СЕНГА ҲАВАСИМ КЕЛАДИ

10:15 24 Февраль 2020 Lifestyle
4840 0

Бу ўша аёл.

Ана, олдидаги овқатининг гўштини сўлоқмондай ўғлига илиниб ўтирибди.

— Ол, ўғлим, салгина семиришинг ¬керак, — дейди у. — Олақол...

Мен уни кеча тушдан кейин массажчи қабулида кўргандим. Навбатим етиб ичкарилаётганимда:

— Ҳай болам, ҳозир мани ўғлим кирсин, — деб қолди у.

Энсам қотиб:

— Хўп ажойиб одамлар бор-да! — дедим.

— Нимасини айтасиз? — деб қўйди массажчи ҳам.

Мен келганимда аёл ёнида бир йигит ўтирганди. Кейин уни “ЭКГ” хонасига ¬чақириб қолишди. Ўз-ўзидан навбат меники бўлиб қолди. Бу хотиннинг гапи бўйича ўғлининг келишини кутиб ўтиришим керакми? Массаждан чиқарканман яна ўша аёл:

— Ўғлимни ўрнига кирволдингиз-а? — деб қўйди.

— Ахир ўғлингиз бу ерда эмасди-ку? — дедим бу гал росмана ғашим келиб. — Сал юракни кенгроқ қилинг, хола!

— Ҳай, майли. Хафа бўлманг, болам...

Мана, ўша аёл.

Қаршимдаги столда ўғли билан ёнма-ён ўтириб, нонушта қиляпти. Уларга қараб, рости, ёшгина, тўпоригина йигитга меҳрим товланди. Онасини эъзозлаб сиҳатгоҳга олиб келибди. Она-бола биргаликда даволанишяпти. Қандай яхши! Мен-чи, мен... Ўқиган-нетган, оқ-қорани таниган одам. Бирор марта онамни сиҳатгоҳга олиб борганманми? Кўнгли учун бирор марта “Қаерингиз оғрияпти? Қаерга олиб борай?”, деб сўраганманми? Йўқ. Дунёда менинг онамдан соғ одам йўқдек, ҳеч қаери оғримайдигандек... Ваҳолонки, онамнинг бир эмас, бир неча касали бор эди.

— Тўққиз боламни тупроққа топшириб, юрагим тўққиз жойидан тешилган, — дерди бечорагинам.

Чиндан юраги хаста эди. Нафаси қисарди. Озгина юрса, вужудини тер босиб, ҳансираб қоларди. Бирор ёққа бирга бориш уёқда турсин, бир марта ҳам сиҳатгоҳга юбормапман-а, онажонимни! Эҳ, қанчалар худбинман, бешафқат, бағритошман! Бети қаттиқ, иккиюзламачи, мунофиқман! Қўйиб берса, ота-она иззати, ҳурмати, фарзандлик бурчи, меҳри, шафқати ҳақида соатлаб ваъз ўқишим мумкин. Амалда-чи?..

Эсласам, ҳаётимда бир мартагина, ўшанда ҳам туман ижтимоий таъминот бўлимида ишлайдиган дўстимнинг ундови билан онамга йўлланма олиб берган эканман. У ҳам бўлса... дам олиш уйига. Ўшандаги онамнинг хурсандлигини кўрсангиз!

— Худиярим мани дам олишга жўнатяпти! Курортга кетяпман! — дея эшикма-эшик юриб, қўлидаги йўлланмани кўз-кўзлаб, бутун маҳаллага суюнчилаб чиққанди онам.

Оғзи қулоғида дам олиш уйига жўнаб кетди... Ана-мана деб, иш деб, бошқа деб... бир марта бўлса-да, ортларидан бормаганимни, хабар олмаганимни ҳозир ўйласам... ўзимни-ўзим кечиролмайман, уялиб кетаман. “Онажон, мен кўрнамакни кечиринг!” деб ҳайқиргим, пойларига тиз чўкиб, узр сўрагим келади.

Бироқ...

Энди онам йўқ...

Минг йиғламай, минг сиқтамай, ҳар қанча таваллолар қилмай энди тополмайман онамни...

Ана, шундоққина рўпарамда она-бола қўш каптардек чуғурлашиб, нонушта қиляпти. Аёл ўқтин-ўқтин дастурхондаги нарсалардан, мева-чевалардан ўғли олдига суриб қўяди.

— Ол, ўғлим, ол...

Юрагим тошади. Ўша куни массаждан чиқиб, бу муштипар онани гап билан “чандиб” олганимни эслаб, ўзимни ўзим ёмон кўриб кетаман. Ахир она-ку! Умрини, борлиғини фарзандига, дилбандига нисор этишга ҳар доим, ҳар он ҳозиру нозир, мунис, меҳрибон она! Қалби дарё она!

Девдай йигит онаси ёнида минг қўйлик бойдай талтайиб ўтирибди. Ҳеч нарса билан иши йўқ. Беғам, хотиржам.

— Тўйдим, она! — дейди лаби-лунжини артаркан.

— Яна жиччагина егин, ўғлим! Ол, манавилардан олгин, олақол...

Э, нотаниш йигит! Сен қанчалар бахтиёрсан. Ёнингда онанг бор!

Сенга жуда-жуда ҳавасим келади...

Ортиқали НОМОЗОВ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?