Ўзбeкистон делегацияси Роттeрдам конвeнцияси Томонлари конференциясининг ўн иккинчи йиғилишида иштирок этмоқда

17:07 01 Май 2025 Иқтисодиёт
198 0

Шу кунларда Швейцариянинг Женева шаҳрида Роттердам конвенцияси Томонлари конференциясининг ўн иккинчи йиғилиши (RC COP-12) бошланди. Ушбу анжуман Базель конвенцияси Томонлари конференциясининг ўн еттинчи йиғилиши (BC COP-17) ва Стокгольм конвенцияси Томонлари конференциясининг ўн иккинчи йиғилиши (SC COP-12) билан кетма-кет тарзда 9 майгача давом этади.

“Яширин нарсаларни кўринарли қилиш: кимёвий моддалар ва чиқиндиларни оқилона бошқариш” мавзусида ўтаётган тадбир хавфли кимёвий моддалар ва чиқиндиларнинг инсон саломатлиги ҳамда атроф-муҳитга кўрсатадиган жиддий таъсирига эътиборни жалб қилишга қаратилган.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси делегацияси таркибида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, шунингдек, кимёвий моддаларни бошқариш соҳасидаги экспертлар иштирок этмоқда. Ўзбекистоннинг бу муҳим халқаро форумдаги иштироки мамлакатнинг экологик хавфсизликни таъминлаш ва аҳолининг саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатларга содиқлигини таъкидлайди.

Стокгольм ва Базель конвенцияларининг аъзоси бўлган Ўзбекистон учун ушбу конференцияда иштирок этиш Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида ФАО билан биргаликда амалга оширилаётган “Хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқариш бўйича техник кўмак” лойиҳаси учун алоҳида аҳамиятга эга.

— Ўзбекистоннинг Кимёвий конвенциялар бўйича Томонлар конференциясида иштироки хавфли кимёвий моддаларни бошқариш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш учун муҳим имконият тақдим этади, — деди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров. — Биз амалга ошираётган қўшма лойиҳа нафақат Чиқиндиларни бошқаришнинг миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва қишлоқ хўжалигидаги хавфли чиқиндилар тўғрисида сифатли маълумотлар базасини шакллантириш имконини беради, балки Ўзбекистоннинг Роттердам конвенциясига қўшилиш масаласини кўриб чиқиш учун замин яратади, бу эса мамлакатнинг экологик хавфсизлигини ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлади.

Йиғилиш доирасида Роттердам конвенциясининг III иловасига асетохлор, карбосулфан, хлорпирифос, хризотил асбест ва инсон саломатлиги ҳамда атроф-муҳит учун жиддий хавф туғдирадиган бошқа моддалар каби бир қатор хавфли кимёвий моддаларни киритиш масалалари кўриб чиқилмоқда.

30 апрель кунининг иккинчи ярмида ва 1 май 2025 йил эрталаб ўтказиладиган юқори даражадаги йиғилиш Базель, Роттердам ва Стокгольм конвенцияларини самарали амалга ошириш орқали атроф-муҳитнинг ифлосланиши, иқлим ўзгариши ва биологик хилма-хилликнинг йўқолиши каби муаммоларни ҳал қилиш бўйича глобал стратегияларни муҳокама қилиш учун муҳим имконият тақдим этади.

Ўзбекистоннинг ушбу йиғилишда иштироки мамлакатнинг Париж битими доирасидаги мажбуриятларини бажариш ва ресурслардан оқилона фойдаланишга урғу берган ҳолда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича миллий стратегиясининг муҳим қисми ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер