Полиэтилен саноатининг локомотиви

17:42 17 Июнь 2025 Жамият
202 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». «Шўртангазкимёмажмуаси» масъулияти чекланган жамияти нафақат Қашқадарё вилояти, балки мамлакатимиздаги энг йирик газни қайта ишловчи корхоналардан бири ҳисобланади. Таъкидлаш жоиз, мустақилликнинг илк йиллариданоқ Ҳукуматимиз томонидан «Шўртан» газ конларидан қазиб олинаётган газни қайта ишлаш ва унинг таркибидаги қимматли хомашёларни ажратиб олиш бўйича ўрганишлар олиб борилди. Ниҳоят 1998 йилда дунёнинг бир қатор йирик компаниялари иштирокида мазкур мажмуани барпо этишга киришилганди. Уч йил давом этган қурилиш-таъмирлаш ишларидан сўнг, яъни 2001 йилда йилига 3,9 миллиард куб метр ҳажмдаги газни қайта ишлаш имконига эга улкан қувват ишга туширилди.

Бугунги кунда завод «Шўртан» газ конларидан қазиб олинган кам олтингугуртли газни қайта ишлаб, ундан тозаланган табиий газ, суюлтирилган газ, газ конденсати, олтингугурт, «бутен-1», «этилен» ҳамда полиэтилен каби маҳсулотларни ажратиб олади. Мазкур заводни барпо этишдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиз бозорида талаб ўта юқори бўлган полиэтилен гранулалари ишлаб чиқариш эди. Бугунги кунда ҳам бу йўналиш корхонанинг асосий драйвери бўлиб келмоқда. «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ ташаббуси билан ташкил этилган пресс-турда ОАВ ходимларига шу ҳақда кенг маълумот берилди.

— Айни пайтда корхонамизда йилига 125 минг тоннадан ортиқ бир неча хил маркадаги полиэтилен гранулалари ишлаб чиқарилмоқда, — дейди «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ раҳбари Шуҳрат Асланов. — Хом ашёга жаҳон бозорида ҳам талаб катта, бироқ биз уни фақат ички бозорга етказиб беряпмиз. Чунки бу маҳсулот мамлакатимиздаги кўплаб саноат корхоналари учун муҳим хом ашё ҳисобланади.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖнинг ўзида ҳам полиэтилен грануласидан кўплаб турдаги тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Полиэтилен қувурлар ва уларнинг уловчи қурилмалари, турли ҳажмдаги полиэтилен идиш ва қутилар, томчилаб суғориш тизими деталлари, алюмокомпозит панеллар, электр кабеллари шулар жумласидандир.

Эътиборли томони, ушбу лойиҳалар ортидан мажмуада 3500 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланган. Корхонанинг ижтимоий соҳа ривожига қўшаётган ҳиссаси ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда.

Пресс-тур давомида ОАВ ходимлари корхонанинг ишлаб чиқариш линиялари фаолияти билан яқиндан танишди. Уларга сўнгги йилларда корхонада олиб борилган технологик янгиланишлар, галдаги режалар, янги лойиҳалар ҳақида кенг маълумот берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер