Ободлик ва саришталик йўлида бирдамлик

18:11 22 Август 2025 Жамият
357 0

Юртимиз мустақиллигининг 34 йиллик тантаналарига муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашарида Наманган вилояти аҳли ҳам фаол иштирок этмоқда.

“Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остидаги мазкур тадбирда аҳоли тураржойлари, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ва болалар майдончалари тартибга келтирилмоқда. Шу билан бирга, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўкаламзорлаштириш юмушлари олиб бориляпти.

— Жойларда амалга оширилаётган катта ишнинг бошида “маҳалла еттилиги” астойдил турибди, — дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси   масъул ходими Тоҳиржон Каримов. — Уларнинг ҳар бири ўз ҳудудларида “кўчабай” усулида иш ташкил этиб, тозалик ва ободонлаштириш тадбирларининг юқори сифатли бажарилишини назорат қилмоқда. Айни мақсадда бошқармамизда тузилган мувофиқлаштириш штабида ҳашар жараёнлари ўрганилиб, таҳлил қилиб борилаётир.

Берилган маълумотга кўра, икки кун давом этадиган ҳашар доирасида вилоят бўйича 121 та аҳоли истиқоматгоҳи, 2663 та кўп қаватли уй, 417 мингдан ортиқ ҳовли, 342 та гузар, кўплаб хиёбон, зиёратгоҳ ва қабристонлар, бошқа жамоат жойлари ободонлаштирилади. Айни жараёнда 3,9 миллион тупдан кўпроқ дарахтлар оқланиб, ўзгалар ёрдамига муҳтож 19,2 минг кишининг уй-жойи тартибга келтирилади, 14480 боқувчисиз қолган ва ногиронлиги бор фуқаролар ҳолидан хабар олинади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер