Сизни соғиндик, Анзират буви!

12:40 19 Февраль 2026 Жамият
255 0

Архив фото

Ассалому алайкум, Анзират буви!

Тинч-тотув, эсон-омон яшаб юрибмиз, шукр! Маҳалламиздаги янгиликлардан сўрасангиз, мухбирларимиз барака топишсин, барчасини оқизмай-томизмай, қўшиб-чатиб ёритиб ётишибди. Айтганча, уйимиз ҳам ёруғ. Бурунгидек чироқ ўчишлар, лампа шиша билан ёритишлар йўқ. Бироқ фозил одамлар жамияти орзулигича қолаётир. Шундан бўлса керак, вақти-вақти билан дардимни вақтли матбуот орқали дастурхон қилиб тураман. Чунки аччиқ гап тиш ичида қолса, моғорлай бошлайди. Ҳа, ундан кейин ўша оғиздан чиқаётган сўзнинг “ҳиди” кўпчиликка ҳам ҳузур бағишламайди-да. Сассиқдан кўра, аччиқ дуруст. Шундай эмасми, буви?

Сизга айтсам, ўтаётган кунларимизнинг бирида Тошкент вилоятидаги Нурафшон шаҳри ҳокими Илҳом Қиличхонов шаҳардаги Дегантепа маҳалласида аҳоли билан учрашди, уларнинг таклиф ва муаммоларига қулоқ тутди, масъулларни ўрнидан турғизиб қўйиб, зарур топшириқларни берди. Мулозимлар ҳамма арз-додни, ҳамма мурожаатни нуқта-вергул қўйиб ёзиб олди. Очиқ мулоқот тафсилотларига бироздан сўнг бафуржа тўхталаман. Ҳозир гап жамоатчилик назорати, аниқроғи, Сиз ҳақингизда, Анзират буви.

Биз Сизни, шу билан бирга, Холмат ота ва Мастон момони 1982 йилда Рихсивой Муҳаммаджонов сценарийси асосида тасвирга олинган кинорежиссёр Мелис Абзаловнинг “Суюнчи” фильми орқали жуда яхши таниймиз. Бу фильм халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган, десам, сира адашмайман. Мазкур фильмдаги диалоглар оддий одамлар орасида ибораларга айланиб кетгани ҳам сўзимни тасдиқлайди.

Чол-кампирлар ўгити ҳаммага ҳам бирдай хуш келавермаслиги табиий. Шунинг учун ҳам Сиз каби инсонларни, набирангиз таъбири билан айтганда, “ҳамма ёмон кўради”. Бироқ Сизлар “оилада тартиб-интизом бўлишини хоҳлайсиз”, холос. Рост, Сиз ҳамманинг ишига аралашаверасиз. Гарчанд, суд ё прокурор бўлмасангиз-да, маҳалладошларингиз тақдирига нисбатан дахлдорлик ҳисси билан яшайсиз.

Фильмда Сизни “феодал бўлиб кетган” дейди набираларингиздан бири. Хоҳлаган одамингизни уришишингиз, хоҳлаган одамингизга уйлантирмоқчи бўлишингиз ҳам ёлғон эмас ва бу яқинларингизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлади. Сиз қайси замонда яшаётганингизни жуда яхши биласиз. Шу билан бирга, оилавий-ижтимоий мажбуриятлардан юз ўгирилган лаҳзада ҳаёт издан чиқиши, бундай турмуш тарзи орқали рисоладагидек яшаб бўлмаслигини ҳам ўз умрингиз мисолида чуқур англаб етгансиз. Ахир, ёлғиз боши билан не-не қийинчиликларга дош берган, тақдирнинг қанчадан-қанча синовларидан сабот билан ўтган аёл – Сиз бўласиз-ку. Зеро, Холмат ота айтганидек, “Сизнинг эрингизни – биринчи раисни “қулоқ”лар 30-йилда болта билан чопиб кетган, Сиз ёш ҳолингизча тул қолиб, бутун бир қишлоқни очарчиликдан қутқариб, бойлардан дон-дун тортиб олиб боққан... аёл учун бу қишлоқда ёт-бегона одам йўқ”. Шунинг учун ҳам қишлоқдошларингизга жонингиз ачийди, камчиликларга, миллий қадриятларнинг дарз кетишига жим қараб тура олмайсиз, сукут ва кузатиш виждонингизга хиёнатдир.

Дарҳақиқат, бу қишлоқда Сиз “бошлиқ баъзи бир пенсионерлар” қўяётган айблар билан ҳеч кимни жавобгарликка тортиб бўлмайди. Сизлар аралашаётган масалалар учун ҳеч қайси кодексда айблов белгиланмаган. Аммо булар кўз юмиб ҳам бўлмайдиган ҳолатлардир.

Эсласангиз, фильм аввалида қишлоққа Тошкентдан вертолётда келар эдингиз. Фаросатли томошабин бу парвоз орқали юрагингизнинг нақадар бақувват эканини англаши табиий. Бироқ йўл азоби – гўр азоби. Вертолётдан тушгач, сафар чарчоғини чиқариш учун уйга бориб, нафас ростласангиз ҳам бўларди. Лекин Сиз бундай қилмайсиз – тўппа-тўғри шаҳарда даволаниб ётган Ҳожимурод отанинг уйига бордингиз. Сўнг унинг ўғлининг олдига... Тўғри, ҳуқуқий жиҳатдан олиб қараганда, уч ой давомида Тошкентдаги шифохонада даволанаётган отасидан хабар олмагани учун фарзандни жавобгарликка тортиб бўлмайди. Аммо қадрият нуқтаи назаридан ёндашилса, ҳақ эдингиз. Фильм якунида бу ҳақиқат ўз тасдиғини топади ҳам. Ўғли ҳол сўраб борганидан сўнг Ҳожимурод ота зумда соғайиб, оёққа турганига гувоҳ бўлганмиз-ку, ахир.

Эшикнинг бузилган қулфи саҳнаси эса ҳалоллик ва тўғриликка ўқилган мадҳиядир! Зеро, маҳаллада Сиз, Холмат ота ва Мастон момо каби кексалар бўлса, бу жойда ўғрилик, нохуш ҳолат рўй бермайди. Алалхусус, “генерал” бувижон, мана шу саъй-ҳаракатларингиз орқали она қишлоғингизда жамоатчилик назоратини таъминлаб келар эдингиз.

Бу фильм ва ундаги саҳналарни бежиз эслаганим йўқ, Анзират буви. Дегантепага борган ҳокимга шу ерда яшовчи бир онахон бундай шикоят қилди:

– Ўғлим билан келиним автоҳалокат оқибатида вафот этган. Фарзанд доғида тўрт етимни қучоқлаб, бўзлаб қолдим. Уларнинг тўрт етим боласини чолим билан тарбиялаймиз. Тўнғичини узатдик, уч бола биз билан яшайди. Лекин маҳалла идорасидагилар ёрдам бермайди, шаҳар ҳокимлигига борсам, у ердан ҳам садо йўқ. Маҳалладан яқинда бир миллион сўм ёрдам берилди – коммунал харажатлар учун, деб. Шу, холос. Уйимиз исимас эди, бултур кузда қўшнидан қарз, банкдан беш миллион сўм кредит олиб, қувур ўтказдик...

Шу ерга келганда онахоннинг кўзидан икки томчи ёш оқди.

Ҳақ рост, таъсирли ҳолат. Бу сўзларни эшитиб, мен ҳам “маҳалла еттилиги” масъулларини маломат ёмғири остида қолдиришга ҳозиру нозир турган эдим. Шу вақт аёлнинг мурожаатини тинглаган ҳоким савол билан унга юзланди:

– Неча фарзандингиз бор, хола?

– Учта.

– Бу уйингиздаги набираларингиз-а?

– Ҳа...

– Марҳум ўғлингизнинг эмас, ўзингизнинг неча фарзандингиз бор?

– Саккизта, Худога шукр. Лекин улар биз билан турмайди, ўзларининг оиласи, уй-жойи, рўзғори бор.

– Менга маҳалла нозирини чақиринг! У ота-онасидан хабар олмаётган саккиз болани чақиртирсин! Уларнинг ҳар бири билан ўтказилган профилактик суҳбат бўйича маъмурий баённома столимга кирсин!..

Бу суҳбат мен қатори кўпчиликни шошириб қўйди. Уч етим билан яшаётган ота-она саккиз фарзандни дунёга келтириб, вояга етказиб, уйли-жойли қилсаю муштипар ота-она совуқ уйидан арзи ҳол қилиб юрса. Очиғи, саккиз фарзандга беш кетмадим, Анзират буви!

Шу ўринда, жамоатчилик назорати маҳалладан бошланиши хаёлга ва “Суюнчи” киноси хотирга келади. Ҳайҳот, Дегантепа маҳалласида маҳалладошлари тақдирига бефарқ бўлмаган бирорта сиздай кайвони ёки отасидан хабар олмагани учун ношуд ўғилни ҳассаси билан туртувчи бирорта Холмат ота топилмаса! Топилса эди, зора, онахон ёрдам сўраб ҳокимга мурожаат қилмаган бўлармиди?..

Ота-оналаримиз – бизнинг бахтимиз. Энг ғанимат неъматимиз ҳам ота-оналаримиздир. Уларнинг ҳаёти, турмуши ва кайфиятига бефарқликни ҳеч қачон кечириб бўлмайди!

Сизларни соғиниб қолгувчи набирангиз

Отабек ИСРОИЛОВ («Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?