Тўрақўрғонда “Газеталар куни” ўтказилди

08:30 02 Декабрь 2023 Жамият
508 0

Фото: “Халқ сўзи”

Матбуот барча замонларда давлат билан халқ ўртасида маънавий кўприк вазифасини бажариб келган. Ижтимоий тармоқлар пайдо бўлгандан сўнг босма нашрларга эҳтиёж сусайгандек бўлсада, газета-журналларнинг ҳамиша ўз мухлиси ва ўқувчиси бор. Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида ўтказилган “Газеталар куни” маънавий-маърифий тадбирида айни мавзу кун тартибига қўйилди.

Туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров ўз сўзида аҳоли маънавиятини юксалтириш, миллий ғоя тарғиботида оммавий ахборот воситалари, хусусан, кундалик матбуотнинг ўрни ва аҳамияти катта эканлигини эътироф этди.

Муштарийлар билан мулоқотда республика “Халқ сўзи”, “Янги Ўзбекистон”, “Қишлоқ ҳаёти” газеталарининг Наманган вилояти бўйича мухбирлари, “Наманган ҳақиқати” ва “Наманганская правда”, туман ҳокимлигининг “Давр” газеталари бош муҳаррирлари сўз олиб, ўз нашрларининг муҳим жиҳатлари, шунингдек, ижодий жамоаларнинг яқин келгусидаги режалари ҳақида ўртоқлашдилар.

— Мустақиллигимиз тенгдоши бўлган “Халқ сўзи” газетаси таҳририяти билан мустаҳкам алоқа ўрнатганмиз, — дейди туман ҳокимининг ўринбосари Икромжон Парпиев. — Ҳудудимиз ҳаётини фаол тарғиб этиш, илғор тажриба ва муваффақиятларимизни оммалаштиришда мамлакат бош нашрининг хизмати катта. Тўрақўрғонликлар кўпчилигининг газетага чин дилдан ошно эканликларининг боиси ҳам шунда.

Учрашувда иштирок этган фаол газетхонлар нашрлар мазмун-мундарижасини янада бойитиш, улар саҳифасида кичик ҳажмдаги тезкор ахборотларни кўпайтириш, мавзуларда инновацион янгиликларни кўпроқ қамраб олиш юзасидан ўз таклифларини билдирдилар.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер