Тўқсон кун ўтиб, даромад ҳамёнда

17:17 03 Ноябрь 2023 Жамият
396 0

Фото: “Халқ сўзи”

Тўқсонбости — эрта кўклам, иликузди кезларида аҳоли дастурхонини сабзавот ва сервитамин кўкатлар билан тўлдириш, пировард натижада бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омили.

Навоий вилоятида 2024 йил ҳосили учун деҳқон, томорқа эгалари ва фермер хўжаликлар томонидан ерларни тайёрлаш, сифатли уруғликларни танлаш ва экиш муддатини кечиктирмаслик бўйича чоралар белгиланиб, мунтазам назорат тадбирлари олиб борилмоқда.  

— Тўқсонбости усулида август-сентябрь ойларида 2,9 минг гектар ерга пиёз ва саримсоқпиёз, ноябрь-декабрь ойларида эса 17,2 минг гектар ерга сабзавот экинлари экиш кўзда тутилиб, туманларда штаблар ҳам ташкил қилинган эди, — дейди қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигининг вилоят бўлими бош мутахассиси Сирож Салимов. — Шу кунга қадар барча тоифа хўжаликларда 2,9 минг гектар ерга пиёз ва саримсоқпиёз экинлари экилиши таъминланди. Агентлигимиз томонидан Республика Президентининг 2022 йил 6 октябрдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, вилоятимиздаги 19 та фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳамда деҳқон хўжаликларига 3 миллиард 127 миллион сўмлик уруғ, минерал ўғитлар, ёқилғи ва бошқа харажатлар учун тижорат банкларидан кредит ажратиш бўйича тавсияномалар берилди.

Вилоятнинг Хатирчи туманида тўқсонбости усулининг ҳадиси ва даромадини олган фермерлар сафи йил сайин кенгаймоқда.

— Тўқсонбости мўмай пул, — дейди туманда фаолият олиб бораётган “Муҳаммад Малик” фермер хўжалиги раиси Қаҳрамон Жамилов. — 8 гектар боғ майдонимиз бор, шундан 5 гектар боғ қатор ораларига тўқсонбости экинлар экдик. 3 гектар ерга исмалоқ, 2 гектарига пиёз уруғларини қададик. Агентлик томонидан шартнома асосида 20 килограмм пиёз уруғи етказиб берилди. Эрта баҳордаёқ ҳосилнинг пулини оламиз. Қўлингда нақд пулинг бўлса, ҳосилинг баравж бўларкан.

Бу йил эса яна 30 сотих майдонга қулупнай экяпмиз. Седана ҳам экканмиз. Доривор ўсимлик экиб, харидорини топиб, экспорт ҳам қиламиз.

Таъкидлаш жоиз, тўқсонбости фермер ва деҳқонга кутилмаган даромад келтириши билан бирга бозорларимизда нарх-наво барқарорлигини таъминловчи муҳим манбадир. Аслида номи тўқсонбости бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда ушбу усулнинг омилкорлиги шундаки, вақтида экиб, ёғин-сочинли кунларга қолдирмай ундириб олиш зарур. Шунда у тўқсон кунда даромад келтиради.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер