Велосипедчи аёл
Фото: "Халқ сўзи"
Андижон вилоятида велосипед миниб кетаётган аёлларни кўрсангиз, асло ажабланманг. Сабаби, ҳудудда бу одатий ҳолга айланган. Бироқ, велосипед ясайдиган аёлни, очиғи, ҳадеганда учратиш қийин.
Андижон тумани Бахт маҳалласида “Уста Боқиевлар оиласи” десангиз, каттаю кичик билади. Чунки бу оила аъзолари 30 йилдан ошибдики, велосипед таъмирлаш устахонасини бошқаради. Уй соҳиби Дилмурод ака Боқиев шу ҳунарни ўргандию турмуш ўртоғи Мавлуда опа дарров шогирд туша қолди. Аёл киши латта-путтага мойил бўлгани боисми, аввалига, бу атрофдагиларга бироз эриш туюлди.
-Умр йўлдошим Андижон шаҳридаги “Эски шаҳар” деҳқон бозорида велосипед таъмирлаш ва эҳтиёт қисмларини сота бошлади, - ҳикоя қилади аёл. –Бу кишининг меҳнатини кўриб, топганига шунчаки шерик бўлиб ўтиришни хоҳламадим. Қарс икки қўлдан чиқади, деганларидек, аравани иккимиз тортсак, рўзғоримизга барака кирар, деб ўйладим. У кишига шогирд тушиб, велосипед таъмирлашни ўргандим. Хўжайиним ишдан келгунча уйда эрталик маҳсулотни тайёрлай бошладим. Қарабсизки, ишимиз юришиб кетди.
-Мавлуда опангиз менинг илҳом паримга айланган, - кулимсирайди Дилмурод ака. –Агар у ёнимда бўлмаса, қўлим ишга бормайди. Ёнимда бўлса, албатта, фойдали маслаҳати билан янгидан-янги ихтироларга асос солади.
Мавлуда опа ҳамма ишда аёлларга хос таъби нозиклик билан ёндашади. Бир пайтлар эрининг дастёри, кейинчалик шогирди, вақти келиб ҳамкасбига айланган опахон бугунги кунда велосипеднинг янги турини ихтиро қилган. Шу кунгача 30 дан ортиқ турдаги маҳсулотларнинг муаллифи.
-Бизга асосан ёши катта аёллар, эркаклар мурожаат қилади,-дейди Мавлуда опа. –Улар ҳаракатдан бироз четланиб қолгани боис икки ғилдиракли велосипедларни минишга қийналишади. Шу боис уч ғилдиракли велосипедга буюртма беришади. Мен маҳсулотни тайёрлашга киришишдан олдин буюртмачининг жисмоний ҳолатини, бўйини, саломатлигини ҳисобга оламан. У воситани нафақат қулай бошқариши керак, балки соғлигига ҳам фойдаси бўлиши лозим.
Велосипедчи аёл маҳсулотни тайёрлашда тайёр эҳтиёт қисмлардан кам фойдаланади. Имкон қадар зарур мосламаларни устахонада ўзи тайёрлайди. Унинг сифатига алоҳида эътибор беради.
-Амалиётда уч ғилдиракли велосипедлар мавжуд,-дейди Мавлуда опа суҳбатда давом этар экан. –Уларнинг барчаси битта ўқдан иборат. Бу айрим силкинишларда носозликни юзага келтириб чиқараётгани учун мен ясаган велосипедлар иккита алоҳида ўқдан таркиб топади. Уларни буюртмачининг эҳтиёжига қараб мослаш билан бир қаторда ҳар эҳтимолга қарши иккинчи имкониятини ҳам яратамиз. Масалан, 250 кг.гача юк ташишга мўлжалланган юкхонааги тўсиқларни туширсангиз, йўловчилар ўтириши мумкин бўлган ўриндиққа айланади. Саломатлигида муаммоси бор буюртмачилар учун махсус велосипедимиз эса инсон организмининг фаол ҳаракатланишини таъминлашга мослашган.
Мавлуда опа тайёрлаган велосипедларнинг бугун харидори кўп. Ҳатто қўшни Қирғизистондан ҳам буюртмачилари бор.
Аксарият эркакларнинг қўлидан келмайдиган ишнинг уддасидан чиқиб, темир билан тиллашаётган опахоннинг фаолиятини кузатарканман, эрталабдан кечгача идораларнинг остонасида ўтириб, ниманидир ундириш илинжида бўлган айрим хотин-қизларга шу аёлнинг манзилини кўрсатгим келади. Шунча юмушдан ортиб, яна 8 та иш ўрни яратиш учун пухта лойиҳа тайёрлаган замондошимизнинг ғайрат-шижоати бошқаларда ҳам бўлганида эди, муҳтожликдан олиб чиқишга кўмаклашувчи “Темир дафтар”ларга ҳам ҳожат қолмас эди...
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг