«Зукколар ва ландавурлар» назарияси ўзбек футболида

18:03 01 Февраль 2026 Спорт
689 0

Фото: ЎФА

Канадалик ёзувчи ва журналист Малколм Гладвеллни кўпчилик таниса керак. У ўзининг «Зукколар ва ландавурлар» китобида спортчиларнинг ривожланишига таъсир қиладиган муҳим омиллардан бири сифатида нисбий ёш эффектини тушунтиради. Болалар спортида ёш тоифалари одатда битта аниқ сана асосида белгиланади. Масалан, 1 январь. Бир гуруҳ ичида йил бошида туғилган болалар йил охирида туғилган тенгдошларига нисбатан бир неча ойга катта бўлади. Болалик даврида бу ойлар жисмоний ва руҳий ривожланишда сезиларли фарқ келтириб чиқаради.

Гладвеллнинг таъкидлашича, йилнинг дастлабки 6 ойлигида туғилган болалар спорт муҳитида тезроқ ажралиб чиқади. Улар кучлироқ, тезроқ ва ишончлироқ ҳаракат қилгани учун жамоаларга танлаб олиш жараёнида маълум устунликка эга бўлади. Табиийки, бундай болалар кучли жамоалар билан бирга ишлайди, кўпроқ машғулот қилади ва профессионал мураббийлар билан фаолият олиб боради. Вақт ўтиши билан дастлабки кичик устунлик катта тажриба ва маҳоратга айланиб боради.

Китобда бунга мисол сифатида Канада хоккей тизими келтирилади. Гладвелл профессионал хоккейчиларнинг туғилган саналарини таҳлил қилиб, уларнинг катта қисми йил бошида туғилганини кўрсатади. Бу ҳолат тасодиф эмас, балки спорт тизимининг қандай ишлаши билан боғлиқ. Муаллиф бу орқали шуни кўрсатадики, спортчиларнинг кучли бўлиб етишишида нафақат истеъдод, балки қайси вақтда туғилгани ва тизим берган имкониятлар ҳам ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Бу жиҳат Ўзбекистон футболида ҳам бир неча йиллардан бери бўй кўрсатиб келмоқда. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг январь ойидаги йиғинида иштирок этган 32 та футболчининг қайси ойларда туғилганига эътибор қаратамиз.

Йилнинг биринчи 6 ойлигида туғилган футболчилар:

Ўткир Юсупов — январь;

Жаҳонгир Ўрозов — январь;

Аброр Исроилов — январь;

Иброҳим Ибрагимов — январь;

Икром Алибоев — январь;

Иброҳимхалил Йўлдошев — февраль;

Сардор Баҳромов — февраль;

Шерзод Эсонов — февраль;

Абдувоҳид Неъматов — март;

Авазбек Ўлмасалиев — март;

Самандар Мавлонқулов — март;

Самандар Муратбаев — март;

Зафармурод Абдураҳматов — апрель;

Хуршид Ғиёсов — апрель;

Рустам Турдимуратов — апрель;

Дилшод Комилов — май;

Нодир Абдураззоқов — май;

Жасур Жалолиддинов — май;

Владимир Назаров — июнь;

Достон Турсунов — июнь;

Маҳмуд Муҳаммаджонов — июнь;

Йилнинг иккинчи 6 ойлигида туғилган футболчилар:

Алишер Одилов — июль

Аббос Ғуломов — июль

Ойбек Бозоров — август

Фирдавс Абдураҳмонов — август

Беҳрўз Каримов — август

Азиз Холмуродов — сентябрь

Қувондиқ Рўзиев — октябрь

Анвар Ҳожимирзаев — октябрь

Алибек Давронов — декабрь

Отабек Аҳадов — декабрь

Жавоҳир Ҳусанов — декабрь

Кўриб турганингиздек, терма жамоанинг 67 фоиз футболчиси йилнинг биринчи ярмида туғилган. Бу ҳолат январь ойида Осиё чемпионатида иштирок этган Ўзбекистон У-23 терма жамоаси билан ҳам юз берганди. Мусобақада иштирок этган 23 футболчининг 74 фоизи, яъни 17 нафари йилнинг биринчи ярмида туғилган. Бу эса муаммо анча палак ёзганини кўрсатади. Хўш, йилнинг иккинчи ярмида туғилган спортчиларнинг имкониятларини ошириш учун нима қилиш керак?

Энг муҳим қадам — спортчиларга фақат қисқа муддатли жисмоний устунлик асосида баҳо бермаслик. Мураббийлар ва федерациялар болаларнинг узоқ муддатли салоҳиятини ҳисобга олиши, яъни ҳозир кучли кўринаётган эмас, балки келажакда ривожланиш имконияти юқори бўлган спортчиларни ҳам қўллаб-қувватлаши керак. Шунингдек, селекция жараёнини имкони борича кечроқ босқичга суриш ҳам муҳим ҳисобланади.

Жаҳон тажрибасида кенг қўлланиладиган усуллардан бири — био-бандинг. Бу тизимда болалар паспортдаги ёшига қараб эмас, балки жисмоний ривожланиш даражасига қараб гуруҳларга ажратилади. Масалан, Англияда футбол академияларида (Премьер-лига клубларида) био-бандинг тажрибаси ўтказилиб, кичикроқ ва кечроқ ривожланаётган футболчиларга ўз тенгдошлари билан рақобат қилиш имконияти берилди. Натижада бундай футболчилар ўйинда кўпроқ иштирок этиб, техника ва қарор қабул қилиш жиҳатидан тезроқ ўсиш кўрсатди.

Яна бир самарали ёндашув — ёш чегараларини мослашувчан қилиш. Айрим давлатларда (масалан, Скандинавия мамлакатларида) болалар спортида қатъий селекция ўрнига ротация тамойили қўлланилади. Яъни, барча болаларга маълум вақт давомида тенг ўйнаш имконияти берилади. Шунингдек, мураббийлар учун махсус тренинглар ўтказилиб, уларга нисбий ёш эффекти тушунтирилади. Бу эса ушбу муаммони ҳал этишда катта ёрдам беради.

Умуман олганда, жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, муаммо истеъдод етишмаслигида эмас, балки уни қандай аниқлаш ва ривожлантиришда. Тизим имкониятларни тор доирада эмас, кенгроқ очиб берса, йилнинг исталган ойида туғилган спортчи ўз салоҳиятини тўлиқ намоён қила олади.

Муҳаммадамин Зуҳриддинов,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер