Суперлига: 1-давра ўйинларига қанча мухлис ташриф буюрди?
Ўзбекистон Суперлигасида 2-давра учрашувлари бошланиш арафасида. 2025 йилнинг 7 июль санасида мусобақанинг 1-давраси якунига етган эди. Қуйида биринчи давра давомида стадионларга ташриф буюрган мухлислар сони ва статистик кўрсаткичларни кўриб чиқамиз.

Умумий кўрсаткичлар
Суперлиганинг биринчи даврасида жами 120 та учрашув бўлиб ўтди. Уларни стадионда бевосита кузатиш учун 575 мингдан ортиқ футбол ишқибози ташриф буюрган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, фақатгина 5 та ўйинга 15 мингдан ортиқ мухлис келган:
«Навбаҳор» – «Шўртан» – 25 250 мухлис;
«Андижон» – «Насаф» – 17 000 мухлис;
«Нефтчи» – «Пахтакор» – 15 500 мухлис;
«Навбаҳор» – «Андижон» – 15 420 мухлис;
«Насаф» – «Пахтакор» – 15 350 мухлис.
Шу билан бирга, ўтказилган 120 та ўйиннинг 17 фоизи, яъни 20 та баҳсда 1 000 нафардан кам томошабин иштирок этган.

Энг кам мухлис йиғган жамоалар
1-давра давомида айрим жамоалар мезбон сифатида ўз стадионларида эмас, балки бетараф майдонларда ўйин ўтказганлиги туфайли мухлислар сони сезиларли даражада паст бўлган. Бундай ҳолатлар қуйидаги жамоалар кесимида кузатилди:
«Хоразм» – 6 та ўйин;
«Бунёдкор» – 4 та ўйин;
«Бухоро» – 3 та ўйин;
«Қизилқум» – 3 та ўйин;
«Шўртан» – 2 та ўйин;
«Машъал» – 2 та ўйин;
Хоразм, Бухоро, Қизилқум, Шўртан ва Машъал клубларининг бундай ҳолатга тушганини тўғри тушуниш мумкин — уларнинг стадионлари Суперлига талабларига жавоб бермагани учун ўйинларни бошқа шаҳарларда ўтказишга мажбур бўлишган.

Бироқ бу рўйхатда Тошкент шаҳрининг энг йирик туманларидан бири – Чилонзор номидан иштирок этаётган «Бунёдкор» жамоасининг борлиги клуб маркетинг сиёсатига оид саволларни пайдо қилмоқда. Аҳоли сони энг кўп бўлган туманда жойлашган клубнинг тўрт уй учрашувига 1 мингдан кам мухлис ташрифи маркетингдаги камчиликлардан далолат беради.
Ўртача кўрсаткичлар
Стадионга келган мухлислар сони бўйича «Навбаҳор» жамоаси пешқадамлик қилмоқда. Наманган клуби уй учрашувларига ўртача 11 217 нафар мухлис ташриф буюрган.

Кейинги ўринларда:
«Динамо» (Самарқанд) – ўртача 11 166 мухлис;
«Андижон» – ўртача 10 673 мухлис;
«Нефтчи» — ўртача 9822 мухлис.
Энг паст ўртача натижалар эса қуйидаги жамоаларга тегишли:
«Хоразм» – ўртача 861 мухлис
«Бухоро» – ўртача 1 153 мухлис
Лекин шуни қайд этиш керакки, мазкур жамоалар ўз майдонларида ўйнамаётгани сабабли мухлисларнинг ўйинга ташрифи кам бўлмоқда.
2-давра қачон бошланади?
Суперлиганинг 2-давра учрашувлари 1 август санасидан старт олади. Унга кўра дастлабки баҳслар қуйидаги тартибда бўлиб ўтади:
«Машъал» – «Пахтакор»;
«Бухоро» – ОКМК.
Янги босқич олдидан Суперлига клублари маркетинг, инфратузилма ва мухлислар билан ишлаш борасида жиддий таҳлил ва ислоҳотларга муҳтож. Чунки замонавий футбол нафақат майдонда, балки трибуналарда ҳам жонли қўллаб-қувватлашни талаб қилади.
Муҳаммадамин Зуҳриддинов тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг