Қурилиш саноати профессионаллари — пойтахтимизда

Фото: Хасан Пайдо / «Халқ сўзи»
Кейинги йилларда юртимизда қурилиш ишлари тобора жадал тус олмоқда. Ушбу жараёнда энг илғор техника ва замонавий ашёлардан фойдаланилаётгани эса иш унумдорлигини оширяпти. Бунёдкорлик ишлари кенгайгани сари тармоқни зарур техника ва маҳсулотлар билан таъминлаш ҳам долзарб аҳамият касб этиб бораверади. Шу маънода, кеча пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ» мажмуасида иш бошлаган «Қурилиш — UzBuild — 2020» XXI халқаро кўргазмасининг аҳамияти катта. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси, Савдо-саноат палатаси каби ташкилотлар томонидан ўтказилаётган мазкур тадбирга қизиқиш ҳар қачонгидан юқори. Маҳаллий ва хорижий қурилиш материаллари, технологиялар ва махсус асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарувчиларнинг энг сара ютуқ ҳамда тажрибалари намойиши майдонига айланган кўргазмада Австрия, АҚШ, БАА, Германия, Грузия, Дания, Испания, Корея Республикаси, Лихтенштейн, Озарбайжон, Польша, Португалия, Россия, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Украина, Финляндия, Швейцария, Қозоғистон, Ҳиндистон сингари 25 мамлакатнинг 400 дан ортиқ компаниялари ўз маҳсулот ва хизматларини таклиф этмоқда. Эътиборлиси, жорий йилги саноат анжуманида 175 компания вакиллари илк маротаба ташриф буюрган.

— Мазкур тадбир юртимизда қурилиш саноати ва бунёдкорлик ишларини янада кенгайтириш ҳамда хорижий ҳамкорларлар билан алоқаларни мустаҳкамлашда айни муддаодир, — дейди «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси бошқаруви раиси Б.Зарипов. — Зеро, юртимизда сўнгги пайтларда ушбу йўналишдаги ишлар авж паллага чиқди. Жойларда янги завод ва корхоналар ташкил этиляпти, ички бозоримиз янги маҳсулотлар билан бойимоқда.
Дарҳақиқат, ҳар қандай соҳа ривожида халқаро алоқалар, инвестициялар муҳим аҳамият касб этади. Шу боис «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси тизимида бу борадаги ишларга жиддий эътибор қаратилмоқда. Пировардида, ўтган йили уюшма томонидан 1,3 млрд. АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб этилди. Шундан 680,4 млн доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. Инвестиция дастури доирасида 42 та, Ҳудудларни ривожлантириш дастурига биноан, 757 та лойиҳа ишга туширилди. Бу ҳаммаси эмас. Гап шундаки, Президентимизнинг 2020 йил 9 январдаги қарорига мувофиқ, 2020-2022 йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга оид умумий қиймати 6059 млн. долларлик 120 та лойиҳа рўёбга чиқарилиши белгиланган.

Жорий йилда уюшма томонидан ушбу лойиҳалар бўйича барча манбалар ҳисобидан 1,8 млрд доллар, шу жумладан, хорижий инвестициялар ҳисобидан 1,4 млрд. доллар ўзлаштириш ҳамда 64 та лойиҳани ишга тушириш кўзда тутилмоқда. Натижада 5,1 млн. тонна цемент, 22 млн. кв. метр силлиқ (флоат) қурилиш ойнаси, 2,5 млн. кв. метр линолеум, 750 минг куб метр газобетон блоклари, 50 минг дона санитар-техник буюмлар, 200 минг куб метр ДСП плиталари, 240 минг тонна қуруқ қурилиш аралашмалари ишлаб чиқариш ва 800 минг кв. метр табиий пардозбоп тошларни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш каби қувватлар вужудга келади.

Халқаро кўргазма асносида «ICCI — 2020» — Иккинчи халқаро қурилиш саноати анжумани ҳамда бир қатор семинар ва маҳорат дарслари, тақдимот маросимлари ўтказилиши режалаштирилгани бу каби режаларга пухта замин яратиши, шубҳасиз.
«Қурилиш — UzBuild — 2020» XXI халқаро кўргазмаси 28 февралга қадар давом этади.
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг