Таълим-тарбияда танаффус йўқ

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган «Долзарб 90 кун» лойиҳаси ёзги таътил кунларида ҳам ўқувчиларнинг билим олишлари ва жисмоний чиниқишлари учун катта имкониятлар яратмоқда. Хусусан, Сирдарё вилоятида айни лойиҳа ижроси доирасида 42 та умумтаълим муассасаларида кундузги оромгоҳлар ташкил этилди. Кундузги оромгоҳларга 5200 нафардан зиёд ўқувчи жалб қилиниши мўлжалланган. «Баркамол авлод» болалар мактабининг 168 та тармоқ тўгараклари мунтазам ишлаши таъминланмоқда. Эътиборлиси, бутун ёз давомида вилоятнинг барча мактабларидаги спорт заллари, кутубхоналар, фаоллар зали, информатика хоналарининг эшиклари ўқувчилар учун очиқ бўлади.
— «Долзарб 90 кун» лойиҳаси дастури кенг қамровли, — дейди Сирдарё вилояти мактаб ва мактабгача таълим бошқармаси бўлими бошлиғи Ҳилола Назарбекова. — Шунга мос равишда уни амалга оширишга масъул бўлган ташкилот ва идоралар сони ҳам салмоқли. Яъни мазкур лойиҳада мактаб ва мактабгача таълим тизими билан бирга жами 15 та ташкилот иштирок этмоқда. Айни ҳамкорлик туфайли ёзги таътил давомида болаларнинг бўш вақтини мазмунли ва самарали ўтказиш, турли қизиқарли экскурсиялар, тадбирлар, танловлар ҳамда касбга йўналтирувчи машғулотлар ташкил этиш имконияти кенгаймоқда. Айни пайтда бошқармамиз томонидан ўқувчиларнинг ёзги таътил давомида ҳунар ва касб ўрганишлари учун «Устоз -шогирд» анъанаси асосида касбий кўникмалар марказларида қисқа муддатли курслар ташкил қилиш бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига таклифлар билдирдик. Ўқувчиларда касбий кўникмани шакллантириш ва уларнинг ҳунарли бўлишини таъминлаш «Долзарб 90 кун» лойиҳасидан кўзланган асосий мақсадлардан бири ҳисобланади.
Ёз давомида ўқувчи ёшларда ватанпарварлик, юртга муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлаш ва Ватанимиз ҳақидаги таассуротларини кенгайтириш мақсадида республикамизнинг диққатга сазовор манзилларига саёҳатлар уюштирилмоқда. Барча мактабларда ташкил этилган «Заковат» интеллектуал ўйинларига 2000 дан ошиқ ўқувчи жалб этилди. Шунингдек, мактаблардаги «Ёш стратеглар» шахмат тўгараклари аъзолари ўртасида вилоят даражасигача мусобақа ташкил этилиши кутилмоқда.
— Таълим-тарбияда танаффус бўлмайди, —дейди Ширин шаҳридаги 2-умумтаълим мактаби директори Райимжон Эгамбердиев. – Шу маънода «Долзарб 90 кун» лойиҳаси шу тамойилнинг мукаммал ва юқори самарали амалий ифодаси бўлмоқда. Айни кунларда мактабимиздаги 26 та синф ўқувчиларининг ҳар бири бирор фойдали машғулот билан банд. Тўгаракларимиз худди ўқув йилидагидек гавжум. Қувонарлиси, айни фаоллик ўқувчиларимизда таълим олишга бўлган иштиёқнинг юқорилигини билдиради.
Вилоятнинг турли ҳудудларида «Долзарб 90 кун» мобайнида ўқувчиларнинг шоирлар, ёзувчилар, ижодкорлар ҳамда чемпионлар билан учрашувлари ташкил этилади. Шунингдек, китобхонлик, ижодий ишлар, «Заковат», «Ихтирочиликка қадам» кўрик-танловлари ташкил этилмоқда. Тадбирлар мундарижасида ўқитувчиларни эъзозлашдек хайрли ва ибратли тадбирлар ҳам борлиги эътиборга молик. Гап шундаки, «Устозимга эҳтиром» шиори остида ўқувчиларнинг ўз устозларига чуқур ҳурмат ва миннатдорлик туйғулари ифода этилган мактубларини ёзиш челленжи ўтказилади. Шунингдек, миллий урф-одатлар, кийиниш маданияти, миллий таомлар тайёрлаш жараёнларидан иборат миллий видеоконтент тайёрланади. «Долзарб 90 кун»нинг «Меҳрли юраклар» лойиҳаси асосида яна бир хайрли иш — уйда таълим олаётган ўқувчилар ҳолидан хабар олиб турилиши ҳам эътирофга лойиқ.
Айтиш лозимки, ўқувчиларнинг ёзги таътилини мазмунли ва самарали ўтказишда мактаб ва ота-оналар ҳамкорлиги асосий омил бўлмоқда. Шу билан бирга, ота-оналар «Долзарб 90 кун» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган маънавий-маърифий, спорт-соғломлаштириш ва таълим-тарбия йўналишида олиб борилаётган ишлардан мамнунликларини билдирмоқда.
— Бу йил ўғлим Бунёдбек туманимиздаги 7-мактабда биринчи синфни тугатди, —дейди Гулистон туманидаги Юлдуз маҳалласида яшовчи уй бекаси Марҳабо Абдухалилова. — Ўқишга қизиқиши баланд, айниқса математикага. Яхшики, ёзги таътилда ҳам шу иштиёқи пасаймайдиган бўлди. Устози Лобар Рўзимуҳаммедова олиб бораётган тўгаракка қатнамоқда. Тўгарак машғулотларидан бўш вақтларида шахмат ўйнаш ҳамда китоб ўқиш билан машғул бўлмоқда. Албатта, болалик ўйинларига ҳам вақти етяпти. Демоқчиманки, у таътилда ҳам маза қилиб дам оляпти, ҳам ўзи қизиққан фан бўйича таълим оляпти.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг