Қадамларимиз – одамлар ҳаётини ўзгартирувчи куч

18:38 26 Декабрь 2025 Жамият
436 0

Президентимизнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида ўтказадиган ҳар бир йиғилиши — бу оддий ҳисобот эмас, балки ҳудудлар тақдири, унинг эртанги куни ва бутун мамлакат тараққиётидаги ўрнини белгилаб берувчи муҳим сиёсий воқеадир. 24 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилиш ҳам айнан шундай мазмун ва моҳиятга эга бўлди.

Давлат раҳбари, аввало, сўнгги йилларда Сурхондарёда амалга оширилган ислоҳотларнинг натижаларини очиқ ва холис баҳолади. Саккиз йил ичида вилоятга 3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этилгани, 4 мингта саноат корхонаси иш бошлагани, саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг икки баробарга ўсиб, жорий йилда 17,2 триллион сўмга етиши кутилaётгани борасидаги рақамлар ортида ишбилармонлик муҳити яхшилангани, инфратузилма ривожлангани ва ҳудуд иқтисодиётида янги нафас пайдо бўлгани намоён бўлади.

Айниқса, камбағалликни қисқартириш борасида қўлга киритилган натижалар алоҳида эътирофга лойиқ. Бир йил ичида 126 минг оиланинг камбағалликдан чиқарилиши ижтимоий сиёсатнинг манзилли ва самарали олиб борилаётганидан далолатдир. Камбағаллик даражасининг 5,6 фоизгача пасайиши эса аҳолининг даромад манбалари кенгаяётгани, янги иш ўринлари яратилаётгани билан бевосита боғлиқ.

Ижтимоий соҳада энг муҳим ютуқлардан бири айнан муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуси билан вилоятдаги ичимлик сув масаласи борасида амалга оширилаётган ташаббуслардир. “Тўпаланг” сув омборидан қувур тортилиши орқали 2 миллион аҳолининг сув таъминоти тўлиқ таъминланди. Айниқса, ушбу тоза сувдан Термиз шаҳар аҳолиси ҳам тўлиқ баҳраманд бўлиш бахтига муяссар бўлгани Янги йил байрамига зўр туҳфа бўлди. Бу нафақат турмуш сифати, балки аҳоли саломатлиги ва келажак тараққиёт учун мустаҳкам пойдевор демакдир.

Қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар Сурхондарёнинг анъанавий имкониятларини замонавий ёндашув билан уйғунлаштираётганини кўрсатмоқда. Ер майдонлари қисқарганига қарамай, пахта ва ғалла ҳосилдорлигининг кескин ошиши интенсив технологиялар, илмий ёндашув ва хориж тажрибасининг тўғри жорий этилаётганидан далолатдир. Сабзавотчиликда интенсив усулларнинг кенгайиши, пиллачилик, чорвачилик ва паррандачиликда юқори кўрсаткичларга эришилгани вилоят аграр салоҳиятининг тўлиқ очилаётганини кўрсатади.

Шаҳарсозлик ва қурилиш соҳасидаги ўсиш эса вилоят ҳаётига янги сифат олиб кирмоқда. “Янги Ўзбекистон” массивлари, айниқса Термиз туманидаги Янгиобод лойиҳаси Сурхондарёнинг келажак шаҳарсозлик қиёфасини белгилаб бермоқда. Бу ерда фақат уй-жойлар эмас, балки мактаб, боғча, поликлиника, маданий ва ишлаб чиқариш ҳудудлари бир бутун тизим сифатида барпо этилмоқда.

Бироқ Президент йиғилишида фақат ютуқлар эмас, балки ҳал қилиниши шарт бўлган муаммолар ҳам очиқ-ойдин кўтарилди. Давлат раҳбари Сурхондарёнинг бой табиий ресурсларга эга бўлишига қарамай, саноат ишлаб чиқариш ҳажми қатор вилоятлардан ортда қолаётганини қатъий танқид қилди. 600 миллиард долларга баҳоланган қазилма бойликлар захирасининг ҳатто 10 фоизи ҳам ишга солинмагани — бу масъуллар олдида турган энг катта вазифалардан биридир.

Шу боис, келгуси йилда 114 та кон захираси асосида 3,2 миллиард долларлик 91 та лойиҳани амалга ошириш, драйвер инфратузилмаларга 175 миллиард сўм ажратиш орқали минглаб иш ўринлари яратиш вазифаси қўйилди. Бу қарорлар Сурхондарёни саноатлаштиришда янги босқични бошлаб беради.

Туризм соҳасидаги танқидлар ҳам чуқур маъно касб этади. Дарҳақиқат, вилоятнинг туристик имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаётгани, 4–5 юлдузли ва бренд меҳмонхоналарнинг йўқлиги соҳада тизимли ёндашув талаб этилишини кўрсатади. Янги туризм йўналишлари ва инфратузилмалар яратилиши маҳаллий аҳоли учун ҳам янги иш ўринлари, ҳам барқарор даромад манбаи бўлади.

Президент йиғилиши Сурхондарё учун аниқ йўл харитасини белгилаб берди. Энди ушбу вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, аввало, маҳаллий бошқарув органлари ва халқ депутатлари зиммасида. Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши Президент томонидан белгилаб берилган ҳар бир вазифанинг ижросини қатъий назоратга олади. Бир сўз билан айтганда, ислоҳотларнинг жойларда ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишида, биз, депутатлар ҳам ўзимизни масъул деб биламиз.

Куни кеча халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг 17-сессиясида Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилиниб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва келгусидаги аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Бундан кейин ҳам вилоят сессияларида ҳудуд салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, инвестицияларни жалб этиш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда ҳар бир сурхондарёлик ўз ҳаётида ислоҳотлар натижасини амалда ҳис этишига хизмат қиладиган долзарб масалаларни изчил равишда кўтариб чиқамиз.

Чунки бизнинг асосий мақсадимиз — Сурхондарёнинг тараққиётини рақамларда эмас, балки одамлар ҳаётидаги ижобий ўзгаришларда намоён этишдир. Зеро, Сурхондарё бугун ислоҳотлар ва имкониятлар остонасида турибди. Энди бу имкониятларни амалий натижага айлантириш барчамизнинг умумий масъулиятимиздир.

Абдураим ЧОРИЕВ,

Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер