Ватан... икки дунё сендан кечмайман!
Архив сурат
Соғинч
Таниқли шоир Азим Суюн 1948 йил 22 февралда Самарқанд вилоятидаги Накурт қишлоғида туғилган.
Ижодкорнинг «Менинг осмоним», «Зарб», «Замин тақдири», «Хаёлот», «Жавзо», «Куйганим — суйганим», «Қора кўзинг сенинг», «Сайланма», «Шарқ ҳикмати», «Эй дўст» китоблари, кўплаб достонлари адабиёт ихлосмандлари томонидан севиб мутолаа қилиб келинмоқда.
Шоир шеърлари ўзига хос оҳанги, услуби, бахшиёна руҳи билан ажралиб туради. Қалбдан отилиб чиққан ҳаяжонли, қуйма сатрлар ўқувчи ёдига тез ўрнашади, дил тўридан жой олади.
Азим Суюн 2020 йилнинг 9 март куни вафот этган.
ВATAH
Ўзимни танидим, кўкларда учдим,
Момиқ булутларнинг ҳавосин ичдим —
Кўзларим тўймади, кўзлардан кечдим.
Ватан! Онт ичмайман, қасам ичмайман,
Лекин икки дунё сендан кечмайман!
Олис денгизларда суздим балиқдай,
Офатижон соҳил, юрдим холиқдай,
Денгизим йўқ гарчи, бездим, толиқдим,
Ватан! Онт ичмайман, қасам ичмайман,
Лекин икки дунё сендан кечмайман!
Мен кезмаган жаннат боғлар қолдими?
Оёғим етмаган тоғлар қолдими?
Улар жодусига жон бойландими?
Ватан! Онт ичмайман, қасам ичмайман,
Лекин икки дунё сендан кечмайман!
Айтиб бўлмас экан дунёлар сирин,
Қалбда бир япон қиз исми яширин.
Тожмаҳалда кўзёш тўкканларим чин.
Ватан! Онт ичмайман, қасам ичмайман,
Лекин икки дунё сендан кечмайман!
Оҳ-оҳ, айланайин бўйингдан ўзим,
Юзим ўзингдирсан, ўзингсан кўзим.
Сенга қўшиқларим кўп эрур менинг.
Ўлсам, қучоғингда ўлурман сенинг!
Ватан! Онт ичмайман, қасам ичмайман,
Лекин икки дунё сендан кечмайман!
АНҒИЗ ЎСГАН ЕРЛАРДА
Анғиз ўсган ерларда отлар бевақт ўлмагай,
Яхши бўлса аёллар эрлар юзи сўлмагай.
Қайси юртда чинакам ботир бўлса йигитлар,
Ўшал юртнинг эллари ёвларга қул бўлмагай.
От минмаган от минса, чопа-чопа ўлдирар,
Боғ кўрмаган боғ кўрса, пайҳон қилар, сўлдирар.
Ҳушёр бўлгил, жон элим, элдай сақла элингни,
Ёвларингга йўл берсанг, поймонангни тўлдирар.
Бош кесилса, ёронлар, сочга мотам тутилмас,
Қон қусилса, ёронлар, ичга сувдек ютилмас.
Қай бир миллат тупроғин топтар экан маккор ёв,
Ўзлигин билганларнинг бахти асло бутунмас!
Арғумоғларга мининг,
Ғолиб қилич ёр бўлсин!
Бу дунёда ҳар кимнинг
ўз Ватани бор бўлсин!
Азим СУЮН
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг