Симёғочга қўнган чумчуқ
Тасаввур қилинг: кеч тушиб, оила дастурхон атрофида тўпланган маҳал “лип” этиб чироқ ўчиб қолади. Кайфият тушади. Иштаҳа бўғилади. “Қачон чироқ келаркан?”, дея кутмоқдан, шам ёруғида овқат тановул қилмоқдан бўлак илож йўқ.
Яқин-яқингача кўплаб қишлоқларда, айниқса, чекка ҳудудларда аҳвол шу эди. Бухоронинг айрим қишлоқларида ҳатто “Қишлоғимиз симёғочига чумчуқ қўнса ҳам чироқ ўчади”, деган гармдоридек аччиқ гап қулоққа тез-тез чалинарди.
Юртимизнинг энг чекка гўшаларидан саналган Олот тумани Ғанчи Чандир маҳалласида яшовчи 78 ёшли Қурбонмурод бобога ҳам бу манзара бегона эмас. Бироқ турмуш ўртоғи билан етти нафар фарзандни оқ ювиб, оқ тараган, невара-ю чеваралари саноғида дафъатан адашиб қоладиган отахон умридан нолимайди. Умид билан яшаган муродига етади, деб билади. Буни қарангки, муродга етадиган кунлар келди. Олотда қуввати 250 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда электр энергиясини сақлаш тизими ишга туширилди.

Бирлашган Араб Амирликларининг “Маsdar” компанияси томонидан барпо этилган бу йирик лойиҳага 273 миллион АҚШ долларига тенг миқдорда инвестиция жалб қилинди. Иншоот 648 гектар майдонни эгаллагани, унинг қурилишида 1500 нафардан зиёд маҳаллий ва хорижий мутахассис ҳамда ишчилар меҳнат қилганининг ўзиёқ давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида рўёбга чиққан бу ишнинг оламшумул аҳамиятини кўрсатади. Бу ерда 254 минг хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг “яшил энергия” ишлаб чиқарилади. Эътиборлиси, 192 миллион метр куб табиий газ тежалади. Шунинг эвазига 266 тонна зарарли моддаларнинг ҳавога чиқарилиши олди олинади.
– Ишонч ва умид, сабру қаноат билан яшаганга нима етсин, – дейди Қурбонмурод ота. – Шукр, уйимиз ҳам, кўнглимиз ҳам чароғон бўлди. Узр, қулоғим сал оғирроқ. “Симёғочга чумчуқ қўнди”, дейсизми? Майли, чумчуқ тугул, олақарға ҳам қўнсин. Энди чироғимиз ўчмайди.
Истам ИБРОҲИМОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди
- Лойиҳаолди ва харид ҳужжатларини комплекс экспертиза қилиш тизими самарадорлиги оширилади
- «Ўзгидромет» шошилинч огоҳлантириш эълон қилди
- Тоғ-кон саноатидаги йирик инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг