“Эронни зудлик билан тарк этинг”. АҚШ ўз фуқароларини огоҳлантирди

15:28 13 Январь 2026 Дунё
519 0

12 январь, душанба куни АҚШ Эронда яшаётган ўз фуқароларини мамлакатни зудлик билан тарк этишга чақирди. Бу қарор мамлакат бўйлаб давом этаётган қонли намойишлар ва кескин беқарорлик фонида қабул қилинди. АҚШнинг Эрондаги виртуал элчихонаси вазиятни ўта хавфли, дея баҳолаб, америкаликларни “дарҳол Эронни тарк этиш”га даъват қилди.

Огоҳлантиришда интернет узилишлари давом этиши мумкинлиги қайд этилган. АҚШ фуқароларига муқобил алоқа воситаларини режалаштириш, имкони бўлса, Арманистон ёки Туркия орқали қуруқлик йўли билан Эронни тарк этиш тавсия этилди. Мамлакатни тарк этиш имкони бўлмаганларга эса хавфсиз жойда қолиш ва зарур захиралар билан таъминланиш маслаҳат берилди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон ҳукумати намойишчиларга нисбатан куч ишлатаётгани ҳақида иддаоларни илгари суриб, зарурат туғилса ҳарбий чоралар қўлланиши мумкинлигини билдирди. “CBS News” хабарига кўра, Оқ уйда Эронга нисбатан ҳаво зарбалари, киберҳужум ва психологик операцияларни ўз ичига олган турли сценарийлар муҳокама қилинган.

Трамп шунингдек, Эрон билан савдо қилаётган давлатларга нисбатан 25 фоизлик бож жорий этилишини ҳам маълум қилди. Унинг айтишича, бу қарор дарҳол кучга киради. Эрон билан иқтисодий алоқада бўлган давлатлар орасида Хитой, Бразилия, Туркия ва Россия кабилар бор.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи мамлакатдаги вазият назорат остида эканини таъкидлаб, тартибсизликларда АҚШ ва Исроилни айблади. Шу билан бирга, Теҳрон дипломатия учун очиқ эканини билдириб, музокаралар ўзаро манфаатлар асосида олиб борилиши кераклигини қайд этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер