Самарқандда кутилмаган жала оқибатлари бартараф этилмоқда

08:47 30 Апрель 2020 Жамият
1074 0

Жорий йилнинг 29 апрель куни соат 16:00 дан соат 18:00 га қадар Самарқанд вилояти ҳудудида кузатилган кучли ёмғир оқибатида Самарқанд шаҳрининг Галаосиё, Сўзангарон, Мирзо Улуғбек, Шоҳи Зинда, Тунукасозлар, Ойбек ва Избоскан кўчалари ҳудудига йиғилган оқава сувларининг ариқлардан тошиб чиқиши сабабли 8 нафар фуқаронинг ҳовлиси ва ертўлаларига сув кирганлиги кузатилди.

Самарқанд вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг хабарига кўра, жала оқибатларини бартараф этишга вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасидан 6 та махсус техника ва 44 нафар шахсий таркиб вакиллари, ободонлаштириш бошқармаси, “Сувоқава” ДУКдан 8 та махсус техника ва 52 нафар ишчи-ходимлар жалб қилинди.

Шунингдек, “Тошкент-Самарқанд-Бухоро” М-37А автомобиль йўлининг 39-40 километрдаги ёмғир сувларининг ариққа сиғмасдан оқиб тушиши туфайли йўлнинг 2-3 метри, чуқурлиги 1,5 метр ва кенглиги 0,6 метрлик қисми ювилиб кетган. Уни бартараф этиш мақсадида ишлар олиб борилмоқда.

Шиддатли ёмғир сабаб Булунғур тумани марказининг Алишер Навоий кўчасидаги 19-уй, Фурқат кўчасидаги 24-уй, Бахши кўчасидаги 10-уй, Шароф Рашидов кўчасидаги 14-уй, Спитамен кўчасидаги 60-уй, Соҳибкор кўчасидаги 25 “А”-уй, Чаманзор кўчасидаги 12-уй ва Ҳамид Олимжон кўчасидаги 6-уйнинг ҳовлисига сув оқиб кирган. Булунғур тумани ободонлаштириш бўлими томонидан аҳолига ёрдам кўрсатилмоқда.

Шунингдек, М-37 автомобиль йўлининг Булунғур туманига туташ Юқори нуқта пост-маскани ҳудудида ҳам сурункали ёмғир сувлари автомобиль йўлига чиқиб кетиб, йўлда соат 17:00 дан соат 17:40 гача вақтинча бир томонлама қатнов йўлга қўйилди. Ушбу ҳолат зудлик билан бартараф этилиб, автомобиль қатнови йўлга қўйилди.

Абдулазиз Йўлдошев

(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер