Етти думаласа тозами? Бўзсув канали қирғоқларидаги ташвишли ва аянчли ҳолатлар ҳақида

11:06 19 Апрель 2018 Жамият
718 0
Фото: Шомурот Шарапов "Халқ сўзи".

“Табиатнинг ноёб мўъжизаси”, “Сўлим оромгоҳ”, “Пойтахтни  тоза ичимлик суви билан таъминловчи асосий манба”... Бўзсув каналига шундай таърифлар беришади. Бу эса унга жуда-жуда ярашади.

Дарҳақиқат, пойтахт ва унинг вилояти ҳаётида мазкур сув манбасининг аҳамияти юқори. Ундан оқаётган обиҳаётдан минглаб гектар экинзорларни суғориш, арзон электр энергияси ишлаб чиқариш, спортнинг сув билан боғлиқ турларини ривожлантириш мумкин. Бироқ айни пайтда бундай катта имкониятдан қай даражада фойдаланилмоқда? Ҳаёт манбаи бўлмиш сувга муносабатимиз қандай? Кузатув ва ўрганишлар ҳали бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар талай эканлигини кўрсатмоқда.

Қибрай тумани давлат санитария-эпидемиология назорати марказига Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Сувсоз” давлат унитар корхонасидан хат келди. Унда, жумладан, шундай дейилади: “...Маълумки, Тошкент шаҳрини тоза ичимлик суви билан таъминлашнинг асосий манбаи Бўзсув канали ҳисобланади. Гарчи шаҳар аҳолисига етказиб берилаётган сувнинг сифати барча кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Давлат стандарти талабларига жавоб берса-да, канал қирғоғининг санитария ҳолати бизни катта ташвишга солмоқда.

Фото: Шомурот Шарапов "Халқ сўзи".

Тумандаги Лимонзор, Байналмилал, Университет кўчаларидаги соҳил атрофида жойлашган уй-жойлардан чиқаётган ифлос оқовалар қувурлар орқали тўғридан-тўғри канал сувига оқизилмоқда. Дала-ҳовлиларда, якка тартибда қурилган уй-жойларда, ноқонуний қурилмаларда канализация тизимининг йўқлиги, қирғоқ атрофидаги экинзорларда турли хил минерал ўғитларнинг назоратсиз ишлатилиши йил сайин ичимлик суви сифатига салбий таъсир ўтказмоқда”.

Хатда бу ва бошқа камчиликлар жорий йил январь ойида Бўзсув бош сув ўтказиш иншоотининг кимё-бактериологик лабораторияси вакилларининг канал 2-санитария ҳимоя минтақаси ҳудудини ўрганиш чоғида аниқланганлиги баён қилинган ва мазкур ҳолатни бартараф этиш чораларини кўришда амалий ёрдам сўралган.

Очиғи, мазкур мактубда воҳанинг “мовий белбоғи” ҳисобланган Бўзсув канали қирғоқларидаги ташвишли ва аянчли ҳолатнинг бир қисми баён қилинган, холос. Мавзуни давом эттиришдан аввал икки оғиз Бўзсув канали ҳақида.

Воҳанинг “мовий белбоғи”

Бўзсув каналининг бундай таърифланиши муболаға эмас. Чунки унинг гўзаллиги, бир маромда, вазмин оқиши, ҳосил қилаётган табиий микроиқлими ҳар қандай кишини ўзига ром қилади. Шунингдек, канал Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятининг бир қисмини тоза ичимлик суви билан таъминлайди. У Қибрай, Тошкент, Зангиота, Янгийўл, Чиноз туманлари экинзорларига, Жанубий Қозоғистоннинг қарийб 140 минг гектар ерларига обиҳаёт беради. Узунлиги 160 километрни ташкил этади. Ирригация ва саноат учун мўлжалланган Қорасув, Салар, Кайковус, Анҳор, Искандар, Юқори Тошкент, Жўн, Куркулдоқ, Ниёзбоши, Шим, Тошкент каби 23 та канал айнан Бўзсувдан чиқарилган. Бу каналларнинг умумий узунлиги эса 400 километрдан ортиқ.

Каналнинг Чирчиқ дарёсидан чиқадиган бошланғич қисмида сув сарфи ҳар сонияда 310 куб метрга етади. Кенглиги 10 — 20 метрни ташкил этиши инобатга олиниб, унда электр қуввати ишлаб чиқариладиган 16 та мустақил корхона барпо этилган. Бугун Чирчиқ — Бўзсув гидроэнергетика тизмасида Ўрта Чирчиқ, Чирчиқ, Қодирия, Тошкент, Қуйи Бўзсув гидроэлектр станциялари муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Бу иншоотларда ишлаб чиқарилаётган электр қуввати арзонлиги билан эътиборга молик.

“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятига қарашли бу корхоналар каналнинг маромида ишлашини таъминлашда масъуллардан ҳисобланади. Гарчи бу ҳақда мутасаддилар аниқ меъёрий ҳужжатни тақдим этишмаган бўлса-да, корхоналарда белгиланган штат жадвали, соҳилдаги қурилган ноқонуний иншоотларнинг айримларини буздириш ҳақидаги судга киритилган ишларда улар даъвогар бўлганликлари ана шундай хулосага келишимизга асосдир.

Мамнуният билан қайд этиш керакки, пойтахтимиз ҳудудидан оқиб ўтувчи каналларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш, соҳил бўйларини ободонлаштириш, уларни оромгоҳлар, кўнгилочар масканларга айлантириш ва аҳоли учун бошқа қулайликлар яратиш борасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Афсуски, каналнинг вилоят ҳудудида жойлашган соҳиллар ҳақида ана шундай фикрни айтиш қийин. 

Бўзсув ёқасидаги чакалакзорлар

Бугунги кунда Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасидаги сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари, дарёлар, магистраль каналлар ва коллекторларнинг, шунингдек, ичимлик суви ва маиший сув таъминотининг, даволаш ва маданий соғломлаштиришда ишлатиладиган сув манбаларининг, сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳақидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори сувдан фойдаланувчилар учун асосий ҳужжатлардан бири саналади. Мазкур Низом сувни муҳофаза қилиш зоналарини ва сув иншоотларининг санитария муҳофазаси ҳудудларини белгилаш тартибини, шунингдек, сув ресурслари ифлосланиши, буғланиши ҳамда тугашининг олдини олиш учун бу зоналарда хўжалик фаолияти тартибини бошқариб боради.

Фото: Шомурот Шарапов "Халқ сўзи".

Афсуски, жойларда Низом талабларига риоя қилмаслик ҳолатларини кўплаб учратиш мумкин. Масалан, ҳозир “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг корхонаси ҳисобланган Чирчиқдаги собиқ қийин эрийдиган ва ўтга чидамли металлар комбинати Бўзсув каналининг ўнг соҳилида жойлашган. Корхона билан сув ўртасидаги бир километрдан ортиқ муҳофаза зонаси эътибордан четда қолиб, росмана чакалакзорга айланиб кетган. Ишбилармонлар чакалакзордан қутулишнинг антиқа йўлини излаб топишди: эрта баҳорда соҳилнинг бир қисмига ўт қўйиб юборилди. Қолган қисми эса асл ҳолича турибди. Қулаган баҳайбат дарахтлар сувнинг равон оқишига тўсқинлик қилмоқда. Корхонадан чиқарилган оқова сувлар оқибати ўйланмасдан каналга ташланади. Уларнинг айримлари шу қадар усталик билан иҳоталанганки, унинг борлигидан оқова сувнинг овози хабар беради, холос.

Мазкур ҳолатнинг олдини олиш учун мутасадди этиб белгиланган Қодирия ГЭСлар тизмасининг назоратчиси Рустам Нурмаматовнинг мазкур ҳудуддаги 15 йиллик фаолиятида корхонага бирор марта ҳам кирмаганлиги, раҳбариятни белгиланган тартибда огоҳлантирмаганлиги, ваколати доирасида иш кўрмаганлигига нима дейсиз?! Ваҳолонки, у ҳар куни хизмат тақозоси билан мана шу ҳудуддан ўтади. Ўз таъбири билан айтганда, унга ҳар бир дарахт, ҳар бир гиёҳ таниш. Қолаверса, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Чирчиқ шаҳридаги мутасаддилари, шаҳар давлат санитария-эпидемиология маркази мутасаддиларининг бу ҳолатдан хабарлари йўқмикин? Корхона маъмурияти ҳам огоҳлантириш ёки талабни кутиб ўтиришлари шарт эмас, назаримизда. Ахир атроф-муҳит мусаффолиги, экологияга эътибор ўзимизга, келажакка эътибор эмасми? Гарчи Низомда белгиланган бўлмаса ҳам, шундай йирик корхона учун муҳофаза ҳудудини ободонлаштириб қўйиш қийинчилик туғдирмас.

Бу ҳолат рўпарадаги Автомобилчилар кўчасида яшовчи аҳолига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Яъни чап қирғоқдагилар ўнг қирғоқдагилардан, гўёки ўрнак олиб, ахлатларни шундоққина сув бўйига ташлаб қўя қолишаяпти.

Етти думаласа тозами?

Бундай нохуш ҳолатларга каналнинг Қибрай тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида ҳам дуч келасиз. Мисол учун, “Дархон” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг айримлари соҳилни чиқиндихонага айлантириб олишган.

— Бу “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси томонидан чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмаётгани натижасида юзага келмоқда, — дейди туман давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бўлим бошлиғи Носир Маҳкамов. — Албатта, ҳамма айбни битта ташкилот зиммасига юклаб қўйиш ҳам адолатдан эмас. Муаммо биргаликда ҳал этилиши лозим.

Сувнинг ифлосланишига сабаб бўлаётган асосий омиллардан яна бири қирғоқ бўйида ноқонуний равишда қурилган иншоотлар ҳамда маҳаллий аҳоли томонидан муҳофаза ҳудудининг ўзлаштириб олинганлигидир.

“Соҳибкор” маҳалла фуқаролар йиғинининг Навқирон кўчасида жойлашган хонадонларнинг ҳовли, томорқалари соҳилга туташиб кетган. Ваҳолонки, белгиланган меъёрларга кўра, орада 20 метр муҳофаза ҳудуди бўлиши лозим. Деярли барча хонадон ўзларича дам олиш масканлари барпо этганлар. Кўча бўйлаб “Дам олиш жойи бор”, “Бассейн бор”, деган эълонларни кўплаб учратиш мумкин. Кунлар исиши билан уларнинг бозори юришади. Ҳатто сув устига қурилган шийпонлардан кузгача одам аримайди. Шийпонларни ижарага бериш бу ерда яшаётган хонадон соҳибларининг даромад манбаи эканлиги эса ҳеч кимга сир эмас. Лекин мазкур ҳолатни тартибга солиш учун мутасадди ташкилотлар ўзларини кўрмасликка олаётганликлари кишини ўйлантиради.

Қозон қайнаб турса, идиш-товоқ кимёвий воситалар билан ювилса, бассейндан одам узилмаса, кун бўйи дастурхон йиғилмаса... Табиийки, шунга яраша турли чиқиндилар, оқова сувлар ҳосил бўлади. Канализация тармоғи бўлмагач, оқованинг канал сувига қўшилиб кетиши кўриниб турган ҳақиқат.

— Уйимизнинг кадастр ҳужжатлари бор, — дейди хонадон соҳибларидан бири Хайриддин Сайфиддинов. — Чегарамиз сув ёқасидан 20 метр узоқликда, лекин иккинчи томондан қарайдиган бўлсак, муҳофаза зонасини ҳам ўз ҳолига ташлаб бўлмайди. Уни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш керак. Аҳолининг бу хилдаги ободонлаштириш ишлари эса акс самара бермоқда.

— Аҳоли ўртасида атроф-муҳит муҳофазаси, сувнинг аҳамияти, қадр-қиммати ҳақида мунтазам равишда тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ўткир Аҳмедов. — Суд қарорига мувофиқ, соҳилда айрим мукаммал қурилган уйларни бузиш ишлари ҳам бошлаб юборилди. Масалан, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг қарорига мувофиқ, 2-сонли ГЭС ҳудудидаги янги ва эски ўзан оралиғида 0,8 гектар майдонга қурилган бино бутунлай бузиб ташланди. Бу атрофдагиларга сабоқ бўлиши лозим.

Курашаяпмиз, лекин етарли эмас

Юзага келган вазиятни мўътадиллаштириш мақсадида муайян ишлар амалга оширилаётганлигини ҳам қайд этиш керак. Масалан, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг жойлардаги инспекторлари мутасадди ташкилотлар билан биргаликда канал соҳилида қурилган бино ва иншоотларни хатловдан ўтказишди. Олтмишдан ортиқ фуқаро огоҳлантирилди. Ўтказилган рейдлар давомида 8 нафар фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан 1 миллион 379 минг сўм миқдорда жарима қўлланилди. Шунингдек, тасдиқланган дастурга биноан, мунтазам равишда сувнинг ҳолати ва таркиби таҳлил қилиб борилмоқда.

Фото: Шомурот Шарапов "Халқ сўзи".

Бўзсув каналининг Қодирия ГЭСлар тизимига қарашли 18,8 километр ҳудудида 158 та ноқонуний қурилма борлиги аниқланган. Уларнинг аксариятини дала-ҳовлилар ташкил этади. Тақдим қилинган маълумотларда 41 ноқонуний қурилманинг эгаси йўқлиги қайд этилган. Ана шундай маълумотлар бошқа мутасадди ташкилотларда ҳам бор. Лекин уларнинг кўлами ва ҳажми ниҳоятда кам. Ҳисоботлар бир-бирини такрорлайди. Бу амалга оширилаётган ишлар бугунги кун талабига жавоб бермайди, деганидир.

Мукаммал меъёрий ҳужжат керак

Қодирия ГЭСлар тизмаси директори Учқур Мираҳмедовнинг айтишича, амалдаги Низом барча муаммони қамраб олмаган. Масалан, суғорилаётган экин майдонларининг оқова суви каналга ташланиши ҳолатлари мавжуд. Бу эса ичимлик суви сифатига таъсирини кўрсатмасдан қолмайди, албатта. Бордию ташланмаса, уни нима қилиш керак?

Бундай мисолларни яна келтириш мумкин. Юқоридагилардан келиб чиқиб, қайд этилган Низомни кўриб чиқиш вақти етмадимикан, деган фикр туғилади. Унда, шунингдек, баҳсталаб масалалар билан бир қаторда, сув объектлари учун масъул ташкилотлар аниқ белгилаб қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу борада республика Сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ташаббус кўрсатиши лозим. Шунда мамлакатимиздаги сув омборлари, ҳавзалар, дарёлар, магистраль каналлар ва коллекторлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш имконияти яратилади.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Тошкент шаҳар “Сувсоз” давлат унитар корхонаси юқорида қайд этилган хатини аниқ ижрочига йўлламаган кўринади. Хатда кўрсатилган масалаларни ҳал этиш учун туман ҳокимлиги билан биргаликда яна бир нечта ташкилот масъул ҳисобланади. Туман бош архитектураси, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, “Тоза ҳудуд” унитар корхонаси, Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази, туман ички ишлар бўлими, Қодирия ГЭСлар тизмаси унитар корхонаси, Қодирия бош сув иншооти шулар сирасидандир. Бу ташкилотлар фаолиятида ҳам такрорлаш ҳолатлари йўқ эмас. Демак, масала имконият даражасида ҳал этилиши керак. Чунки ҳар сафар сув билан боғлиқ “Йўл харитаси”ни тасдиқлашда юқорида номлари зикр қилинган ташкилотлар қайтарилаверади. Ҳар бир юмушнинг ўз эгаси бўлгани маъқул эмасми?

Бўзсув канали. Бу табиатнинг ноёб мўъжизаси. Юқорида саналган жиҳатлар унинг бир қисми, холос. Шундай экан, уни асраб-авайлаш, сув сифатини сақлаш, соҳилларни ободонлаштириш, бебаҳо неъматдан оқилона фойдаланиш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимизга айланмоғи даркор. Зотан, доно халқимиз “Сувга супуриб ҳам, тупуриб ҳам бўлмайди”, деб бежиз айтмайди. 

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар