Жамиятнинг таянч нуқтаси — таълим

19:47 10 Январь 2023 Жамият
492 0

Президент Шавкат Мирзиёев яқинда пойтахтимизда ўтказилган “Таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир!” мавзусидаги замонавий дарсликлар кўргазмаси билан танишди. Бир гуруҳ соҳа фидойилари, мактаб ўқитувчилари билан мулоқот қилди. Тизимнинг келгуси тараққиётига дахлдор мақсад ва вазифаларни яна бир бор таъкидлади. Бу бежиз эмас. Соҳада амалга ошириладиган янгиланишлар кириб келаётган 2023 йил — Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили мақсад-интилишларига ҳамоҳангдир.

Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасининг муҳим йўналишларидан бири ҳам таълим сиёсати бўлди. Унда мактабгача таълим, ўрта ва олий таълим тизимини янада ривожлантиришнинг устувор масалалари белгилаб берилди. Зеро, таълимга йўналтирилган сармоя — келажакка йўналтирилган сармоя, демакдир. Хусусан, Финляндия, Жанубий Корея, Япония, Сингапур каби давлатлар тажрибаси ҳам таълим ва тарбияга сарфланган молия ўзини оқлаганини бутун дунёга намоён қилди.

Ўзбекистонда ҳам таълим соҳасига ажратилаётган маблағлар йил сайин ортиб бормоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотлар боис Ўзбекистоннинг халқаро таълим рейтингларидаги позицияси кундан-кунга яхшиланмоқда, буни халқаро экспертлар ҳам ижобий баҳолаяпти.

Бинобарин, юртимизнинг эртанги ривожи йўлида қандай чуқур ўйланган дастурлар тузилмасин, бу режаларни бажаришга моддий база ва имкониятлар яратилмасин, бунинг учун қанча кўп сармоя сафарбар этилмасин, уларнинг барчасини амалга оширадиган, рўёбга чиқарадиган куч бу юқори малакали мутахассислардир. Янги Ўзбекистонни барпо этиш, юксак иқтисодий тараққиётга эришиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш каби пировард мақсадларга таълим соҳасини тубдан ўзгартирмасдан ва замонавий асосда қайта қурмасдан туриб эришиб бўлмайди.

Мамлакат учун давлатдаги таълим тизимининг қай ҳолатда эканлиги ва қандай кадрлар келажакда тайёрланиши муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирда мамлакатимиз таълим соҳасига қаратилаётган харажатларнинг кўп қисми давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Инновацион иқтисодиётнинг тараққий этиши, аҳоли даромадлари ошиши ва таълим тизимининг инсон ҳаётидаги ўрни ортиб бориши туфайли мамлакатимизда ҳам давр талабларига жавоб бера оладиган давлат таълим муассасалари билан бир қаторда нодавлат таълим муассасалари ҳам ташкил этилмоқда. Бу, ўз навбатида, бевосита рақобатнинг кучайишига олиб келмоқда.

Маълумки, совет мафкурасининг бир нечта катта камчиликлари бўлиб, улардан бири хусусий мулкнинг инкор этилиши эди. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг бу камчиликлар босқичма-босқич бартараф қилина бошлади, мулк хилма-хиллиги ривожлантирилди, хусусий мулкка кенг имкониятлар яратилди. Жумладан, бугунги кунда хусусий мулк эгалари, мулкдорлар синфи шаклланди, нодавлат секторда ҳозирги кунда меҳнатга яроқли аҳолининг 80 фоиздан ортиғи банд.

Ҳозирги кунда таълим соҳасининг долзарб масалаларидан бири — бу мамлакатимизда нодавлат, хусусий таълим тизимини ривожлантиришдир. Мутараққий мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, фақат бюджет таъминоти асосида таълим тизимини ривожлантириш етарли самара бермайди, соҳага хусусий инвестицияларни жалб этишни кучайтириш зарур. Бу борада давлат ва хусусий шерикчилик тизими ўзини оқлаб келмоқда. Президентимиз нодавлат таълим тизими равнақига катта эътибор қаратмоқда. Айниқса, хусусий боғчалар, хусусий мактаблар ривожланиши учун турли имтиёзлар, преференциялар берилмоқда. Бундай қулай шароитлар яратилиши натижасида илм-фаннинг таъбир жоиз бўлса, “булоқбоши” ҳисобланган мактабгача таълим тизими кундан-кунга тараққий этмоқда. Кейинги олти йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 70 фоизга етиши натижасида бугунги кунда 2 миллионга яқин бола боғчага бормоқда.

Мурожаатномада келгуси беш йилда қамровни 80 фоизга етказиш учун 600 минг янги боғча ўрни кераклиги, шу боис, боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилиниши таъкидланди. Боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратилади.

Янги мактаблар қуриш, мавжудларини кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилади. Жумладан, хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади, келгуси беш йилда уларнинг сони мингтага етказилади.

Хўш, мамлакатимизда хусусий таълимнинг ривожлантирилиши, давлат ва нодавлат таълим муассасаларига бир хил имкониятларнинг яратиб берилиши қандай ижобий самараларга олиб келади?

Биринчидан, таълим даргоҳлари ўртасида рақобат муҳити пайдо бўлади, рақобат эса соҳанинг ривожланишига, сифатнинг ошишига олиб келади. Иккинчидан, бюджет юки камаяди, давлат таълим муассасаларига кўпроқ маблағ ажратила бошлайди, натижада барча мактабларда умумий шароит яхшилана боради, ўқитувчиларнинг ойлигини ошириш, синфда болалар сонини камайтириш ва бошка керакли имкониятлар кўпаяди. Учинчидан, жамиятимизда чуқур илдиз отиб кетган коррупция балосини камайтиришга эришилади. Тўртинчидан, билимли, маҳоратли педагоглар сафи кенгаяди, негаки, жамиятда уларга эҳтиёж кучаяди, малакали ўқитувчилар талаш бўлиб кетади, рейтингига қараб ойлиги ҳам ошиб бораверади, натижада жамиятимизда муаллим аҳли яна ўзининг юксак мақомига эга бўлади. Жамиятимизда профессионал ўқитувчилар кўпайса, билимли инсонлар ҳам кўпаяди, бундан жамият ривожланади, ҳаёт янада фаровон бўлади.

Шу билан бирга, йиллар давомида таълим соҳасидаги олиб борилган ишларда кўпроқ шаклга эътибор берилди: лицей, коллежлар учун чиройли бинолар қурилди, аммо таълим сифати, мазмуни эътибордан ташқарида қолди. Таълим муассасалари ўртасида рақобат муҳити яратилмади, қоғозбозлик, ҳисоботбозлик авжига чиқди, ўқитувчиларнинг моддий таъминоти ва ижтимоий мақоми тушиб кетди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, 2016 йил сентябрдан Ўзбекистон тарихида янги давр бошланди. Жамиятимизнинг барча соҳасида жадал ўзгаришлар амалга ошириляпти, эркинлик, очиқлик, фикрлар хилма-хиллиги, қонун устуворлиги изчил ривожланмоқда, жамиятни бошқарув фалсафаси тубдан ўзгармоқда, кишиларда ишонч руҳи пайдо бўла бошлади.

Кейинги йиллардаги эътирофга арзигулик ўзгаришлардан яна бири таълим соҳаси ходимларининг жамиятдаги мавқеи юксалгани билан боғлиқ. Айни пайтда педагоглар маоши ҳам бир неча марта ошди ва яна ошади.

Олий таълим тизимида ҳам кескин бурилиш юз берди. Жуда кўп янги олий ўқув юртлари, жумладан, хорижий давлатлар билан ҳамкорликда янги университетлар, нуфузли олийгоҳларнинг филиаллари очилмоқда. Олий маълумот оламан, деган ёшлар учун квоталар мунтазам кўпайтириляпти. Пировардида юртимиздаги олийгоҳлар сони 2,5 баробар кўпайиб, 198 тага етди, қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошди. Бу рақамлар янада кўпайтирилади. Бироқ таълим сифати ҳам ёддан чиқмаслиги керак. Тан олиш керак, бу борада ҳам чора-тадбирлар кўрилди ва келажакда ҳам сифат учун курашилади. Бу йўлда 41 та олийгоҳга академик ва молиявий мустақиллик берилди, уларда трансформация офислари очилди. Ректорлар, профессор ва ўқитувчилардан бу жараёнларда фаоллик, янги, илғор методикаларни жорий қилиш талаб этилади.

Олий таълим тизимида ижтимоий муҳофазага кенг ўрин берилаётгани эътиборга молик. Талабалар ҳам, педагоглар ҳам бундан мустасно эмас. Масалан, 2023 йилда олийгоҳ талабалари учун имтиёзли таълим кредитларига ресурслар 2 баробар кўпайтирилиб, 1,7 триллион сўм ажратиладиган бўлди. Бу йил илм-фан ва инновацияларга 1,5 триллион сўм йўналтирилди. Бу 2017 йилга нисбатан қарийб 6 баробар кўп, дегани.

Олимларнинг иш ҳақи ҳам 4,5 баробар оширилди. Буларнинг барчаси ҳисобидан нано ва биотехнологиялар, рақамли геология каби 18 та янги илмий йўналиш ташкил этилди. Келгуси йили илм-фан ва инновацияларга 1,8 триллион сўм ажратилади.

Таълим тизимида сифат ҳам ёддан чиқаётгани йўқ, деб ўйлайман. 2023 йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Болаларимизни мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўргатиш, касб-ҳунар, санъат ва маданиятга қизиқтириш, ўқувчиларда эркин ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш ҳам олдинда турган, кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан. Бу борада Президент мактабларида 130 та мамлакатда маъқулланган “A-level” таълим дастури йўлга қўйилгани ўз самарасини бермоқда. Бу жараёнда ҳар бир ўқувчи ўзининг қобилиятига қараб, аниқ йўналишлар бўйича чуқур ўқитилади, дунёнинг нуфузли олийгоҳларига кириш имкониятлари кенгаяди. Шу боис, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланади. Бу ишларни тизимли йўлга қўйиш, янги дарсликларни ишлаб чиқиш, илғор таълим стандартлари ва методикаларини жорий этиш учун алоҳида илмий институт ва лабораториялар ташкил қилинади.

Шу билан бирга, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашнинг кенгайтирилиши, айниқса, кимё саноати, электр техникаси, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга, алоҳида муҳандислик мактаблари ташкил қилиниши белгиланди. Бу тизим мамлакатимизда ҳозиргача бўлмаган. Қисқаси, янги замон муҳандислари тайёрлаш тизими яратилади.

Давлатнинг ғамхўрлигини қарангки, 2022 йил бошидан Қорақалпоғистон ва Хоразмда 285 минг нафар бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш йўлга қўйилганди. Энди навбатдаги ўқув йилидан бошлаб ушбу амалиёт қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилади ва бунинг учун 2,3 триллион сўм ажратилади. Бу жараёнларни шаффоф тизим асосида ташкил этиш, ўқувчиларни соғлом ва сифатли овқат билан таъминлаш қатъий назоратга олинади.

Жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, муаллимларнинг шароитларини яхшилаш ҳам 2023 йилдаги энг асосий вазифалардан бири бўлиши Президентимиз Мурожаатномасида ўз аксини топди.

Тан олиш керакки, мактаб остонасига илк қадам қўйганимизда қўлимизга қалам тутқазиб, алифбони ўргатган биринчи устозимиз сиймосини, унинг меҳнатини доимо миннатдорлик билан эслаймиз ва қалбимизда уларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром ҳиссини туямиз. Инсоннинг дунёга келиши ва яхши ҳаёт кечириши учун моддий жиҳатдан ота-онанинг ҳиссаси катта бўлади. Лекин инсоннинг маънавий томондан баркамол бўлиши, бир сўз билан айтганда, икки дунёда саодатли бўлиши учун ҳам устозларнинг хизмати беқиёс. Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдузлардир. Улар туфайли инсонлар тўғри йўлни топади ва жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етишади.

XXI аср — юксак интеллектуал салоҳиятли, замонавий билим ва малакага эга, янгича дунёқараш ва мустақил фикрли мутахассислар асри. Бундай авлодни тарбиялашда албатта, устоз-муаллимларнинг хизматини ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди. Халқимиз ҳамиша устозларни эъзозлаб келган, “Устоз отангдан улуғ” деган ҳикматли нақл ҳам бежиз айтилмаган. Энди ана шу сўзларни қоғозда эмас, амалда қарор топтирадиган, ўқитувчи-муаллимнинг қадр-қимматини жойига қўядиган пайт келди. Шунинг учун ҳам Президентимиз ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарур, деб таъкидлади.

Жамиятни инсон ўзгартиради, таълим эса инсонни ўзгартиради. Таълимнинг марказида эса, авваламбор, ўқитувчи туради. Устоз ва муаллимлар ҳақида шу чоққача кўп ва хўп гапириб келинаётган бўлса-да, унинг ҳурматини жойига қўйиш борасида шу кунга қадар амалий ташаббуслар бугунгидек кенг миқёс касб этмаган эди. Эндиликда Конституцияда ўқитувчининг жамиятда тутган ўрнини юксак даражада эътироф этиб, муҳрлаб қўйиш таклиф этилмоқда.

Биз бугун янги Ренессанс ҳақида гапира бошладик. Ҳар қандай жамият уйғониши, тараққиёти асосида қандай омиллар ётади?! Оддий инсонга ҳам маълумки, жамият тараққиёти асосини илм-фан, таълим-тарбия, санъат, адабиёт, янги технология, инновациялар ташкил этади. Шундай экан, илм-фанни ким ўргатади? Албатта, ўқитувчи, устоз!

Янги Ўзбекистонда педагогларга алоҳида эътибор қаратиляпти. Айниқса, мактаб, коллеж ва институт ўқитувчилари алоҳида диққат марказида. Менимча, энг олий мақсадларни кўзлаган юртимиз, фарзанди бахту камолини кўзлаган ҳар бир оила манфаати нуқтаи назаридан Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартишлар жуда ҳам ўз вақтидаги тўғри қарордир. Ўқитувчи меҳнати қадр топган юртнинг бугуни ва келажаги ҳам буюк бўлади. Президентимиз масаланинг ана шу нозик томонини кўра олди. Мақсад таълим тизимини оёққа қўйиш экан, ўқитувчи-мураббийлар қадрини кўтармасдан қолган ислоҳотларнинг амалга ошиши қийин. Буни битта вазирлик ёки агентлик ҳам қилолмайди. Бунга бутун халқ, жамият масъул. Чунки, Президентимиз таъкидлаганидек, нажотимиз мактабда, нажотимиз таълимда, нажотимиз билимда.

Олдимизда учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш мақсади турган экан, бунинг учун бизга замонавий илм ва унга ҳамоҳанг равишда тарбия керак. Бугунги ва эртанги кунимизни, ёшларимиз тақдирини ҳал қиладиган юксак малакали муаллим ва мураббийлар, профессор-ўқитувчилар, ҳақиқий зиёлилар қатламисиз бу ниятларга эришолмаймиз. Зеро, таълим ва тарбия, уларнинг уйғунлиги масаласи ҳар қандай жамият ривожининг устувор йўналиши саналади. Юрт фаровонлиги шубҳасиз, таълимнинг қанчалик ривожланганлигига боғлиқ.

Хулоса ўрнида айтганда, жамиятимизни тубдан ўзгартиш нуқтаси аниқ. Бу — илм-фан, таълим ривожидир. Шундай экан, барчамиз давлатимиз раҳбари атрофида бирлашсак, бу ишга баҳоли қудрат ҳисса қўшсак, кўзлаган мақсадларимизга, албатта, етамиз.

Ўктам САЛОМОВ,

Фарғона политехника институти ректори,

техника фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?