Президент эътирофи – тадбиркорга ишонч ва рағбат

Саноат ривожи, хизмат кўрсатиш сифатининг ошиши, экспорт салоҳиятининг юксалиши — буларнинг барчаси замирида меҳнатсевар ва ташаббускор тадбиркорларнинг тинмас изланиши, меҳнати мужассам. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини рағбатлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Тадбиркорлар куни муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб соҳа вакилларини рағбатлантириш, уларнинг хизматларини эътироф этишга бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Президентимизнинг Фармони ва Фармойишига мувофиқ, юртимизда иқтисодий барқарорликка ҳисса қўшаётган, инновацион ёндашувлар асосида иш юритаётган, аҳоли бандлиги ҳамда фаровонлигини таъминлашда фаол иштирок этаётган бир гуруҳ ишбилармонлар юксак мукофотларга сазовор бўлди.
Термиз шаҳрида ўтказилган шундай тантанали маросимда Сурхондарё вилоятидан бир гуруҳ фаол тадбиркорлар муносиб рағбатлантирилди. Жумладан, Бандихон туманидаги “Омад” фермер хўжалиги раҳбари Ботир Ражабов Президентимиз Фармонига асосан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Унинг қишлоқ хўжалигидаги самарали фаолияти, замонавий иш услуби ва юртимиз озиқ-овқат хавфсизлигига қўшаётган ҳиссаси юксак баҳоланди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги фармойишига асосан беш нафар сурхондарёлик тадбиркор ушбу нуфузли мукофотга сазовор бўлди. Улар саноат, хизмат кўрсатиш ва агросаноат соҳаларида фаолият юритиб, вилоят иқтисодиётини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими томонидан “Шуҳрат” медали ва “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Тадбирда сўзга чиққанлар юрт тараққиёти, Янги Ўзбекистон равнақи йўлида тадбиркорларнинг тутган ўрни ва муҳим хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
“Омад” фермер хўжалиги раҳбари Ботир Ражабов “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани учун Президентимизга чуқур миннатдорлик изҳор этар экан, бу эътирофни фақат ўзининг эмас, балки юрт равнақи учун сидқидилдан меҳнат қилаётган барча тадбиркорларга берилган юксак баҳо сифатида қабул қилишини таъкидлади:
— Бугунги Янги Ўзбекистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, фаолият юритиш учун яратилаётган шарт-шароитлар, солиқ ва молиявий имтиёзлар, ер майдонларининг шаффоф ажратилиши — тадбиркорларни янада фаол бўлишга, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишга ундамоқда. Бундай ишонч ва рағбат биз, тадбиркорлар учун катта масъулият. Биз бу эътиборни амалий ишлар билан оқлашга ҳаракат қиламиз.
Айни пайтда Сурхондарё вилоятида 25 мингга яқин тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Улардан 21 минг 53 таси кичик корхона ва микрофирмалардир. Мазкур ишбилармонлар томонидан замонавий ишлаб чиқариш линиялари йўлга қўйилмоқда, янги иш ўринлари яратилмоқда, экспортбоп маҳсулотлар етиштирилмоқда. Хизмат кўрсатиш сифатининг ортиши, замонавий бинолар қурилиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш каби йўналишларда амалга оширилаётган ишлар аҳоли турмуш даражасини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур мукофотлар — бу фақатгина эътироф эмас, балки юртимизда тадбиркорликка, фидойи меҳнат эгаларининг хизматларига бўлган юксак муносабатнинг ёрқин ифодасидир. Янги ғоялар, янги ташаббуслар, ишонч ва рағбат билан бунёдкорлик сари интилган тадбиркорларимиз эса бу эътибор ва ишончни янада катта ютуқлар билан оқлашга интилмоқда.
Фарҳод ЭСОНОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг