Олтин нархи кескин тушди. Ўзбекистондаги вазият қандай?
21 октябрь куни Нью-Йорк товар биржасида (COMEX) олтин нархи 6 фоиздан ортиқ арзонлаб, трой унцияси 4093 долларга тушди. Бу сўнгги 12 йилда кузатилган энг кескин пасайишдир, деб ёзмоқда “Financial Times”.
Манбага кўра, қимматбаҳо металлар бозоридаги пасайиш фақат олтинга тааллуқли эмас — кумуш, платина ва палладий нархлари ҳам 6–8 фоизга арзонлаган. Мутахассислар бу ҳолатни АҚШ президенти Дональд Трамп ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин ўртасида бўладиган учрашувдан кутилган ижобий натижалар билан изоҳламоқда. Учрашув савдо масалаларидаги келишмовчиликларни ҳал этишга қаратилган.
Шунингдек, АҚШдаги давлат органлари фаолиятининг вақтинча тўхташи (шатдаун) туфайли трейдерлар Комиссиянинг фьючерс бозори бўйича ҳафталик ҳисоботисиз қолди. “Bloomberg” бу маълумотларнинг йўқлиги айрим спекулянтлар томонидан бозорда кескин ҳаракатларга сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.
Молия таҳлилчилари эса доллар курсининг кўтарилиши ҳам олтин нархига таъсир ўтказганини қайд этмоқда. Шу билан бирга, ўтган ҳафталардаги тез ўсиш — олтиннинг олти ҳафта ичида 1000 долларга қимматлаши — нархлар ортиқча юқори даражага чиққанини кўрсатмоқда. 16 октябрь куни олтин тарихда биринчи марта унцияси учун 4300 доллардан ошиб, 20 октябрда эса 4398 долларга етди.
Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, 22 октябрда 1 грамм олтин қуймасининг нархи 1 миллион 665 минг сўмни ташкил этди.
Регулятор қуймалар нархини қуйидагича белгилаган:
- 5 грамм — 8 млн 326 минг сўм;
- 10 грамм — 16 млн 652 минг сўм;
- 20 грамм — 33 млн 305 минг сўм;
- 50 грамм — 83 млн 262 минг сўм;
- 100 грамм — 166 млн 523 минг сўм.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Саида Мирзиёева Брюсселда Европа Иттифоқи комиссари билан учрашди
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг