Тупроқ унумдор бўлса...
Дунёда рўй бераётган глобал иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммолар бугун инсониятни жиддий бош қотиришга ундамоқда. Энг катта хавф-хатар сифатида ҳаво ҳароратининг кескин ошиб бораётгани, бунинг натижасида сув тақчиллиги юзага келаётганини кўрсатиш мумкин. Шу боис, бебаҳо неъмат — сув ресурсидан оқилона фойдаланиш бугунги куннинг энг долзарб масаласига айланди.
Республика Гидрометеорология хизмати маркази маълумотларига кўра, мамлакатимизда кейинги 150 йил давомида ўртача йиллик ҳарорат 1,6 даражага (13,2°С дан 14,8°С гача) юқорилаган. Бу эса ҳавонинг ҳарорати ҳар йили ўрта ҳисобда 0,01°С га ошиб бораётганлигини англатади. Яна бошқа бир манбага кўра, 2030 — 2050 йиллар оралиғида минтақада ҳаво ҳарорати яна 1,5-3,0°С га кўтарилиши башорат қилинмоқда. Бу глобал миқёсда кузатилаётган ўртача ўсиш суръатларидан баланд.
Ўзбекистон иқлим ўзгаришига жуда тез берилувчан, кескин континентал мамлакатлар сирасига киради. Дунёда иқлим ана шундай глобал даражада ўзгариб бораверса, келгусида республикамиз шароитида ҳам ҳаво ҳароратининг кўтарилиши натижасида қор қопламларининг қисқариши, сувнинг буғланиш коэффициенти ошиши, ёғингарчиликнинг нотекис тақсимланиши, йил давомида умуман ёғингарчилик бўлмаган кунлар сони кўпайиши кузатилади.
Тупроқда намликнинг камайиши, атмосфера ҳавосида чангланишнинг ортиши, ҳароратнинг ҳаддан ташқари исиши ва совиши каби аномал ҳолатлар содир бўлади. Ҳудудларда сув ресурслари тақчиллиги сезилади. Қурғоқчилик хавфи ортади. Деградация жараёнлари кучайишига, яшаш ва хўжалик юритиш мумкин бўлган ерлар қисқаришига, қишлоқ хўжалигида етиштириш учун мақбул экинлар таркибининг бутунлай ўзгаришига олиб келади. Қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлик кўрсаткичлари тушиб кетиб, озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий хавф солиши мумкин.
Мамлакатимизда иқлим ўзгариши салбий оқибатларининг ўз вақтида олдини олиш ҳамда бартараф этиш учун кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Улар сирасига экинларни суғоришда обиҳаётдан самарали фойдаланиш мақсадида қишлоқ хўжалик экинларини сув тежовчи технологиялар асосида суғоришга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Бу биринчидан, моддий ва табиий манбалар тақчиллигини юмшатса, иккинчи томондан маҳсулот етиштиришда ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришга, маҳсулот таннархини пасайтиришга хизмат қилади. Ишлаб чиқаришда маҳсулот миқдори ва сифатини ошириш, таннархни пасайтиришдаги бош агротехнологик омиллардан бири эса тупроқ унумдорлиги ҳисобланади.
Айни кунларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда ресурс тежовчи технологиялар кенг жорий этилмоқда. Бироқ, мазкур технологиялар аксарият ҳолларда тупроқ унумдорлиги паст бўлган майдонларда қўлланилаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Худди шундай ҳолатдаги майдонларда бундай технологиялар тўлиқ ўз самарасини бермайди. Тупроқ унумдорлиги паст бўлиши ҳисобига кутилаётган самарадорлик 40-50 фоизгача камайиши мумкин. Демак, тупроқ унумдорлигининг паст бўлиши ишлаб чиқариш харажатларини ҳамда маҳсулот таннархини ошириб, қўшимча сарф-харажатларни талаб қилади. Натижада ресурс тежовчи технологиялар самарадорлиги сезилмайди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, хулоса қилиш мумкинки, агар тупроқ унумдор бўлса намлик узоқ вақт сақланади, ўсимликлар парваришида қатор ораларига механик ишлов беришлар сони камаяди. Ерда микрорганизмларнинг биологик фаоллиги жадаллашиб, тупроқнинг биологик ва экологик муҳити яхшиланади. Озиқа моддаларнинг ўсимликлар томонидан ўзлаштирилиши жараёни кучаяди. Пировардида ўсимликлар парваришида қўшимча сарф-харажатлар қилишга ҳожат қолмайди. Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, тупроқ унумдорлигининг юқори бўлиши ресурс тежовчи технологиялар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Баҳодир ХОЛИҚОВ,
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қарашли Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш
агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири,
қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг