Столтенбергдан яна бир йил НАТО бош котиби лавозимида қолиш сўралди

00:12 29 Июнь 2023 Дунё
1100 0

Фото: Reuters

НАТО давлатлари Йенс Столтенбергдан яна бир йил давомида НАТО Бош котиби лавозимида қолишни сўради.

НАТОга аъзо 31 давлат ҳукуматлари Йенс Столтенбергдан ўз фаолиятини давом эттиришни ва яна бир йил бош котиб лавозимида қолишни сўради. Бу ҳақда Норвегиянинг “Верденс Ганг” газетаси хабар берди.

Нашрга кўра, Столтенберг ҳали бир қарорга келмаган, унинг ваколат муддати шу йил 1 октябрда тугайди. Шу билан бирга, уч дипломатик манба газетага яқин кунларда бир йил узайтириш бўйича расмий қарорни кутиш мумкинлигини айтган.

Шу йилнинг 27 июнь куни Столтенбергдан Гаагадаги матбуот анжуманида узайтириш тасдиқланишини қачон кутиш кераклиги сўралган.

“Мен ўз позициямга кўп марта аниқлик киритганман. Менда бошқа қўшадиган ҳеч нарса йўқ. Олдин бир неча бор айтганимдек, мен узайтиришни талаб қилмаяпман”, дея жавоб берган НАТО бош котиби.

Аввалроқ, Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Шимолий Атлантика альянсининг янги бош котиби бўлиш имкониятларини баҳолаган эди. Вазирнинг сўзларига кўра, президент Жо Байден бошқарувидаги Қўшма Штатлар Столтенбергнинг ўз лавозимида қолишини истайди ва унинг ўрнига номзод топиш масаласи кейинги йилга қолдирилган.

Айни пайтда “Financial Times“ манбаларига таяниб, Столтенберг ваколатининг узайтирилиши манфаатлардан келиб чиққан ҳолда  мантиқий эканлигини ва амалдаги бош котиб ўз бурчини ҳис қилган ҳолда лавозимида қолишга рози бўлишини ёзди. Қолаверса, НАТО мамлакатлари учун ҳаммани қониқтирадиган янги номзод бўйича келишиб олиш қийин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?