Йозеф Сикела ҳамда Марта Кос бошчилигидаги делегация Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Европа Иттифоқининг Халқаро шерикликлар бўйича комиссари Йозеф Сикела ҳамда Кенгайиш масалалари бўйича комиссари Марта Кос бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни жорий йил октябрь ойида Брюсселга олий даражадаги ташриф давомида эришилган келишувларни амалга ошириш орқали ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Европа Иттифоқи вакиллари Ўзбекистон Президентига Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйеннинг самимий саломларини етказди.
Ўзбекистон етакчиси еврокомиссарларни Тошкентда “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” учинчи иқтисодий форуми ва Транскаспий транспорт йўлаги ва ўзаро боғлиқлик бўйича инвесторлар форуми муваффақиятли ўтказилгани ҳамда якунда минтақавий миқёсдаги бир қатор янги қўшма лойиҳалар ишга туширилгани билан табриклади.
Ўзбекистон – Европа муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани, икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг янги кенг қамровли кун тартиби шакллангани мамнуният билан қайд этилди.
Бу йил Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ) имзоланди, Самарқанд ва Брюсселда саммитлар бўлиб ўтди, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши юзасидан Европа Иттифоқи билан музокаралар якунланди.
Йил бошидан буён товар айирбошлаш қарийб 7 фоизга ўсди. КШҲБнинг амалиётга жорий этилиши савдо ҳажми ва инвестициялар оқимининг сезиларли даражада ошишига хизмат қилиши таъкидланди.
Савдони кенгайтириш ва диверсификация қилиш учун ҳамкорликнинг институционал механизмларини янада такомиллаштириш, саноат кооперацияси, транспорт, рақамлаштириш, муҳим минераллар, энергетика, соғлиқни сақлаш ва бошқа устувор соҳаларда ҳамда янги қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди
- «Ўзгидромет» шошилинч огоҳлантириш эълон қилди
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг