Оёқ остидаги неъмат

19:42 17 Май 2025 Жамият
395 0

Ҳар йили май ойида юртимизда тут ғарқ пишади. Қора, қизил, оқ ранг-баранг ва марвариддек тутларки, бири-биридан тотли, бири-биридан серҳосил. Таъбир жоиз бўлса, тутни оддий дарахт эмас, халқ дарахти дейиш мумкин. Негаки, сояси ҳам, мевасию барги, оғочию шоҳи ҳам инсонга фойда келтиради. У тез ўсади, ҳар қандай тупроққа мослашади. Шу сабабдан ҳамма жойга, кўп ҳолларда дала ва кўча четларига экилади.

Маълумотларга кўра, бир туп тут дарахти йилига ўртача 30 – 50 кг мева беради. Афсуски, шу ҳосилнинг бир қисмини қушлар ейиши ҳисобга олинмаганда деярли ҳаммаси ерга тўкилади. Натижада тўкилган тутларни одамлар, машиналар, чорва моллари босиб ўтади. Чунки йўл, йўлак четидаги тут борки, ҳосили оёқ ости бўлади. Лекин йўлдан ҳоли жойларда тўкилган тутларни увол бўлди, дейиш нотўғри. Боиси, улар қурт-қумурсқа ва бошқа жонивору ҳашаротларга емиш бўлади. Табиатда ҳеч нарса бежиз яратилмаган. Тут ҳам экотизим ва озуқа занжирининг узвий ва фаол иштирокчиси ҳисобланади.

Аммо шу ўринда савол туғилади: тут мевасини ҳам даромад келтирувчи маҳсулотга айлантирсак бўлмайдими? Эҳ-ҳе, ҳар йили тут пишиғида қанча мева исроф бўляпти? Ахир тут мевасидан хонадонларимизда азалдан қоқи тайёрлаш, мураббо, шарбат тайёрланадику?! Айни халқона технологиялар, саноат асосида қайта ишлаш йўлга қўйилса бўлмайдими? Албатта, бунинг учун тутларни танлаб экишга ҳам эътибор бермоқ керак. Уларни жойлаштиришда ҳам ҳосилининг увол бўлмаслиги ҳисобга олинмоғи лозим. Бунда шу кунларда Тошкент ва Гулистон бозорларида сотилаётган Сайхунобод тутлари андоза қилиб олинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Эътироф этиш керакки, Сайхунобод туманидаги кўплаб оилалар боғларидаги балх тути каби мазкур наботот турининг ноёб навли дарахтларининг мевасини ерга туширмай териб олиб, бозорларга чиқаради. Тутдан қўшимча даромад топади. Мазкур туман атроф жавонибда ҳақли равишда «Тут маркази» деб таърифланади.

Тутнинг фойдаси катта. Унинг барги тўқимачилик саноатида миллий брендимизга айланган атлас ва адрасимиз ипаги пайдо бўлишининг бош омилидир. Ёғочидан турли дурадгорлик буюмлари ясалади, сояси – оромижон. Фақат юқорида келтирилганидек, келгусида юртимизда тут ҳосили нобуд бўлиши, энг ачинарлиси, ушбу ширин- шарбат неъматнинг кўчаларга тўкилиб увол бўлмаслигига эътибор қаратсак, мақсадга мувофиқ бўларди.

Севара РАСУЛОВА,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар

университети 1-босқич талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер