Сабр ва садоқат тимсоли
Ҳарбийлик — бу нафақат касб, балки бутун умрга танланган шарафли йўлдир. Бу фидойилик, масъулият ва қатъиятни талаб этади. Энг муҳими, бу йўлни ҳарбий билан бирга унинг оиласи ҳам босиб ўтади. Шу боис ҳарбий оилани сабр, матонат ва бирдамликнинг ҳақиқий намунаси, дейиш мумкин.
Мен ҳарбий соҳада 16 йилдан буён хизмат қилиб келмоқдаман. Шу йиллар давомида Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида сидқидилдан хизмат қилиш билан бирга, оилавий ҳаётимиз ҳам ҳарбий хизмат билан узвий боғлиқ бўлиб келди. Хизмат фаолиятим сабабли турли ҳудудларда яшашимизга тўғри келди.
Хусусан, Жиззах вилояти Бахмал тумани ҳамда Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида истиқомат қилдик. Бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, янги муҳитга мослашиш осон эмас. Аммо қаерда бўлмайлик, оилам доимо ёнимда бўлди. Ана шу бирдамлик менга ҳар қандай вазифани масъулият билан бажаришга куч бағишлади.

Ҳарбий хизматнинг ўзига хос жиҳатларидан бири — узоқ хизмат сафарлари, кечаю кундуз давом этадиган вазифалардир. Бу пайтларда оила соғинчи янада кучаяди. Айниқса, турмуш ўртоғим зиммасига катта масъулият тушади. Фарзандлар тарбияси, уй-рўзғор юмушлари, кундалик ташвишлар асосан унинг зиммасида бўлади. Бу эса улкан сабр, матонат ва фидойиликни талаб этади. Шукрки, турмуш ўртоғим ана шундай фазилатларга эга.
Биз уч нафар фарзанд — икки қиз ва бир ўғилни тарбиялаб вояга етказмоқдамиз. Фарзандларимизни билимли, тарбияли ва Ватанга садоқат руҳида вояга етказиш энг муҳим мақсадимиздир. Уларнинг ҳар бир ютуғи оиламиз учун энг катта бахт ва фахр ҳисобланади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун яратилаётган шарт-шароитлар алоҳида эътиборга лойиқ. Уй-жой масаласи, ижтимоий ҳимоя, фарзандлар таълимига қаратилаётган имкониятлар ҳарбийларнинг хизматга бўлган масъулиятини янада оширмоқда.
Ўз касбимдан фахрланаман. Чунки Ватан хизмати — олий бурч ва шараф. Ҳарбий оила эса шу шарафли йўлнинг энг ишончли таянчидир.
Абдулло МИРАҲМЕДОВ,
подполковник.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг