«Яшил энергия»га яшил чироқ
Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 25-26 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида ҳудудда барпо этилиши режалаштирилган қайта тикланадиган йирик энергия манбалари, хусусан, Поп туманидаги иккита қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда Уйчи туманидаги гидроэлектр станциялари каскади қурилишига старт берди. Бу вилоятнинг электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш борасидаги навбатдаги амалий қадам, деб баҳоланмоқда.
Қуёшга йўналтирилган панеллар
Сир эмас, кундалик ҳаётда энг зарур воситага айланган электр энергиясига бўлган эҳтиёж йилдан йилга ортиб бормоқда. Маълумотларга қараганда, биргина Наманган вилоятида кейинги уч йилнинг ўзида ушбу кўрсаткич 24 фоизга ортган. Бу, ўз навбатида, қувватлар ишлаб чиқариш ҳажмини мунтазам ошириб бориш масаласи долзарб эканини кўрсатади.
Мамлакатимизда электр энергиясининг 90 фоиз қисми иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади. Агар Ўзбекистонда йил давомидаги булутсиз кунлар ўртача 250 — 270 кунни, қуёш нурланиши давомийлиги эса 2850 — 3050 соатни ташкил қилинишини инобатга олсак, ундан олинадиган энергоқувватлар биз учун энг қулай манба эканлиги намоён бўлади.
Шундан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йил 16 февралда «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди. Ушбу муҳим ҳужжатда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бинолар томига ўрнатиладиган қуёш панеллари арзон ҳамда экологик жиҳатдан соф электр қуввати ишлаб чиқаришда қулай ва самарали воситалардан бири ҳисобланади. Мазкур йўналишдаги ишларнинг тизимли ташкил этилиши натижасида вилоятдаги кўплаб истеъмолчилар қисқа вақт ичида ўзининг министанцияларига эга бўлди. Ҳозирга келиб улар сони 4090 тадан ортиб, 31,7 мегаватт миқдорида энергия ҳосил қилинмоқда.
Ижтимоий соҳа муассасалари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳоли хонадонларида янгиликни жорий этишга манфаатдорлик билан ёндашилаётганини кузатиш мумкин. Масалан, шаҳар ва туманлардаги 2067 та хонадон ўз эҳтиёжини айни восита ёрдамида қопламоқда.

Умуман олганда, қуёшнинг беминнат нурлари ҳисобига 331.5 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, фойдаланишга йўналтирилгани қувват йиғувчи панеллардан фойдаланиш қанчалик афзаллигини тасдиқлайди.
Наманган давлат университети мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари орасида биринчилардан бўлиб муқобил энергия тизими жорий этилган субъектлардан бири бўлди. Бундан икки йил аввал университетнинг барча ўқув ва талабалар тураржой биноларига дастурга асосан қуёш панеллари ҳамда сув иситиш коллекторлари ўрнатилди. Биринчи йили бу ерда 100 киловатт соат қувватга эга пеналлар ишга туширилган бўлса, ўтган йили 355 киловатт соатлик министанция қўшилди.
— Эндиликда ўз эҳтиёжимизни тўла қоплаб, ортган энергияни ҳудудий электр тармоқлари корхонасига сотяпмиз, — дейди ушбу олий таълим муассасаси молия-иқтисод ишлари бўйича проректори Рустамжон Имомов. — Масалан, ўтган йили ягона энерготизимга 154 900 киловатт/соат миқдоридаги қувват етказиб бериб, 100 миллион сўмликка яқин манфаат кўрдик.
«Қуёшли хонадон» дастури доирасида тураржой биноси томига ўрнатилган панелларда яратилган қувват билан ўз хонадонини тўла таъминлаб, қолган қисмини сотаётган чортоқлик Дилмурод Абдуллаевнинг ҳовлисидаги 20 киловаттлик қуёш панеллари ҳосил қилган энергия унинг уйини ёритиш, телевизор, музлаткич, иситиш печи сингари воситаларни ишлатиш учун бемалол етиб-ортаётир. Ортиб қолгани учун таъминотчи корхона билан шартнома имзолаб, унга кейинги беш ойда 3704 киловатт соат энергия етказиб берди.
— 101 истеъмолчи билан ана шундай шартнома тузганмиз, — дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Наманган филиали бўлим бошлиғи Жаҳонгир Худойбердиев. — Кейинги пайтларда улардан 1,5 миллион киловатт/соатдан ортиқ энергия қабул қилиб олдик, бу 784,5 миллион сўмдан кўпроқ маблағни ташкил этади.
Шу ўринда «қуёшли хонадон» дастурига мувофиқ жисмоний шахсларга ягона энергия тизимига узатиб бераётган энергиянинг ҳар бир киловатт/соати учун давлат бюджетидан 1000 сўмдан субсидия ажратиш йўлга қўйилганлиги ўзига хос манфаатдорликни шакллантираётганлигини айтиб ўтиш ўринлидир.
Буларнинг барчасидан юридик ва жисмоний истеъмолчилар тобора кўпроқ фойдаланаётган қуёш панеллари арзон ҳамда кафолатланган энергия манбаи сифатида барчага маъқул тушаётганини сезиб олиш қийин эмас. Вилоятда айни йўналишда ишлаб чиқилган дастурда соҳалар кесимида 3270 та субъектда салкам 50 минг киловатт қувватга эга шундай манбаларни ишга тушириш мўлжалланган ва унинг ижроси ниҳоясига етказилаётганлиги масалага аниқлик киритади.
Дарё суви электр нурига айланганда
Электр энергияси ишлаб чиқаришда оқар сув кучидан фойдаланиш соҳадаги анъанавий усул ва ҳозирги кунда унинг аҳамияти янада кучайган. Наманганда айни мақсадда фойдаланса бўладиган обиҳаёт манбалари анчагина. Бундан уч йил аввал Катта Фарғона каналининг Учқўрғон туманидан оқиб ўтадиган қисмида дастлабки кичик гидроэлектростанциялар каскади ишга туширилган эди. Уларнинг умумий қуввати 12 мегаваттга тенг бўлиб, ҳозирги вақтда 48 мингта хонадонни узлуксиз электр энергия билан таъминлаб келаётир. Эндиликда Катта Андижон каналида ҳам қуввати аввалгидан икки ҳисса кучли учта ГЭС қурилмоқда. Лойиҳа қиймати 60 миллион АҚШ доллари бўлган, бу иншоотларнинг умумий қуввати 18 мегаватт бўлиб, қарийб яна 65 — 70 минг хонадонни электр қувватига бўлган эҳтиёжини қондиради.
Давлатимиз раҳбари қурилишига старт берган яна бир ГЭСлар каскади Норин дарёсининг Уйчи туманидан оқиб ўтган қисмида барпо этилмоқда. Умумий қуввати 228 мегаватт бўлган каскад 6 та ГЭСдан иборат. Ушбу истиқболли лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида йилига ўртача 1 025 млн. киловатт соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарилади. Маҳсулоти ўртача 430 минг хонадонга кириб борадиган каскад қурилиши тўрт йилга мўлжалланган.
— Барпо этишга киришилган иншоотнинг аҳамиятли томони шундаки, у республикадаги биринчи «Миллий ГЭС»га айланади, — изоҳлайди Уйчи тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Фарҳод Мамадалиев. — Сабаби лойиҳа тўлиқ «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг маблағлари ҳисобидан, маҳаллий лойиҳалаштириш ва пудрат ташкилотларини жалб қилган ҳолда амалга оширилмоқда. Зарур асбоб-ускуналарнинг барчаси ўзимизда ишлаб чиқарилади.
Дарҳақиқат, юқори инновацион технологик қурилмаларнинг мамлакатимиз гидроэнергетикада илк бор амалиётга жорий этилиши истиқболда молиявий сарф-харажатларни иқтисод қилиш, сифатли ва замонавий андозаларга мос агрегатлар тайёрлашни ўзлаштиришга хизмат қилиши билан эътиборни тортади. Бу эса мамлакатнинг шу соҳадаги салоҳияти янада ортиб, экологик тоза ва арзон электр қувватларини ишлаб чиқариш ҳажми янада ошади, демакдир.

"Қўшминор"да қўш фотоэлектр станцияси
Вилоятнинг пойтахт билан чегарадош Поп тумани ер майдонининг катталиги билан бошқа туманлардан фарқланади. Унинг ҳудудида қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган адирликлар ҳам анчагина.
Шундан келиб чиқиб, кенг майдонни талаб қиладиган қуёш фотоэлектрик станцияларни жойлаштириш учун туманнинг Қўшминор маҳалласи ҳудуди танланди. Бу ерда биринчи бўлиб Германиянинг «Hyper Partners GmbH» компанияси томонидан 500 мегаватт қувватли станция қурилади. Мазкур лойиҳанинг қиймати 350 миллион долларга тенг, йилига 1 миллиард 95 миллион киловатт/соатни энергия ишлаб чиқаради.
Бирлашган Араб Амирликларининг «Tepelen Group Holding Limited» компанияси билан ҳамкорликдаги фотоэлектрик станцияси ҳам шу ҳудудда барпо этилмоқда. У битгач, қуёш нурларидан 500 мегаватт қувват ҳосил қилади. Ушбу станцияларни жорий йил якунига қадар тармоққа улаш кўзда тутилган. Уларда 120 киши учун доимий иш ўрни яратилади.
— Юқоридаги уч лойиҳа ижроси билан Наманганнинг генерация қувватлари 2141 мегаваттга етади, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Окибжон Иномов. — Бу 7,8 миллиард киловатт/соатга тенг ва ҳудуднинг электр энергиясига бўлган 5,5 миллиард кВт/соатлик талабини тўлиқ қоплайди.
Шундай қилиб, тараққиёт таянчи бўлган электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтиришда қуёш ва сув ҳам беминнат кўмакчимизга айланмоқда. Бинобарин, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қолаверса, табиий ресурсларимиз ҳам инсон қадри, унинг манфаатларига йўналтирилганлиги билан қимматлидир.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, («Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
- Берлинда Наврўз: Янги Ўзбекистон маданиятининг жаҳон саҳнасидаги муносиб тақдимоти
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг