Oʻzbek-xitoy vaksinasining III faza tadqiqotlari natijalari eʼlon qilindi

13:48 28 Avgust 2021 Jamiyat
914 0

Коронавирусга қарши ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 3-фаза клиник синовлари вакцина барча штаммлар учун умумий 81,76% самарадорликни кўрсатди

Коронавирусга қарши ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 3-фаза клиник синовлари натижалари Хитойлик ҳамкорлар томонидан жорий йилнинг 27-28 август кунлари Хитой фонд бозорида, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Рейтер ахборот агентлиги сайтида сайтларида эълон қилинди.

3-дозадан сўнг вакцинанинг самарадорлиги барча штаммлар учун умумий 81,76%, «британча» штаммга қарши эса 92,93% ташкил этди. Ўлим ва оғир ҳолатларга қарши 100% самарадорлигини кўрсатди. ЖССТ талабларига кўра вакцина камида 50%дан юқори самара бериши лозим.

Маълумот учун, дунё бўйлаб ZF-UZ-VAC2001 клиник тадқиқотларида иштирок этувчи жами 28 500 нафар кўнгилли рўйхатдан ўтказилган бўлиб, улардан 14 249 нафари вакцина ва 14 251 нафари платсебо олганлиги қайд этилган. 20 август куни Хитойлик ҳамкорлар томонидан вакцина ва платсебо гуруҳлари бўйича маълумотлар очилди. Мазкур кўнгиллилардан 647 нафарида касаллик аниқланди, улардан 221 нафарида касаллик 3 та доза вакцина олгандан сўнг 7 кундан кейин аниқланди. Шундан 35 нафари вакцина билан, 186 нафари платсебо билан эмланганини аниқланди. Бу вакцинанинг коронавируснинг барча штаммларига қарши умумий 81,76% самарали кўрсатади.

Шуни алоҳида қайд қилиш керакки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти протоколига кўра 3-фаза синовларини очиқлаш ҳамда статистик таҳлиллар ўтказиш учун тўлиқ вакцинадан сўнг камида 156 ҳолда касаллик аниқланиши керак. ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 3 фаза клиник синовлари натижаси 221 нафар касаллик аниқланган иштирокчилардаги таҳлилга кўра аниқланди ва бу синов натижасини янада аниқроқ бўлишини таъминлайди.

Бошқа вакциналарда олиб борилган тадқиқотларга таққосланса, Pfizer вакцинасининг самарадорлиги 85%, AstraZeneca 68% экани, Moderna вакцинаси эса «бирламчи» штамм (Уханча) учун юқори самарадорликни кўрсатиб (94%), «дельта» штамм учун 76% гача пастлагани илмий адабиётларда қайд этилган.

Қайд этиш керакки, ушбу халқаро миқёсдаги ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг III фаза кўпмарказли клиник тадқиқотлари 2020 йилнинг 10 декабридан бошланган бўлиб, синовларда 18 ёшдан катта бўлган жами 29 000 нафар кишини қамраб олинди. Мазкур тадқиқотлар Хитойнинг Хунан вилоятида, шунингдек Ўзбекистон, Индонезия, Покистон ва Эквадор давлатларида ўтказилди. Ўзбекистонда клиник тадқиқотлар Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd компаниясининг 8 нафар мутахассислари, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказининг 30 нафар олимлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-тадқиқот институти ва бошқа тиббиёт муассасаларининг 112 нафар тиббиёт ходимлари томонидан ўтказилмоқда. Колл-марказда 32 нафар ходим фаолият юритиб, клиник синовларида иштирок этган кўнгиллилардан ҳар куни телефон орқали хабар олиб турилди.

Клиник тадқиқотларда Ўзбекистондан жами 6966 нафар кўнгилли иштирок этди, улардан 214 нафари 60 ёшдан катта кишилардир. Тадқиқотлар давомида ҳар бир кўнгилли иштирокчи 28 кун оралиғи билан 3 та дозада «вакцина/платсебо» схемасида эмланди. Улардан 13 кишида ўрта даражадаги ножўя таъсир аниқланган бўлиб, 0,002 фоиздан кам кўрсаткичдир. Алоҳида ажратилган гуруҳларда 95% ҳолатларда етарли даражада антитаналар ишлаб чиқарилгани аниқланди.

Tavsiya etamiz

Izohlar

Hozircha hech kim fikr bildirmagan. Balki Siz birinchilardan bo'larsiz?