Баҳрайн чемпиони “Андижон”га муносиб рақибми?
22 октябрь куни “Андижон” клуби Осиё Чемпионлар Лигаси 2-турнирининг 3-тури доирасида Баҳрайннинг “Ал-Халдия” жамоаси билан куч синашади.
Келинг, ушбу жамоа ҳақида бироз тўхталиб ўтамиз.
Ҳозирги пайтда “B” гуруҳида “Ал-Халдия” икки турдан сўнг 4 очко жамғариб, пешқадам бўлиб турибди. Илк турда Қатарнинг “Ал-Аҳли” жамоаси билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган бўлса, иккинчи турда Туркманистоннинг “Аркадаг” клубини 2:0 ҳисобида мағлуб этган.
“Ал-Халдия” Андижонга сафари олдидан миллий чемпионатнинг 5-тур доирасида “Бахрайн SK” жамоасини қабул қилди ва рақибни 4:0 ҳисобида тор-мор келтирди. Ҳозирги пайтда 5 та ўйинда 3 ғалаба ва 2 мағлубият қайд этган ҳолда 9 очко билан 5-ўринда бормоқда.
“Ал-Халдия” жамоаси бор-йўғи 5 йиллик тарихга эга бўлиб, 2020 йилда ташкил этилган.
Жамоага мухлислар томонидан “Lions of Bahrain” (“Бахрайн шерлари”) деган ном берилган.
“Ал-Халдия” ўз уй учрашувларини Риффа шаҳрида жойлашган “Баҳрайн Миллий” стадионида ўтказади. Ушбу майдон 24 минг нафар мухлисни сиғдира олади.
Жамоа ташкил этилганига кўп бўлмаган бўлса-да, бир қатор совринларни қўлга киритган. Ўтган йили Баҳрайн Қирол Кубоги соҳиби бўлган бўлса, ундан аввалги кетма-кет икки йил давомида мамлакат чемпиони бўлган. Умуман олганда, “Ал-Халдия” ҳисобида 5 та соврин бор — икки марта Қирол Кубоги, икки марта мамлакат чемпионлиги ва бир марта Суперкубокни қўлга киритган. Клуб 2021 йилдан бери ҳар мавсум соврин ютмоқда.
“Ал-Халдия” шу вақтга қадар Осиё футбол конфедерацияси томонидан ўтказиладиган расмий мусобақаларда 20 та ўйин ўтказган. Улардан 10 тасида ғалаба қозонган, 5 та баҳс мағлубият билан якунланган, 7 та учрашувда эса дуранг қайд этилган.
Жамоани ҳозирда 1981 йилда таваллуд топган маҳаллий мутахассис Али Ашур бошқармоқда.
У 2014 йилдан буён катта клубларда фаолият олиб бормоқда. Бунгача турли йилларда Баҳрайннинг “Будайя”, “Ал-Нажма”, “Ал-Риффа”, “Манама SK” ҳамда Қувайтнинг “Қувайт SK” жамоаларида ишлаган.
Жамоа таркибида ҳозирда бразилиялик Глейсон Морейра, конголик Жоэл Бея, марокашлик Саифеддине Бухра, германиялик Анас Уахим каби маҳоратли футболчилар тўп сурмоқда.
“Ал-Халдия”да легионерларга катта эътибор қаратилган — жамоада 13 нафар хорижлик футболчи бор. Улар орасидаги энг қиммат футболчи марокашлик ҳимоячи Аюб Эл Амлуд бўлиб, унинг “Transfermarkt” сайтидаги баҳоси 800 минг еврони ташкил қилади. У шу йилнинг август ойида жамоага қўшилган.
Шунингдек, бу жамоа таркибида бир вақтлар “Сўғдиёна” мухлисларига яхши таниш бўлган сербиялик ҳимоячи Филип Иванович ҳам ярим мавсум фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, Осиё Чемпионлар Лигаси 2-турнирининг 3-туридан ўрин олган “Андижон” – “Ал-Халдия” ўйини 22 октябрь куни бўлиб ўтади. Учрашув соат 18:45 да старт олади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Саида Мирзиёева Брюсселда Европа Иттифоқи комиссари билан учрашди
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг