Қўқонда IT-Park филиали очилди

11:45 26 Ноябрь 2025 Жамият
177 0

Қўқон шаҳри азалдан илм-маърифат маскани сифатида танилган. Бугунги кунда ҳам шаҳардаги икки олий таълим муассасаси, техникумлар, касб-ҳунар мактаблари, умумтаълим муассасалари ва хусусий таълим марказларида ёш авлодга замонавий стандартлар асосида таълим-тарбия бериб келинмоқда.

Ушбу жараёнларни замонавий мезонлар асосида янада кенгайтириш мақсадида яқинда IT-Parkʼнинг Қўқон филиали ташкил этилди. Бу ерда халқаро меҳнат бозорида талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлашга қаратилган ўқув дастурлари жорий этилди.

Шу тариқа кўҳна Қўқонда ахборот технологиялари соҳасини жаҳон андозалари даражасига олиб чиқиш режалаштирилмоқда. Қўқон шаҳар ҳокимлигида АҚШ ва Буюк Британиядан ташриф буюрган мутахассислар иштирокида ўтказилган юзма-юз мулоқотда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Ташриф доирасида меҳмонлар Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов ҳамроҳлигида таълим муассасаларида ахборот технологияларига ўқитиш жараёнлари билан танишдилар, ўқув курсларининг сифат ва самарадорлиги ўрганилди.

— Мулоқот давомида IT йўналишида таълим бериш ва малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича ўзаро фикр алмашдик, — дейди ахборот технологиялари соҳасида халқаро эксперт Жеймс Венгер. — Асосий мақсад — янги авлоднинг IT соҳасидаги академик билим ва амалий кўникмаларини кенгайтиришдир. Шунингдек, рақамли маҳсулотларни яратиш бўйича халқаро бозор талабларига мос ўқув дастурларини жорий этиш, дастурчилар ва дастурлашни ўрганаётган ёшларнинг инглиз тилини мукаммал даражада ўзлаштиришини таъминлаш ҳамда самарали педагогик услубларни татбиқ этиш устувор вазифалардан ҳисобланади.

Қўқон шаҳар ҳокимлигида таълим муассасалари масъуллари иштирокида ўтказилган учрашувда мазкур йўналишда тизимли ҳамкорликни жадал ривожлантириш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш вазифаси белгилаб олинди.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?