Ватанпарварлик ва Учинчи Ренессанс
Ватан – бу инсон ва унинг авлод-аждодлари киндик қони тўкилган муқаддас даргоҳ саналиб, инсонда шу заминга нисбатан ватанпарварлик туйғусини шакллантиради. Шу маънода, Учинчи Ренессанс эл-юрт, халқ вояга етган, унинг тили, тарихи, маданияти, урф-одатлари, қадриятлари шаклланиб, ўсиб камол топиб борадиган заминдан бошланади. Ватан деганда, ҳамиша кўз ўнгимизда ўзимиз туғилиб ўсган, таълим-тарбия олиб вояга етган, неча-неча авлоду аждодларимиз яшаб ўтган жонажон она юрт гавдаланади.
Биринчи Ренессанс даврининг уломаларидан Шайх Нажмиддин Кубро ҳақиқий ватанпарвар, қаҳрамон бўлгани элимизга маълум. Эл-улус, мамлакат бошига оғир кунлар келиб турганида мамлакатни ташлаб кетишни, жонини асраб қолишни ўзи учун номус деб билди. У қўлига қурол олиб, жанг майдонларида ажнабий мўғул босқинчиларга қарши курашда ҳалок бўлди. Иккинчи Ренессанс даврида эса соҳибқирон Амир Темур Ватанимиз довруғини бутун дунёга танитгани барчага маълум.
Ватанпарварлик сўзда эмас, балки амалий ишларда, хатти-ҳаракатларимизда намоён бўлгандагина тараққиётнинг ҳал қилувчи омилига айланади. Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанснинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маънавий асослари мустаҳкамланаётган бир даврда ватанпарварлик эътиқоди ҳар биримизнинг амалий ишларимизда, фуқароларнинг кундалик фаолиятида намоён бўлиши катта аҳамиятга эга. Бунда ҳар бир инсон фаолиятида онглилик билан фидойилик бирлашмоғи зарур. Инсон Ватанининг, халқнинг қадр-қимматини, аҳамиятини руҳан англаб етгандагина ватанпарварлик унинг қалбидан чуқур ўрин олади.
Янги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлаш ҳамда унинг тадрижий ривожланишга ватанпарвар шахс сифатида ҳисса қўшиш барча ватандошларимизнинг эзгу орзу умидларидан бирига айланмоғи керак. Узоқ ўтмишдан ҳозирги давргача миллий тафаккуримиз негизида шаклланиб келган, турли ғоя ва амалий ҳаракатларда ўз ифодасини топган эл-юртимизнинг орзу-умидлари бугунги кунда Янги Ўзбекистон тушунчасида жамулжамдир.
Ватанпарварлик – шахс маънавиятининг ажралмас қисмидир. Юрт келажаги, ватанимиз тараққиёти ва халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимиз ва ёшларимизнинг қай даражада ватанпарвар эканликларига боғлиқ. Ҳозирги кунда таълим муассасаларида ватанпарварлик тарбиясини амалга оширишга ягона илмий асосланган ёндашувни ишлаб чиқиш кам сонли олимлар гуруҳининг эмас, балки бутун бошли сиёсий-тадқиқот ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳам муҳим вазифаси ҳисобланади.
Янги Ўзбекистон – муқаддас Ватан, ота-боболаримиз хоки ётган ер. Фарзандларимизни шу заминга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбларида шу муборак заминнинг ҳар қаричига меҳру муҳаббат уйғотиш бугунги куннинг энг устувор фазилатларидан бирига айланаётгани ҳаммамизни қувонтиради.
Отабек ҒАЙБУЛЛАЕВ
Самарқанд давлат чет тиллар институти
Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор,
фалсафа фанлари доктори, профессор
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг