бинобарин, 2030 йилгача қўшимча 17 минг мегаваттдан ортиқ қайта тикланувчи энергия қувватлари ишга туширилиши ва генерацияда “яшил” энергия улуши 54 фоизга етказилиши кўзда тутилган. Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида 3,5 минг мегаваттли “яшил” қувватлар бунёд этилаётгани бу борадаги муҳим қадам бўлди.

Ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида электр энергияси ишлаб чиқаришдагина эмас, балки уни етказиб беришда ҳам хусусий шериклик тамойилларини жорий этишга киришилди. Ушбу янгилик дастлаб Самарқандда синаб кўрилаётган бўлса, тез орада Жиззах ва Сирдарё вилоятлари, 2027 йилдан эса Наманган ва Тошкент ҳудудий электр тармоқлари бошқаруви хусусий инвесторга берилиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳа доирасида тармоқ операцион бошқарувга олинади, инвестиция киритилиб, тармоқлар модернизация қилинади. Мақсад — йўқотишларни босқичма-босқич 2 баробаргача камайтириб, юқори тежамкорликка эришиш. Зеро, давлатимиз раҳбари Мурожаатномада иқтисодиётнинг барча соҳаларида юқори самарадорликка эришиш келгусида ислоҳотларимизнинг бош мезони бўлиши шарт эканлигини белгилаб берди. Унинг изчил ижроси таъминланиши табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини муттасил ошириш ва энергетик барқарорликка хизмат қилади.

Саид РАҲМОН

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер