Сирдарёда янги телемарказ қурилди
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Сирдарё вилояти телерадио канали яқинда янги бинода иш бошлади. Айтиш лозимки, ушбу оммавий ахборот воситаси ташкил топганидан буён мослаштирилган бинода фаолият юритиб келаётган эди.
— Янги офисимизнинг меъморий ечимию бичимида телерадио медиа материалларини тайёрлаш ҳамда эфирга узатишни ҳар жиҳатдан сифатли амалга оширишда зарур бўладиган барча талаб ва имкониятлар ҳисобга олинган, — дейди «Сирдарё» телерадиоканали директори Зафар Дархонов. — Ижодий ва техник ходимлар учун яратилган шароитлар ҳам аъло. Қолаверса, бинонинг ҳали давом этаётган техник-технологик жиҳозланиши ҳам замонавий талабларга мос бўлмоқда.
Маълум қилинишча, янги бино туфайли эшиттириш ва кўрсатувлар олиб бориладиган студиялар майдони бир неча баробарга кенгайди. Хусусан, радиостудия 50 квадрат-метр бўлса информацион дастурларнинг ижодий майдони 150 метр-квадратга етди. Ток-шоулар учун 450 метр-квадратлик кенг — мўл студия ташкил қилинди. Овоз ёзиш, эшиттириш ва кўрсатувларни монтаж қилиш хоналари ҳам бир неча бараварга кўпайди. Эътиборлиси, тўғридан тўғри эфирга узатиладиган кўрсатув ва эшиттиришларни олиб бориш имконияти кенгайди.

— Куни кеча «Сирдарё» телерадио каналида турли йилларда раҳбар, ижодий ходим бўлиб ишлаган журналистлар, жамоанинг меҳнат фахрийлари собиқ ишхонамизнинг янги биноси билан танишиб, ҳайратда қолдик, — дейди Сирдарё вилояти телерадио каналига 90 йилларда раҳбарлик қилган фахрий журналист Турғун Норқулов. — Ижодий-техник жараёнларнинг тез ва соз бажарилиши учун яратилган шароитлар таҳсинга лойиқ. Ушбу телемарказ мамлакатимиз ҳудудий телерадио каналлари бинолари ўртасида энг намуналиси ҳамда бошқа шундай офислар қуришда андоза олса арзийдиган, таъбир жоиз бўлса, ҳақиқий медиа кошонаси бўлибди.
Эътиборлиси, тележурналистлар янги бинода янги-янги ижодий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хусусан, яқинда Сирдарё вилояти мактаб ва мактабгача таълим бошқармаси билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг ёзги таътилига мўлжалланган 2 та кўрсатув ташкил этилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг