Тил ─ миллат кўзгуси

20:38 20 Октябр 2023 Маданият
138 0

Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур” деган сўзларидан чуқур ҳикмат бор десак муболаға бўлмайди.

Дарҳақиқат, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан цингади. Она тили бу миллатнинг руҳидир.

Янги Ўзбекистонда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш, она тилимизнинг қадр-қимматини жойига қўйиш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида ўзбек тилида сўзлаган нутқи бу борадаги саъй-ҳаракатларга кенг йўл очиб, ўзбек тилининг нафақат республикамиздаги, балки жаҳондаги нуфузини янада мустаҳкамлади.

Барчамизга маълумки, мустақил диёримизда 21 октябрь санаси Ўзбек тили байрами куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири, 2023 йилнинг 18 октябрь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида Ўзбек тили байрами кунига бағишланган “Тил-миллат кўзгуси” мавзуида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Республика “Маънавият-маърифат” маркази Экспертлар комиссияси аъзоси, жамоатчи маслаҳатчи, халқаро тоифадаги спикер, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳамедова, Халқ депутатлари Янгиҳаёт тумани кенгаши депутати Умида Нишанбекова, Республика маънавият-маърифат маркази Янгиҳаёт тумани бўлинмаси масъули Умида Бўронова, Жамоат хавфсизлиги университети “Маърифат” маркази бошлиғи Шуҳратхон Муҳаммадхонов, Академия профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилари ва курсантлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар, она тилимизнинг ўзига хослиги, бугунги кунда давлат тилининг нуфузи ва мақомини ошириш борасидаги ислоҳотларга тўхталиб, ҳар бир ватан фарзанди ўз она тилини севиши, унинг қадр-қимматини жойига қўйишда фаол иштирок этиши зарурлигини, давлат идораларида давлат тилини ривожлантириш, давлат тилида иш юритишни ташкил қилиш ишларининг изчил давом эттирилаётганлигини алоҳида таъкидладилар.

Шундан сўнг, ижодкор меҳмонларимиз Она тилини улуғловчи бир қатор шеърларидан тадбир қатнашчиларини баҳраманд этдилар.

Учрашувда курсантлар ҳам сўз олиб, эл ардоғидаги шоирларнинг ижод намуналаридан ёд айтиб, устоз шоирлардан эсдалик шеърий тўпламлари билан бирга ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар. Тадбир ҳақиқий тил байрами ва шеърий кеча бўлганлиги, шунингдек, Она Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиққа уланиб кетганлиги билан тадбир иштирокчиларида илиқ таассуротлар қолдирди.

Алишер ОБИДЖОНОВ,

Академия бошлиғининг ўринбосари, подполковник.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер