Қалдирғочнинг сўнгги парвози

Бугун биз сўз юритмоқчи бўлганимиз — Владимир Иванович Фёдоров 1955 йилнинг 5 январида Тошкент вилоятида туғилган. Отаси Иван Фёдоров “миллионлар ўйини”га ихлос қўйган, ўзи ҳам ёшлигида футбол ўйнаганди.Шу боисдан ўғлидаги иқтидорни эрта пайқаб, уни ўша пайтдаги колхоз футбол жамоасига етаклаб борганди. Бу ерда Владимир И. Тошмуҳаммедов, В. Ятченко, Я. Аронович сингари мураббийлар қўлида сабоқ олди.
1972 йилда тренерлар Владимирни собиқ иттифоқ ўсмирлар терма жамоаси мураббийларига тавсия этишди.Чунки йигитчанинг майдондаги тезкор ҳаракатлари, тўп билан ажойиб тарзда муомала қилиши ҳар қандай кишининг эътиборини ўзига тортарди. Ашхободда ўтказилган халқаро турнирда у биринчи марта ўсмирлар терма жамоаси либосида майдонга тушди.Худди шу йили “Пахтакор” олий лига билан хайрлашгани туфайли ўз тарихида илк бор мамлакат чемпионати биринчи лигасида иштирок этди. Асосий мақсад олий лигага қайтиш эди, албатта. Жамоанинг ўша пайтдаги устози В. Соловьёв таркибга кўплаб ёшларни жалб қилди.Улар орасида Владимир Фёдоров ҳам бор эди. Мураббий ундаги катта истеъдодни кўриб, дарҳол асосий таркибга қўшди.Пермнинг “Звезда” жамоасига қарши кечган ўйинда қаҳрамонимиз илк бор асосий таркибда майдонга тушди ва рақиб дарвозасига тўп киритди. Бу гол жамоага ғалаба келтирди.
Владимир жуда тезкор ҳужумчи эди. Олдинги чизиқда ҳаракат қилувчи футболчи учун бу яхши фазилат саналади. Ундан ташқари, Владимир майдонда позиция танлашни яхши биларди.Айнан шу икки фазилат эвазига у рақиб ҳимоячиларидан ўзиб кетар, ҳаракатлари мухлисларга бир олам қувонч улашарди. Ҳужумни якунига етказиш борасида ҳам у тенгсиз эди. Иккиланиб турмасди. Рақиб ҳимоя чизиғини “ёриб” киришдан ҳайиқмасди. Замонавий футбол, жумладан, ўзбек футболига назар ташласак, ҳозир бунақанги ҳужумчилар бармоқ билан санарли даражада озлигини кўрамиз. Кўплаб ҳужумчиларимизда дадиллик, ташаббусни ўз қўлига олиш хусусияти, бошқача айтганда, яхши маънодаги тажовузкорлик етишмайди. Улар иложсиз вазиятга тушган каби тўпни ортга — ҳимоячиларга қайтариб қўя қоладилар. Оқибатда фурсат бой берилади. Ҳужумни яна қайтадан бошлашга тўғри келади.
Владимир эса туғма талант эгаси эди. У ўзининг тезкорлиги, ажойиб дриблинги эвазига рақиб ҳимоячиларини ортда қолдириб кетар, қойилмақом зарбаси билан дарвозабонларни доғда қолдирарди. Ушбу мақола муаллифи унинг мамлакат терма жамоаси сафида Венгрия терма командаси дарвозасига киритган голини жуда яхши эслайди. Ўшанда юртдошимиз тўпни ўз жарима майдончаси яқинидан қабул қилиб олиб, венгрларнинг етакчи ўйинчиси Нилашини ортда қолдирган, кейин ўзига пешвоз чиққан икки ҳимоячини алдаб ўтганди.Бу орада аламзада Нилаши Владимирни қувиб етди. Аммо ҳужумчимиз алдамчи ҳаракат билан уни яна ортда қолдирди ва дарвозабоннинг югуриб олдингга чиққанини пайқаб, тўпни унинг устидан “парашют” усулида ташлаб қўйди. Очиғи, бунақанги чиройли голларни ҳозир ҳам камдан кам учратасан, киши.
Дарвоқе, Владимир мамлакат терма жамоасидаги дастлабки ўйинини 1974 йилда Ирландия терма жамоасига қарши ўтказганди. Бунгача эса у ёшлар терма жамоаси сафида Европа чемпиони бўлганди. Умуман, 1974 йил В. Фёдоровнинг фаолиятидаги энг яхши даврлардан бири саналади. Ўша йили у ички чемпионатнинг энг кучли 33 футболчиси рўйхатидан ўрин олди.1976 йилда ҳам худди шундай натижага эришди. Яна бир жиҳати, терма жамоага ким бош мураббий бўлишидан қатъий назар у мамлакатнинг бош командасига чақириқ оларди. Бу ҳам унинг маҳоратига тан беришганини кўрсатади, албатта.
Владимир терма жамоа сафида 18 та ўйин ўтказган. Бундан ташқари, олимпия терма жамоаси либосида 7 учрашувда майдонга тушган. У 1976 йилда Монреалда бўлиб ўтган Олимпиада бронза медали соҳибидир.
Футбол мутахассислари Владимирнинг “иккинчи қават”да ҳам яхши ўйнаганини, дарвозага тайёргарликсиз аниқ зарба йўллай олганини таъкидлашади.”Пахтакор” сафида у турли турнирларда 50 дан зиёд гол киритди.17 ёшидаёқ жамоанинг асосий таркиб футболчисига айланди.Бу унинг ўз устида қаттиқ ишлагани, меҳнатдан қочмагани, футбол сирларини ўрганишни канда қилмагани далолати, албатта. Айнан шу жиҳатлари билан ҳам у ҳозирги ёш футболчиларга ўрнак бўла олади.
Владимирдаги яна бир яхши фазилатни алоҳида таъкидлашни истардик. У қадрдон жамоаси “Пахтакор”ни яхши кўрарди. Унга содиқ эди. Марказдаги йирик ва нисбатан кучли клублар уни ўз сафларига таклиф этишганида, қулай шарт-шароитлар яратиб беришни ваъда қилишганида ҳам “Пахтакор”дан кетмаганди. ”Пахтакор учун ўйнайман”, дерди у. Бугун – чи? Миллий чемпионатимизда тўп сураётган айрим футболчилар ўз жамоаларини худди қўлқопдек алмаштиришаётгани айни ҳақиқат. Кеча фалон клуб шарафини ҳимоя қилган бир футболчини ҳаял ўтмай бошқа бир жамоада кўрамиз. Орадан бир йил ўтиб, у яна бир бошқа клубда пайдо бўлади. Ваҳоланки, “Дарахт бир жойда ўсади”, деган гап бежиз айтилмаган. Бу борада ҳам айрим футболчиларимиз Фёдоровдан ўрнак олишса арзийди.
2002 йилда чоп этилган “Жаҳон футболи энциклопедияси”да “пахтакор”чи Владимир Фёдоров ҳақида қуйидаги сўзларни ўқиш мумкин: ”У мамлакатнинг етмишинчи йиллар иккинчи ярмидаги энг талантли ҳужумчиларидан биридир”. Шу эътирофнинг ўзиёқ юқоридаги фикрларимиз асосли эканини кўрсатади. Аммо бешафқат тақдир шундай маҳоратли футболчини орамиздан эрта олиб кетди. 1979 йилнинг машъум августида “Пахтакор” жамоаси тушган самолёт фалокатга учради.Ўзбек футболи ўзининг ажойиб вакилларидан ажралиб қолди.Улар орасида Владимир Фёдоров ҳам бор эди.
Ўшанда қаҳрамонимиз атиги 24 ёшда эди. Футболдан озгина бўлса-да хабари бор киши яхши билади: 24 – 30 ёш оралиғи бу футболчининг энг гуллаб – яшнайдиган давридир. Бинобарин, Владимир Фёдоровнинг энг яхши ўйинлари ҳали олдинда эди. Мухлислар Фёдоровнинг майдонда гўёки қуш каби учиши, енгил ҳаракатлар қилишини назарда тутиб, унга “Тошкент қалдирғочи” деб ном қўйишганди. Афсуски, 1979 йилнинг 11 августи у учун охирги парвоз бўлиб қолди.
Халқаро тоифадаги спорт устаси Владимир Фёдоров ўлимидан кейин 2006 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг