Ёғочга “жон” киритаётган уста
Фото: “Халқ сўзи”
Тош ва ёғочга ишлов бериш энг қадимий касблардан ҳисобланади. Алоҳида буюртмалар асосида қўлда тайёрланадиган маҳсулотларнинг ҳамон қадри баланд. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бу ҳунар шарофати билан уста дурадгорлар қўлида ёғочга “жон” киради.
Асли хазоралик (Кармана тумани) Маъмур Жабборов шундай ҳамюртларимиздан бири бўлиб, бугунги кунда Навоий шаҳрининг Зарафшон маҳалласида яшайди ва қўл меҳнати билан бежирим буюмлар ясаб, катта обру-эътибор топмоқда.
Икки йил бурун нафақага чиққан Маъмур ака болаликдан қон-қонига сингиб кетган касбидан кўнгил узолмайди. Набираларига ушбу ҳунар сир-асрорини ўргатиш баҳонасида маҳалласининг у ёки бу ҳудудларига зеб беради. Кўп қаватли уйлар атрофидаги безаклар, болалар ўйин майдончаларидаги ёғоч ишланмалар, маиший чиқиндиларни тўплаш учун идишлар, қушлар уялари, катта-кичик бежирим гултуваклар, икки қаватли нақшинкор сўри шулар жумласидан.
Уста мазкур буюмлар учун ёғочни сотиб олмаган. Аввалига сайр баҳона шаҳар айланиб, дарахтларнинг қуриган ва қари шохларини кесиб олган бўлса, кейинчалик маҳалладошлари Маъмур ака яратаётган гўзалликни кўриб, қурилишларидан ортган ёғоч ва тахталарни унга келтириб бера бошлашди. Математик аниқ-ҳисоб, геометрик мувозанат ва ботаник билим туфайли бу ёғочлардан дераза ромларидан тортиб, лавҳ, қаламдон, қутича, лаган ва бошқа нақшинкор эсдалик буюмлари ясалиб, уларнинг ўзларига қайтарилди. Шу тахлит ёпиқ занжир яратилди.
— Бирор буюм тайёр ҳолга келгунича ёғоч бир неча мураккаб ишлов босқичларидан ўтади дейди, — М. Жабборов. — Ёғоч ўймакорлиги санъатида қайрағоч, арча, ёнғоқ, тут, ўрик, чинор, толь, терак дарахтлари ёғочидан кўпроқ фойдаланилади. Чунки уларнинг таркибида смола кўп — тезда чиримайди, ёғочи ҳам ишловбоп. Айниқса, ёнғоқ ёғочи сувга, турли об-ҳаво шароитига чидамлилиги сабаб узоқ йиллар хизмат қилади. Одатда, тажрибали усталар ишлов бериш учун қуёшли жойда ўсган ва кам бутоқли дарахтни танлашади. Бутоғи катта ёғочлардан тайёрланган буюмлар эса йиллар ўтиб ёрилиши мумкин.
Зарафшон маҳалласида бўлган киши уста яратган гўзалликни кўриб ҳайратга тушиши табиий. Энг муҳими, унинг эрмаги маҳалладаги бошқа хонадон соҳибларига ҳар томонлама ибрат бўлиб, кишилар қалбига эзгулик нақшини чизаётганини ҳам унутмаслик лозим.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
- Тошкентда «UzFood 2026» ва «OʻzuPACK 2026» Халқаро кўргазмалари бўлиб ўтмоқда (+фоторепортаж)
- «Сохта тетикликнинг ҳақиқий ҳалокати»: энергетик ичимликларнинг секин, аммо муқаррар йиқитиш жараёни ҳақида
- Шайха Носир Ал Новайс: “Мен бу каби ёндашувни аввал кўрмаганман”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг