«Яшил макон» лойиҳаси доирасида яшил маскан ва боғлар барпо этилмоқда

10:47 16 Март 2026 Жамият
251 0

Бугунги кунда юртимиз бўйлаб давом этаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Пахтачи туманида ҳам кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Жумладан, туманнинг Фай маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Нарпай канали бўйида жойлашган «Соҳил бўйи» дам олиш ҳудудида тадбиркор ташаббуси билан кўчат экиш ишлари олиб борилди.

Ушбу ҳудудда 1000 туп мажевелник ва арча, 400 туп қайрағоч, 200 туп бута гул кўчатлари экилиб, соҳил бўйида сўлим гўша ва яшил белбоғ барпо этилди.

Пастдарғом туманида эса жорий йил баҳор мавсумида қарийб 700 минг тупга яқин дарахт кўчатлари экилиши мақсад қилинган бўлиб, бу борада кенг миқёсдаги ишлар бошлаб юборилган.

Ушбу доирадаги тадбирлардан бири Элбек маҳалласида ўтказилиб, тумандаги корхона-ташкилотлар вакиллари томонидан бўш турган ер майдонига 4000 тупга яқин мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Бу каби ишлар туман бўйлаб барча маҳаллалар, хонадонлар, ташкилот ва идораларда, фермер ҳамда деҳқон хўжалиги майдонларида давом этмоқда.

Тойлоқ туманида ҳам «Яшил макон» лойиҳаси доирасида янги боғ ва токзорлар барпо этиш мақсадида навбатдаги кўчат экиш тадбири ўтказилди. Унда «Р.Саидназаров» номли агрофирма ҳудудидаги «Зарнигорой Вазираой» фермер хўжалигининг 4 гектар ер майдонида 5 минг дона ток, шафтоли, олча, олхўри ҳамда малина кўчатлари экилди.

Бу каби эзгу ташаббуслар ҳудудларнинг экологик ҳолатини яхшилаш, табиатни асраш ҳамда аҳолига янада қулай ва чиройли дам олиш масканларини яратишга хизмат қилади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?