Ун ва қанд маҳсулотларини кўп истеъмол қилиш қабзият ва саратонни келтириб чиқаради — мутахассис

17:07 16 Февраль 2023 Жамият
605 0

Юртимизда аҳолининг 56 фоизи ортиқча вазн, 38 фоизи юқори қон босими ва 8,4 фоизи қанд миқдорининг юқорилигидан азият чекади. Мутахассислар бунинг асосий сабаби нотўғри овқатланиш эканини таъкидламоқда.

Хусусан, таркибида туз, қанд, ёғ миқдори кўп бўлган таом ва ширинликларни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилиш катталарда юрак-қон томир, эндокрин ҳамда хавфли ўсма каби эрта ўлимга олиб келувчи касалликларни келтириб чиқаради.

— Тўғри овқатланиш саломатликнинг энг муҳим мезони, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош нутрициологи, Тошкент тиббиёт академияси Овқатланиш гигиенаси ва болалар, ўсмирлар гигиенаси кафедра профессори Гули Шайхова.

— Шу боис, аввало, сурункали касалликларнинг олдини олиш учун табиий тоза ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш талаб этилади. Улар таркибидаги асосий озиқ моддаларига оқсиллар, ёғлар, углеводлар, витаминлар ва минерал тузлар киради.

Қувват қиймати 10-15 фоиз оқсиллар, 30-35 фоиз ёғлар, 50 фоиз углеводлар томонидан таъминланиши керак.

Агар кунлик егулик таркибида ёғ ва мойлар ортиқча бўлса, юрак-қон томир касалликларининг келиб чиқишига сабаб бўлади. Ун ва қанд маҳсулотларини меъёрдан ошиқча истеъмол қилиш эса диабет, артрит, қабзият ва саратон хасталикларига сабаб бўлади.

Гўшт маҳсулотларини ортиқча ейиш қонда азот бирикмалари концентрациясини ошириб, оқибатда подагра ва буйрак касалликларини пайдо қилади. Аксинча овқатлар таркибида минерал тузлар, микроэлементлар ва витаминларнинг етишмаслиги танада моддалар алмашувининг бузилиши билан боғлиқ хасталикларни келтириб чиқаради.

Шу боис кунига 4-5 маротаба оз-оздан овқатланиш, оқсиллар, ёғлар, углеводлар, аминокислоталар, ёғ кислоталари ва фитонцидлар миқдори баланслашган бўлиши зарур. Яъни егуликлар турли-туман бўлишига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер