Асл жаннат — Ватандир, билсанг!

19:20 30 Январь 2026 Жамият
697 0

Таниқли журналист, публицист ва шоир, «Адолат» ижтимоий-сиёсий газетасининг Бош муҳаррири Ислом Ҳамро табаррук 60 ёшга тўлди.

Ижодкорнинг «Шоир бўлдик сендан айрилиб», «Бағрибутунлик», «Тазарру салтанати», «Жаҳонгирнинг қайтиши», «Гўрўғлининг ўлими» каби шеърий ва публицистик асарлари ўқувчилар қўлига етиб борган.

«Дўстлик» ордени соҳиби, «Олтин қалам» халқаро миллий мукофоти совриндори Ислом Ҳамрога мустаҳкам сиҳат-саломатлик, узоқ умр, янги ижодий зафарлар ва ютуқлар тилаб қоламиз.

ВАТАН ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Бобом менга эртак айтганди,

Мен ҳам сенга айтаман, болам.

Оллоҳ бўлган экан заминни,

Яралганда бу кўҳна олам.

 

Кимга совуқ музликлар насиб,

Чўл тушибди кимгадир чекка.

Норасо-ю, тарсо олибди,

Ер етмабди фақат ўзбекка.

 

Тангри бундоқ кўкдан қараса,

Тарам-тарам бўлинмиш замин.

Шунда содда ўзбекларга деб —

Тўлдирганмиш жаннатдан камин.

 

Тўғри, барча элда қуёш бор,

Барча юртин яхши кўради.

Лекин бундай сахий диёр йўқ —

Бунда тош ҳам мева беради.

 

Тўғри, сув бор барча ўлкада,

Қуёш ҳам бор, нурсиз, оташсиз.

Гиёҳи бор, гуллари ҳам бор,

Меваси бор тузсиз ва таъмсиз.

 

Тоғлари бор, тикан ўсмайди,

Боғларида сайрамас булбул.

Мен уларни ёмон демасман,

Бобом айтган ривоятдир бул.

 

Ўзинг қара, жаннат бу замин,

Ўхшаса ҳам гарчи эртакка.

Ишон менга, бобом рост айтган,

Жаннат теккан содда ўзбекка!

 

Агар жаннат бўлмаса эди,

Осмонига оғу тўларди.

Бирда эмас, бирда барибир

Босқинчилар адо қиларди.

 

Кекса тарих гувоҳ неча бор,

Ким бу юртни қилмади орзу.

Оғаверди бизга ҳар сафар —

Оллоҳ ўзи қўйган тарозу!

 

Қарғамасман уларни, майли,

Жаннат тилар ҳар ожиз банда.

Шукронага айланар тилим,

Мен туғилдим шундай Ватанда.

 

Шоир бўлдим, лекин таърифин —

Айтмоқликка қолди тилим лол.

Сену менга насиб этибди

Бобом орзу қилган истиқлол!

 

Энди асра, кўзларингга сурт,

Тавоф айла ўтган ҳар дамин.

Юрагингдек авайла уни —

Топтамасин нохос бир ғаним.

 

Бобом айтган қиссадан ҳисса:

Асл жаннат — Ватандир, билсанг!

Яна бошқа жаннат на даркор,

Агар ўзинг жаннатда ўлсанг!

 

«СЎЗ» ДОСТОНИДАН

Мен ҳам бир боламан, ўзбаки, содда,

Ҳув олис қишлоқда номим кўп улуғ.

Унда шотутлар ҳам, шотераклар ҳам,

Ҳар битта шеъримни қилади қутлуғ.

 

Унда пахтазорлар, бедазорлар ҳам,

Ҳатто юлғун босган бийдай далалар.

«Биздан шоир чиққан, Тошканда», дейди,

Эшакка тескари минган болалар.

 

Унда ариқчада жилдираган сув,

Ҳатто чақиртикан, янтоқлар дўстим.

Мен-чи? Бу шаҳарда улғайдим… Фақат —

Сўзни айтиб эмас, Сўзни еб ўсдим.

 

Унда кетмонига айтса-да дардин,

Отам ғоз юради, йўлимни пойлаб.

Онам ўз-ўзига сўзланиб қўяр —

«Иши жуда кўп-да, келмайди ойлаб».

 

Унда тупроқкўча, мени соғинган —

Синглимнинг пойига бош урар ҳар кун.

«Ҳеч бўлмаса мени эсламайдими?»

Тўқсон ёшли момом, пичирлар ҳорғин…

 

Бунда мен қишлоқи, ўзбаки шоир,

Бир Сўзни айтолмай, ютолмай ҳалак.

Кундуз бўйинбоғлик мағрур қиёфа,

Тунлар то тонггача йиғлаб чиқаман —

«Нега шоир қилиб яратдинг фалак?..»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер