Тошкент вилояти ҳокими газета ўқийди. Туманларнинг ҳокимларичи?

«Сувнинг уволи ёмон» мақоласида кўтарилган масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилади
“Халқ сўзи” газетасининг шу йил 19 апрелдаги сонида чоп этилган “Сувнинг уволи ёмон” сарлавҳали мақолада бугунги куннинг долзарб мавзуси — табиат мусаффолиги ва инсон саломатлигининг асоси саналган сув ҳавзаларининг муҳофаза зоналаридаги аянчли аҳвол, дарё, канал ҳамда ўзанлардаги обиҳаётнинг ифлосланиши билан боғлиқ муаммолар Тошкент шаҳри ва вилоятининг бир қисмини тоза ичимлик суви билан таъминловчи Бўзсув канали мисолида қаламга олинган эди.
Одатда газетанинг бу каби ҳар бир чиқиши мутасаддилардан тортиб, оддий газетхонларни ҳам бефарқ қолдирмайди. Шу пайтга қадар таҳририятимизга келаётган мактублар, телефон қўнғироқлари бунинг тасдиғидир.
Мазкур таҳлилий мақолада кўтарилган масалалар пойтахт вилояти ҳокимлигининг алоҳида назоратига олинди. Ўтган ҳафта вилоят ҳокими раислигида шошилинч чақирилган видеоселектор йиғилиши ушбу мақола муҳокамасига бағишланди.
Вилоят ҳокими ў. Ибрагимов газетанинг ушбу танқидий-таҳлилий чиқиши ғоят ўринли бўлганини таъкидлар экан, шу кунга қадар барча мутасаддилар Бўзсув канали билан боғлиқ аҳволни кўра-била туриб, “Сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилида кўз юмиб келганларини афсус билан қайд этди. Вилоят ҳокими анҳор муҳофаза зонасидаги ноқонуний қурилмалар, оқова сувлари ҳамда маиший чиқиндиларнинг сув ҳавзасига ташланиши, бу ҳол, шубҳасиз, ҳудудлардаги санитария ҳолатини издан чиқариши, энг ёмони, инсон саломатлигига жиддий путур етказиши мумкинлиги ҳақида ўз вақтида бонг урмаган мутасаддиларни масъулиятсизликда айблади.
Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи С. Гаппаров, вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори Б. Болтабоевнинг мазкур мақолада кўтарилган масалалар юзасидан ҳисоботи тингланди ҳамда улар ишда йўл қўйган камчилик ва нуқсонлари учун жиддий огоҳлантирилди.
Дарвоқе, видеоселектор давомида вилоятдаги Бўзсув канали оқиб ўтувчи ҳудудлар — Чирчиқ шаҳри, Қибрай, Тошкент, Зангиота, Янгийўл, Чиноз туманлари ҳокимлари газетада кўтарилган масалага муносабат билдира олмадилар. Чунки йиғилиш ўтказилган вақтда газета чоп этилганидан уч кун ўтганига, мақолада айнан шу ҳудуд табиати, аҳолиси саломатлиги билан боғлиқ долзарб масала кўтарилганига қарамай, мазкур ҳудуд раҳбарлари газета ўқимасликлари маълум бўлиб қолди.
Мутасаддиларга кун давомида мақола билан танишиш, вазиятни ўнглаш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, шахсан тақдим этиш вазифаси юклатилди.
Йиғилиш якунида соҳага тааллуқли барча идора ва ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликлар, шунингдек, тегишли корхоналар раҳбарларига Бўзсув канали қирғоқларидаги ноқонуний қурилмаларни ҳисобга олиш, уларни белгиланган тартибда бартараф этиш, сувни муҳофаза қилиш зоналарига қатъий риоя этилишини таъминлаш, сув ҳавзаси ифлосланишининг олдини олишга доир комплекс чора-тадбирлар режасини зудлик билан ишлаб чиқиш ҳамда ҳаётга татбиқ қилиш вазифаси топширилди.
Таҳририят.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг